Лукашенконинг Польшани оёққа турғазган баёноти «ҳазил» бўлиб чиқди
Беларусь раҳбари Александр Лукашенко «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати жангчилари Польшага «экскурсия»га боришни режалаштираётгани ҳақидаги таҳдидли баёноти ҳазил эканини маълум қилди. «Вагнер»чиларнинг катта қисми Евгений Пригожин бошчилигидаги ғалаёндан кейин Беларусга жойлашгани маълум.
Аввал хабар берганимиздек, Лукашенко 23 июль куни Санкт-Петербургда президент Владимир Путин билан учрашган.
Лукашенко гап орасида «вагнер»чилар Польшанинг Жешув шаҳрига «экскурсия»га борамиз деб қўймаётганини қистириб ўтар экан, уларнинг «феъли айниб турган»ини ҳам писанда қилган.
Расмий шахс оғзидан чиққан ушбу таҳдидли баёнот Европа Иттифоқи, хусусан, Польшада хавотир билан қарши олинди.
Бу орада Польша бош вазири Матеуш Моравецкий «Вагнер»нинг Беларусдан қўним топган 100 нафар ёлланма жангчиси Польша ва Литва чегарасидаги Сувалски коридорига яқинлашаётгани ҳақида баёнот берди. Моравецкий «вагнер»чилар Беларусь чегарачилари ниқобида ноқонуний муҳожирларни ўтказиш орқали Польшадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишини айтган. У, айни чоқда, Беларусни гибрид ҳужум уюштиришда айблаган.
Кеча, 1 август куни Брест вилоятида аҳоли вакиллари билан учрашган Лукашенко «вагнер»чиларнинг Польшага экскурсияси ҳақидаги гап ҳазил эканини маълум қилган.
«Вагнер»чилар Жешув шаҳрига экскурсияга борамиз дея ўзаро шивирлашяпти деган гапим ҳазил эди. Гап шундаки, «вагнер»чилар Артёмовск яқинидаги жангларда минглаб аъзосини йўқотган. (Артёмовскка) қурол ва техника эса Жешув орқали ўтган. Улар буни асло кечирмайди», – деган Беларусь раҳбари.
Лукашенко агар у йўлдан қайтармаса, «вагнер»чилар Жешув, ҳатто пойтахт Варшавага ҳам бостириб бориши мумкинлигини иддао қилган. Шунга кўра Польша ҳукумати унга раҳмат айтиши кераклигини уқтирган.
Кейинги вақтларда Россия ҳамда Беларусь расмий доираларида Польшага ҳужум борасида «билса ҳазил, билмаса чин» қабилидаги баёнотлар кўп янграмоқда. Россия собиқ президенти, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳатто Польшани йўқ қилиш билан таҳдид қилган.
Таҳлилчиларга кўра, Москванинг Варшавага душманона муносабати кучайгани бир неча омил билан изоҳланади.
Биринчидан, Украинага Ғарбдан етказилаётган қурол-аслаҳанинг асосий қисми Польша ҳудуди орқали ўтмоқда. Қолаверса, расмий Варшава уруш бошланганидан буён Россияга қарши муросасиз сиёсат юритмоқда. Сиёсий босим орқали эса Кремль Варшаванинг ҳовурини босишга уринмоқда.
Иккинчидан, ўтган ойда юз берган Пригожин қўзғолонидан кейин президент Путин сиёсий етакчи сифатида оғир жароҳатланди, жиноятчи тўда билан сулҳ тузишга мажбур бўлган Кремль хўжайини жамоатчилик кўз ўнгида заиф эканини фош этиб қўйди. Польшага қарши таҳдидли риторика ортида Путиннинг обрўсини яна кўтаришга уриниш турибди.
Учинчидан, жорий йил кузда Польшада парламент сайлови бўлиб ўтади. Путин ва Лукашенко эса даҳанаки жанг, пўписалар орқали Польшадаги сайлов жараёнига таъсир ўтказиш, электоратни қўрқитиб қўйишга ҳаракат қилмоқда.
Аммо аксар таҳлилчилар Россия ва Беларусь амалда Польша ҳудудига дахл қила олмайди деган фикрда якдил. Негаки, НАТО аъзоси бўлган Польша ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиш Шимолий альянснинг 31 давлатига қарши уруш очиш билан баробардир. Ҳозирги шароитда эса икки иттифоқчи давлат бунга журъат қила олмайди.
Шунга қарамай, Польша империячилик васвасасига тушган қўшни давлатнинг таҳдидларини шунчаки ҳазил деб қабул қилаётгани йўқ. Варшава Украина уруши ортидан мудофаа йўналишидаги харажатларни 11 фоизга оширган. Мамлакат яқин икки йил ичида Европада энг кучли армияни шакллантирмоқчи.
Бир неча ой аввал эса Польша ҳукумати Россия ва Беларусь билан чегарада хавфсизлик чораларини кучайтириш, жумладан, мудофаа тўсиқлари ўрнатишга киришган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter