Қашқадарёда «Ласетти» ҳарбий машина билан тўқнашди, 3 киши ҳалок бўлди
Бугун, 26 ноябрь куни тахминан соат 8:05 ларда Шаҳрисабз-Қарши автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини фавқулодда комплекс текширувдан ўтказиш режасига мувофиқ, ҳарбий автомобиллар колоннаси ўқув-машғулотлар ўтказиш ҳудуди томон йўл олаётган эди. Юқорида қайд этилган йўл чорраҳасидаги ҳаракат ҳарбий автомобиль инспекцияси ходимлари томонидан тартибга солинаётган эди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, инспекторлар ҳаракатни тақиқлашга ишора қилганига қарамай, давлат рақами «70 U 110 MA» бўлган «Ласетти» русумли автомобиль ҳаракатланишда давом этган. Натижада у «ЗИЛ-131» русумли ҳарбий юк машинаси билан тўқнашиб кетди. Уч киши — енгил автомобиль ҳайдовчиси ва икки йўловчи ҳалок бўлган, «Ласетти»нинг яна бир йўловчиси жароҳат олган.
Жабрланган фуқарога ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатилди, ҳозирда унинг ҳолати барқарор ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter