Крипто-активларни қонунга хилоф равишда олганлик учун жавобгарлик белгиланди
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–899-сон, 19.01.2024 й.) билан бир қатор кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, қуйидагиларга нисбатан жавобгарлик белгиланди:
Мобиль қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчининг рухсатисиз ўзгартириш, худди шунингдек ушбу мақсадда махсус дастурларни ишлаб чиқиш, тарқатиш ёки улардан фойдаланиш БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли мусодара қилинади.
Абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонуний ишлаб чиқарувчининг ёки унинг қонуний эгасининг рухсатисиз ўзгартириш ёки унинг нусхасини яратиш ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролини мусодара қилиб, БҲМнинг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда крипто-активларни ҳамда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари мусодара қилинади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Майнинг фаолиятини белгиланган тартибни бузган ҳолда амалга ошириш, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, 5 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аноним крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш, крипто-активларни ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролларини мусодара қилиб, мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter