Маҳатма Гандининг қаҳри ва меҳри нимада эди?
Ўз тилингнинг рутбасини ўзга халқларнинг ўз тилига бўлган муносабати орқали ҳам билиш, англаш мумкин бўлади. Элпарвар инсоннинг илк фазилати тилпарварлигидир. Миллатнинг борлиги, бойлиги ва бутун борлиғининг белгиси давлат тилига бўлган эътибор ва эҳтиром илм-маърифатга меҳри устувор инсонларга хос. Бу борада истиқболли ислоҳотларнинг амалга оширилиши, Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон эътиборга молик. Эндиликда гап унинг ижросида. Фармонда кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Атамалар комиссияси бир қатор ижобий ишларни амалга ошираётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу ўринда ЎзФА Тил-адабиёт ва фольклор институти ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўргатиш ва малака ошириш марказининг ҳамкорликдаги фаолияти таҳсинга лойиқ.
Сўзимиз аввалида эътироф этганимиздек, фидойи, халқпарвар инсонлар ҳар бир даврда, ҳар бир халқда бор бўлган.
Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг раҳнамоларидан бири Моҳандас Карамчанд (Маҳатма) Гандининг 1916 йил 4 февралда Банорас шаҳридаги Ҳинд университетининг очилиш маросимида сўзлаган нутқи моҳият эътибори билан аҳамиятлидир. У ўз юртида ўз халқининг ҳақ-ҳуқуқларини талаб этиш руҳи билан суғорилган. Иқтидорли журналист Ҳасан Карвонли томонидан таржима қилинган ушбу нутқ дунёни ўзгартирувчи нутқлар сирасига киради. Бу тарихий нутқ мақомини олган бўлиб халқнинг эрки ва тили борасидаги оташин ва кескин фикрлар билан ажралиб туради.
Маҳатма Ганди ўз нутқининг аввалида кўп миллионли ҳинд халқининг ўз тили бўла туриб ўзга тил орқали мулоқотда бўлиши кераклигидан қаҳрланади. У ҳар бир тил имкониятларини билиб уларга ҳурмат сақлагани ҳолда, ўз халқининг миллий ғурурини устун қўяди. Ҳар бир тил ортида муайян халқ, миллат борлигини эътироф этиб уларга ҳурмат сақлаш умуминсонийлик ғояларига садоқат эканини ҳис этгани ҳолда, ўз халқига муҳаббати юқори эканлигини изҳор қилади. Унинг қаҳри она юртига меҳридан туғилади. Банорас шаҳридаги нутқини у шундай сўзлар билан бошлайди: «Шу муқаддас шаҳарда, ушбу йирик университет қошида бу оқшом ўз миллатдошларимга чет тилида мурожаат қилишга мажбур бўлганим ҳаммамиз учун ҳам ҳақоратли бир ҳолдир».
Ҳимоя, ҳамият, ҳомий сўзлари битта ўзакдан ясалгани бежиз эмас. Ўз халқининг ҳамиятини ҳимоя қилиш мурувватли ва муҳаббатли раҳбарларга хос. Ўз тилида фикр юритиш, сўзлаш фуқаролик бурчини англаш билан биргаликда юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаш ҳам демакдир. Халқнинг фахру ифтихори, айниқса, ўз тили юксак минбарлардан янграганида намоён бўлади. Узоққа бормайлик, муҳтарам Президентимиз БМТнинг Бош ассамблеяси 75 сессиясида олий минбардан ўзбек тилида мурожаат қилганларида ҳамма миллатдошларимиз ўша ғурурни туйди. Ҳатто қардош Афғонистон ўзбеклари раҳбари, маршал Абдурашид Дўстумнинг «БМТ тарихида илк маротаба мустақил Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади. Мен бундан шахсан ўзим ўзбек ўғлони ва афғонистонлик ўзбекларнинг раҳбари сифатида фахрланаман», — дея ғурурланиши ҳам бежиз эмас. Миллат тили билан ифтихор қилиш олижаноб фазилат.
Маҳатма Ганди халқининг ғурурини ўз тилининг улуғланишида кўриб шундай ёзади: «Декабрь ойида мен конгресснинг сессияларида қатнашдим. Залда бу ердагидан ҳам кўп одам бор эди, сизга фақат ҳинд тилида сўзланган нутқларгина уларнинг қалбини жунбушга келтирди десам ишонасизми? Ҳамма ҳиндчани биладиган Банорасда эмас, Бомбейда (ҳозирги Мумбай шаҳри 1995 йилгача Бомбей деб аталган шундай бўлган эди».
Ҳатто, хорижлик сайёҳнинг она тилимизда гапиришини кўриб меҳримиз ийишини ўйланг. АҚШ элчиси Даниел Розенблюмнинг ўзбек тилида гапириб шеър ўқиши ҳаммамизнинг эҳтиромимизни қозонишига сабаб бўлгани ҳам аён. Бу ўз навбатида халқларнинг ўзаро дўстлиги ва ҳамкорлигининг бошланиши учун муҳим омил ҳамдир.
Яна мавзуга қайтсак, даврада 100 та иштирокчи бўлиб иккитаси бошқа миллат вакили бўлса, рус тилида гапиришни одат қилган пайтларимиз ҳали ёддан чиқмаган. Маҳатма Ганди ҳам бундай ҳолатларнинг кўп гувоҳи бўлган кўринади. Шу хусусда кўп куйинган, шекилли, мана бундай ёзибди: «Аммо ҳинд тили ва Бомбей президентлиги шевалари ўртасида ҳинд ва инглиз тиллари ўртасидагичалик катта фарқ йўқ, шу боис конгресс мажлисларида ким ҳинд тилида гапирган бўлса иштирокчилар уни тўлиқ тушунишди. Университет бу ерга келувчи ёшларга уларнинг ўз она тилида билим бериш чораларини кўради деб умид қиламан».
Ўз тилига нописандлик билан қараган миллат вакилида ватан туйғуси, эл қайғуси бўлиши қийин. Инсоннинг ўзлиги учун кўзгу унинг сўзлигидир. Чунки унинг сўзи орқали савияси, тийнати ва қизиқиш доирасини билиб олиш мумкин. Нутқ хулқ ойнаси бўлгани каби инсонни ўзига қараб кутишади, сўзига қараб кузатишади. Абдулла Қодирий ўз тилига меҳр қўйиб, ҳар қандай ҳолатни ва нарса-ҳодисани ифодалашга етарли сўзлар ва уларнинг маънодошлари ҳам етарли эканини қайд этади. Тилимизни камбағал деювчиларнинг ўзи камбағал, ўз нуқсонларини тилга тўнкамасинлар мазмунидаги фикрлари бежиз эмас. Энг қизиғи, Маҳатма Ганди ҳам бу борада Абдулла Қодирийга ҳамфикр эканини сезиш қийин эмас. У шундай ёзади: «Тилимизда ўзимиз акс этамиз, шундай экан, агар сиз нозик фикрларни аниқ ифодалаш учун тилимиз ниҳоятда камбағаллик қилади дейдиган бўлсангиз, очиғини айтинг, бундан кўра ҳаммамиз битта қолмай қирилиб кетганимиз яхши эмасми?» Мана, тилпарвар, элпарвар инсоннинг ғазабнок қиёфаси, дил туғёни, қаҳрга эврилган меҳри. Ўз она тилининг қадрсизланишига йўл қўймайди у. Бу борада жон берса ҳам, ён бермайдиган фидойилардан эди у. Ерлик халқнинг ўз тили бўла туриб, ўзга тилни расмий тил билиши гўёки меҳмонга келган инсоннинг уйингизга келиб хонадон эгаси бўлиш даъвосини қилишига монанд. Бу эса хомхаёлдир. Одамзоднинг туққан онаси битта бўлишини, асло унутмаслик жоиз. Бу эса ҳар томонлама маҳаллий халққа машаққат етказишдан бошқа нарса эмас. Худди шу ўйлар, изтироблар исканжасида қийналган Маҳатма Гандини тушуниш мумкин. «Орамизда инглиз тили Ҳиндистоннинг миллий тили бўлишини хоҳлайдиган бирон киши борми? Халқимизга бундай қийинчиликнинг нима кераги бор? Бир он бўлса ҳам ўйлаб кўринг, бизнинг ёшларимиз билан инглиз ёшларининг шароити баробарми?»
Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг раҳбари фикридан шу нарсани уқиш мумкинки, тил шунчаки восита эмас. Унда товушлар силсиласидан тортиб сўз маъноларию талаффуз меъёрларигача ўша халқ табиати ва тийнатига хос унсурлар яширинган бўлади. Тил билан бирга истар-истамайлик, ўша халққа хос бўлган хислатлар ҳам оммалашади. Тил ва унинг замирида пинҳон бўлган маданият ҳам кириб келади. Хорижий тилларни билиш, ўрганиш кони фойда. Лекин биз хорижликка айланишимиз эмас, балки хорижий тилни биладиган ўзбек бўлиб қолишимиз керак. Акс ҳолда, миллий қиёфати ва маънавий қадриятларидан айрилган, ўзлигини йўқотган авлод пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам тил маданияти билан тафаккур маданияти ўзаро чамбарчас боғлиқ. Тил ва тафаккур, бошқача айтганда, бир танганинг орқа ва олд томонига монанддир. Ҳозирданоқ инглиз тилини ўрганаётган болаларда, ҳатто ўргатаётган ўқувчиларда ҳам инглизларга хос ҳаракат ва талаффуз, аниқроғи, тақлид ва такрорни сезамиз. Бу эса чўчитади, хавфсиратади, кишини. Бизга қилиғини такрорлаш эмас, тилни ўрганиш муҳим. Тилни чуқур билгандан кейингина моҳиятга етиб борилади. Тушунча тезликда англашилмаса, эпчиллик ўрнига гарангсиш ва карахтлик пайдо бўлади. Бу ҳақда Маҳатма Ганди мулоҳазаларига диққат қилайлик. «Бизни уддабурон эмассизлар деб айблашади. Умримизнинг қимматли йилларини ёт тилни ўрганишга сарфлашга мажбур бўлганимиздан кейин қандай уддабурон бўлайлик?…Биз фақат инглизча таълим оламиз. Албатта, бунинг таъсири сезилиб туради. Тасаввур қилинг, охирги эллик йил мобайнида биз ўз она тилимизда таълим олганимизда нималарга эришган бўлур эдик?» Бу Маҳатма Гандининг шахсий фикри ва эътирози, албатта.
Биз эса,
Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Ғайри тилини саъй қилинг билгали, ёшлар,
Ким илму ҳунарлар билонки андин аёндур.
Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг, фойдаи кондур, — деган маърифатпарвар адиб Аваз Ўтар фикрларига ҳамоҳангмиз. Шуни унутмаслик керакки, дунёга жаҳоний тилларни эгаллаш орқали чиқамиз. Бу борада ўз тилидан ташқари олтита тилни мукаммал билган ва луғат яратган Исҳоқхон Тўра Ибратдан ибрат олсак, ўринли бўлади. Яна шуни ҳам ёдда тутиш керакки, Ибрат тараққиёт ва таназзулни ҳис этиш асносида тизгинни маҳкам ушлаш зарурлигини эътироф этиб шундай ёзади: «Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир». Ўз тилини мукаммал билганлар ўзга тилларни ҳам тўғри ва тўла эгаллашади. Сабаби шуки, тилларни ўрганиш қиёсий тарзда, солиштириш асносида бўлади. Ўз тилига меҳри бўлмаган одамнинг ўзга тилларга ҳам меҳри устувор бўлиши қийин.
Тўғри, Маҳатма Гандининг мулоҳазалари ўша пайтлардаги жафокаш ҳинд халқини озодликка чиқариш ва чақириш йўлидаги тинимсиз ҳаракат ва ўй-фикрларининг ҳосиласи, албатта. Уни тушуниш керак ва тушунишимиз зарур ҳам. Халқ юрагига етиб борадиган сўз фақат она тилнинг жозибаси ва она алласи билан йўғрилган тилдагина бўлиши мумкин.
«Бугун озод Ҳиндистонда яшаётган бўлур эдик, одамлар маърифатли бўлур эди, аммо ўз уйидаги бегоналардек кўринмас, айтган гаплари ҳам халқнинг юрагига етиб борар эди, — дея давом этади Маҳатма Ганди, — улар камбағалу қашшоқларнинг орасида меҳнат қилган бўлур эди ва ушбу эллик йил ичида улар эришган ҳамма нарса миллат бойлигига айланар эди. Бироқ ҳозир, ҳатто аҳли аёлларимиз ҳам бизнинг энг яхши, илғор ғояларимизни тушунишдан ожиздирлар». Бу куюнч, бу армон аслида, ҳинд тили тақдири ва тарихига айланган халқнинг қалб нидосидир.
Башариятнинг бойлиги, борлиғи, борлиги ва бирлигига мезон бўлган барҳаётлик белгиси икки тушунчага таянади. Булар эл ва тилдир. Ҳар иккаласи бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, элни тилсиз, тилни элсиз тасаввур қилиш, асло мумкин эмас. Эл ҳам, тил ҳам ҳимояга муҳтож. Унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва рутбаси, софлиги ва тўғрилиги учун курашиш, аниқлиги ва қўлланиш доираси билан қизиқиш фуқаролик бурчини чинакам ҳис этиб ватан тақдири, юрт қисматига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган инсонларда бўлади. Тил ва эл ҳимояси жон ва таннинг ҳимояси каби муҳим.
Ҳинд халқининг буюк фарзанди ўз халқининг ҳамияти, шарафи ва тили учун фидойилиги барчага ибрат бўлиши муқаррардир. Элнинг эъзози тилнинг эҳтироми билан доимо уйғун. Ҳар иккаласига мансублик ва масъуллик эрк деган тушунчанинг намоён бўлишидир.
Худди шу маънода, Давлатимиз раҳбарининг «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак», — деган фикрлари ҳаёт учун йўлланма, тараққиёт учун қўлланма бўлиши шарт.
Қайнар булоқнинг зилол сувига ташналик табиий ҳол. Сув экиннинг жони ва қони бўлса, сўз инсоннинг армони ва мояйи дармонидир. Ҳар иккаласи ҳам инсониятга зарур. Сув танага озиқ, сўз эса руҳиятга. Маърифатга ошна, маънавиятга ташна қалбларнинг тилимизга, қадриятларимизга меҳр-муҳаббати юқори бўлади. Эътиборнинг эҳтиромга, эҳтиромнинг эъзозга айланиши фуқароларимизнинг давлат тилига бўлган муносабатига боғлиқ. Бу эса чин маънодаги инсоний ва виждоний бурчимиз бўлиши табиийдир.
Зероки, Президентимиз таъбири билан айтганда, «Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир».
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Баҳриддин Муқимов, ТИҚХММИ ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter