Шимолий Кореяда 14 январь куни ҳарбий парад ўтказилди — «дунёдаги энг кучли қурол» намойиши
Кеча, пайшанба 14 январь куни Шимолий Кореяда ҳарбий парад ўтказилди. Йўқ, уларда бу кун Ватан ҳимоячилари куни эмас — ҳарбийлар Корея Меҳнат партияси VIII съезди шарафига КХДР қандай қудратга эгалигини дунёга кўрсатиб қўймоқчи бўлишди.
Пхеньяндаги парадда, хусусан, сув остида жойлаштириладиган стратегик баллистик ракеталар намойиш этилди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар тарқатди.
«Дунёдаги энг кучли қурол — сув остида жойлаштириладиган стратегик баллистик ракеталарни намойиш қилиш орқали КХДРнинг инқилобий қуролли кучлари қудрати кўрсатилди», — дейилади КМТА хабарида.
Ҳарбий парад томошаларини КХДРнинг «янгиланган» етакчиси Ким Чен Ин (энди у ҳам бобоси ва отаси каби партия Бош котиби) бошқарди.
КМТА хабарида парадда тактик ракеталар ва ўзиюрар артиллерия қурилмаларининг янги намуналари ҳам намойиш қилингани айтилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter