Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабда зиёфат уюштирган директор ва ўринбосарлари ишдан кетди

Мактабда зиёфат уюштирган директор ва ўринбосарлари ишдан кетди

Фото: «Fiteria.ru»

Жорий йилнинг 19 март санасида Чироқчи тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаби директори П.А. бошчилигида мактаб жамоаси Наврўз байрамини нишонлаш мақсадида жамоа розилиги билан эллик минг сўм миқдорида пул йиғишади. Мактаб жамоасининг ўзаро келишуви асосида пул йиғиб байрам қилишига қарши эмасмиз.

Бироқ мактаб жамоаси бирор чойхонада эмас, балки ўзлари фаолият олиб бораётган таълим муассасасида базм уюштиришади. Байрам дастурхони тўкин сочин бўлиши табиий. Аммо мактаб жамоаси томонидан ташкил қилинган базму-жамшид маст қилувчи ичимликларсиз ўтмади. Энг ёмони бугунги пандемия вақтида жамовий йиғинларни тўхтатиб туриш керак бўлган бир паллада устозлар қуюшқондан бироз чиқиб кетишди. Нега дейсизми, мактаб фойесида базм уюштирган мураббийлар дастурхони «кўрки» спиртли ичимликларсиз бўлмади. Мана сизга савия, мана сизга ўша шарафли номни елкасида кўтарган устозлар... Афсус.

Бугун туман халқ таълими бўлими мудири бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари мактабда бўлган ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида мактабга боришди. Тарвузи қўлтиғидан тушган директор ва унинг ўринбосарлари қилган ишларидан изза бўлиб, ўз хоҳишларига кўра, эгаллаб турган лавозимларидан озод қилишини сўраб ариза ёздилар...

Сўнгги пушаймон ўзинга душман деб бекорга айтишмаган мактаб жамоаси қилган ишларидан пушаймон бўлиб, бош эгиб, мулзам бўлиб туришган бир вақтда бу инсонларга сиз қандай баҳо берасиз, деб ёзади Чироқчи туман халқ таълими бўлими мудири Ф.Жуманов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг