Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лувр ўғирланган санъат асарлари билан тўлдирилганини билармидингиз? (фото)

Лувр ўғирланган санъат асарлари билан тўлдирилганини билармидингиз? (фото)

Фото: «imgur.com»

Лувр дунёдаги энг катта ва энг қадимий музейлардан биридир. Париждаги ўзига хос ойнаванд пирамидасимон ушбу иншоот ўзида қарийб 380 минг буюм ва 35 минг санъат асарларини жамлаган.

Аммо унинг ўтмиши қизиқ синоатларга бой. Боиси музейдаги аксарият санъат асарлари ўғирлаш ва тортиб олиш йўли билан қўлга киритилган. Наполеон Бонапарт дастлаб ҳарбий генерал сифатида, сўнгра императорлик даврида босиб олган ҳудудларидан минглаб гўзал суратлар, ҳайкаллар ва санъат буюмлари олиб келган. Хуллас бу ҳали ҳаммаси эмас. Қуйида Лувр тарихи ва ундаги ўғирланган санъат асарлари қандай шакллантирилгани ҳақида маълумот берамиз.

Лувр бир пайтлар қалъа эди

Лувр дунёдаги энг катта музейга айланишидан олдин, ўрта асрларда Парижнинг Сена ҳудудини ҳимоя қиладиган қалъа эди. XII асрда Филипп II бошчилигида қурилган бу қалъа 98 фут баландликдаги минорани ўз ичига олган ва атрофи ўралган бўлган. 14 асарда фортификация қилинган ва бугунги кунда сиз пастки қаватларда асл бинонинг қолдиқларини кўришингиз мумкин.

Кейинроқ Лувр саройга айланди

14 асрда қирол Франсуа I янги сарой қуриш мақсадида қалъани бузиб ташлади. Уйғониш даври услубидаги бино ўзининг услубига монанд қад ростлади. Чунки у ниҳоят ўз кўринишида француз маданиятини ифодалай бошлаганди.

Қироллик унинг атрофида қарийб 1 аср давомида янги бинолар ва ободонлаштириш ишларини олиб борган.

Қирол Леонардо да Винчини олиб келди

Қирол Франсуа санъатга бўлган муҳаббати туфайли Уйғониш даври рассоми Леонардо да Винчини сарой рассоми, меъмори ва муҳандиси бўлиш учун таклиф қилди. ClosLuce қасрида яшаган Леонардо да Винчи 1516 йилдан то вафоти – 1519 йилгача Францияда қолди.

Мона Лизанинг таништирилиши

Қиролнинг рассоми сифатида яшаган пайти Леонардо да Винчи «Флоренциялик хоним»ни чизди ва 1517 йилда Clos Luce қасрини зиёрат қилган Кардинал дъАрагонга тақдим этди.

Албатта, бу расм дунёдаги энг машҳур санъат асарларидан бири Мона Лиза сифатида танилган.

Мона Лиза «саёҳати»

Қирол Франсуа Мона Лизани Лувр ташқарисидаги саройларида айлантириб, охир-оқибат яна қайтариб олди. Расм қироллик салтанати қулаганидан кейин музейдан жой топди.

Наполеон Бонапарт ҳокимиятга келганида суратни ётоқхонасига осиб қўйганига қарамай, унинг жойи асосан Луврда жойлашган эди. У ерда сурат ҳар йили минглаб меҳмонларни ўзига жалб қилган.

Халқ музейи

1789 йилдаги Франция инқилобидан кейин Лувр саройи бир муддат қаровсиз қолдирилди. Мамлакат Миллий Мажлиси бинони ҳукуматга топширади. Ҳукумат эса, асрлар давомида қирол оиласи томонидан тўпланган барча санъат асарларини оддий халқ томоша қилиши учун уни халқ музейига айлантирди.

1793 йил Лувр музей сифатида очилганида унинг экспонати 500 дан ортиқни ташкил этган.

Ўғриликларнинг бошланиши

Катта бино учун 500 та санъат асари жуда камлик қилар эди. 1794 йил Белгия ва Германияда Фламанд рассомлари, жумладан Питер Пол Рубенс, Энтони Ван Дейк ва Гаспар де Крэер ўз асарларидан воз кечишга мажбурланди. Миллий конвенция рассомлар ишларини ўғирлаш учун биноларни, черковларни талон-тарож қилди.

Ўғирланган асарлар орасида Микеланжелонинг «Брюсел Мадоннаси», Хуберт ва Ян ван Эйкнинг бир қатор нодир асарлари бўлган.

Наполеон ҳокимият саҳнасига келди

Наполеон Бонапарт Италиядаги француз қўшинларининг генерали бўлганида, талончиликка ҳам қўл урган. У 1796 йилда Италияни кесиб ўтиб, Антонио да Коррегжио, Рафаел, Микеланжело, да Винчи ва бошқаларнинг асарларини тортиб олди.

Наполеон Бонапарт Пиацензада 20 та сурат олган, яна 20 та расмни Миланда тўплаган, сўнгра яна 100 та санъат асари – ҳайкаллардан тортиб гулдонларгача Балония шартномасида қўлга киритган.

Асарларни йиғиш

Наполеоннинг одатига кўра ҳар қандай сулҳда санъат асарларига эга бўлиш мажбурияти киритилган. У энг яхши нарсалардан бирини олмагунича тинчлик келишуви бўлмаган. Маълумотларга қараганда у бир йил ичида Ватикандан 500 та қўлёзмани ва Толентино битими билан эса, 300 та антик давр асарларини ўз билан олиб кетади.

Асарлар орасида Гуерчинонинг «Санкт Петрониланинг дафн этилиши», Рафаелнинг «Ўзгариш» ва Паоло Веронесеснинг «Каъна тўй маросими» кабилар бор эди. Бугунги кунда ҳам мазкур асарлар Луврда сақланмоқда.

Италия санъатини йўқ қилиш

Наполеон Верона ва Венецияга босқинчилик ҳаракатларини давом эттирди. 1797 йил Кампо Формио битимини имзолашда Италия шаҳарлари французларга янада кўпроқ санъат асарларини тақдим этишлари шарт бўлган.

Кўпгина санъат асарлари Францияга юборилган. Наполеон Санкт Марк майдонидаги қанотли шерни ва Бассиликанинг тўртта мис отини Лувр рўпарасидаги Ark de Triompe du Caroussel'га жойлаштиради.

Лекин бугунги кунда Ark de Triompe du Caroussel устидаги тўртта мис отлар асл нусха эмас. Уларнинг асли 1825 йили Венецияга қайтарилган.

Наполеоннинг кейинги юриши — Миср

Наполеон Италиядаги муваффақиятли талончилигидан сўнг эътиборини Мисрга қаратади. У Мисрда топилмаларнинг қийматини аниқлашга ёрдам берадиган олимлар ва рассомларни ўзи билан олиб юриб, минглаб қадимий буюмларни тўплаган.

Уларнинг ичида энг ноёби Росетта тош лавҳи эди. Ушбу топилманинг аҳамияти — айнан у Миср иероглифларини тушуниш учун калит вазифасини ўтаган. Тош лавҳ Луврда 1801 йили намойиш этилган.

Ўғрини қароқчи уриши

Наполеон Лувр учун Мисрдан жуда кўплаб бойлик ва санъат асарларини ташиб кетган бўлса-да, ҳозир музейда уларнинг кўпи йўқ. Тўғри, 1798 йилдан 1801 йилгача французлар ҳукмдори кўплаб буюмларни тўплаган. Аммо инглизлар Францияни мағлубиятга учратганларида Росетта тоши ва ўғирланган Миср экспонатларининг кўп қисмини Британия музейига олиб кетишган.

Давоми бор.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг