«Kundalik.com»га аъзолик ихтиёрий» – ХТВ ота-оналарга эслатма билан чиқди
«Kundalik.com» тизимига обуна бўлиш ота-оналар учун ихтиёрий саналади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги эслатмоқда.
Вазирликка кўра, фойдаланувчилар тўғрисидаги барча маълумотлар «Ўзбектелеком» серверларида сақланади. Бу эса ўқув жараёнларига алоқадор барча иштирокчиларнинг шахсий маълумотлари ишончли ҳимояда эканлигини англатади.
«Мазкур тизимнинг афзалликлари шундаки, бу орқали, аввало, ўқитувчининг вақти тежалади, уларга электрон журналдан фойдаланиш бепул тақдим этилади. Мисол сифатида айтиш лозимки, қатор ривожланган мамлакатлар ўқитувчилари бунинг ёрдамида ҳар чоракда 20 соатдан ортиқ иш вақтини тежайди. Мазкур тежалган вақтни эса ўқитувчи болалар билан ижодий шуғулланишга ёки қўшимча ўқув материалларини ўзлаштиришга сарфлаши мумкин», – дейилади вазирлик маълумотида.
Қайд этилишича, «Kundalik.com» лойиҳаси тўлиқ инвестиция маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, дастурий маҳсулотни яратиш, уни мактабларга жорий этиш, сақлаш ва ривожлантириш учун бюджет маблағлари сарфланмайди.
Мазкур электрон кундаликнинг нархи жорий йил учун 8 минг сўм (2020 йилда 9,2 минг сўм, 2021 йилда 8,6 минг сўм) этиб белгиланган.
Мазкур тизим ота-оналар учун қатор қулайликларни яратади. Жумладан, онлайн тарзда:
- фарзандларининг дарсга қатнашаётгани;
- дарсни қай даражада ўзлаштириб бораётгани;
- эртанги кунги уй вазифалари хусусида тезкор маълумотларга эга бўлиши мумкин.
Kundalik.com — рақамли таълим платформаси бўлиб, ўқитувчилар учун онлайн режимда дарсларни режалаштириш, дарс ишланмаларини тузиш, ўқувчиларнинг давомати ва ютуқларини журнал ҳамда кундаликнинг электрон шаклларида юритиш имконини яратади. Унинг ёрдамида статистик ҳисоботлар автоматик тарзда юритилади ва қўлда ёзиш шарт эмаслиги боис вақт беҳуда сарфлашнинг олди олинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter