Ливияда урушнинг янги босқичи, Хафтар кучлари пойтахтга яқинлашди
Ливия миллий армияси қўмондони маршал Халифа Хафтар Ливия пойтахти Триполи сари юриш бошлади.
Юриш давомида Халифа Хафтар қўл остидаги кучлар БМТ томонидан қўлланилаётган миллий бирлик ҳукуматини ағдаришни мақсад қилган. Қўмондон ўз юришини «Триполини озод қилиш бўйича операция», деб номлаган.
Хафтарнинг кучлари пойтахтни эгаллаш мақсадида жануб ва ғарбдан яқинлашди. Кеча Триполидан 80 километр узоқликдаги Гарян шаҳри қўлга олинди. Шундан сўнг пойтахтга етишга 60 километр қолганда тунги ҳордиқ учун тўхталган.
2014 йилда Хафтар собиқ ҳукмдор Каддафига содиқ бўлган кучларни атрофида тўплаган ва шарқдаги Бенғози шаҳрини қўлга киритган эди. Шундан сўнг мамлакат жанубидаги бой нефт конлари унинг назорати остига ўтган.
Халқаро кузатувчилар Хафтар тимсолида «янги Каддафи»ни кўришмоқда. Уни Миср ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари қўллаши айтилмоқда.
Бугун БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтган ва шошилинч тарзда Ливиядаги ҳолат муҳокама қилинди. Кенгаш Буюк Британия ташаббуси билан ташкил этилган ва ёпиқ ҳолда ўтказилди. Хабар қилинишича, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш шахсан Хафтар билан учрашишни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Ливияда фуқаролар уруши келиб чиққан эди. Унга кўра мамлакатни 1969 йилдан буён бошқариб келган полковник Муаммар Каддафи ағдарилган ва ўлдирилганди. Унга қарши бўлганлар сафида Франция, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар коалицияси кураш олиб борган.
Бугунги кунда Ливияда қўшҳокимлик юзага келган. Шарқда, Тобрук шаҳрида парламент бошқаруви ташкил этилган, ғарбда, Триполида эса миллий келишув ҳукумати амалда бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter