Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мажлисда қатнашмаган депутатлар ишдан кетади – лойиҳа

Мажлисда қатнашмаган депутатлар ишдан кетади – лойиҳа

Депутатлар огоҳлантириш олганидан кейин ҳам ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият (илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланган тақдирда уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари қонунчилик ташаббуси билан чиқишди.

Депутатларнинг мақоми тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, шунингдек, депутатнинг тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир календарь йил давомида ўттиз ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, шунингдек чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олган тақдирда ҳам уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Бу қоидалар Сенатда доимий асосда ишлайдиган сенаторларга ҳам тегишлидир.

Қонун лойиҳасида депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги учун уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган таъсир чоралари ҳам янада аниқлаштирилган.

Унга кўра:

– депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидаларини бузишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган ҳолда депутатга, сенаторга огоҳлантириш бериш;

– депутатдан, сенатордан тегишинча Қонунчилик палатаси, Сенат, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узр сўрашни талаб қилиш;

– депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига депутат, сенатор томонидан йўл қўйилганлиги фактини палата мажлисида ўқиб эшиттириш;

– депутат, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида халқ вакилларининг тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат бўйича бир кунлик иш ҳақи унинг розилигисиз ушлаб қолиниши ҳам кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси ялпи мажлисда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг