«Корзинка» ходими коронавирусга чалинган одам билан мулоқот қилганини билгач, дарҳол давлат органларига хабар берди
«Корзинка» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов томонидан хабар қилинишича, Сарикўлдаги маркет ходимларидан бири коронавирусга чалинган одам билан мулоқот қилган. У бу ҳақда билгани ҳамоно уйидан чиқмаган ва тезда ҳамкасблари ҳамда раҳбариятга бу ҳақда хабар берган.
Тадбиркор шундан сўнг дарҳол кўрилган чора-тадбирлар ҳақида ўз каналида маълумот берди.
— Карантин шароитларидаги турли хавф-хатарларга қарши кўраётган чораларимиз ва маркетларимиз фаолияти ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Балки бизнинг тажрибамиз шундай даврда бошқа корхоналарга ҳам фаолиятларида асқотар.
Барча корхоналар ўз ходимларига ўзларини қандай тутишлари кераклигини етказиш учун айнан ҳозир муҳим палладир. Уларнинг онгига, вазиятни тўғри таҳлил қилишига жуда кўп нарса боғлиқ.
1. 22 март тонгида билдикки, Сарикўлдаги маркетимиз ходимларидан бири коронавирус аниқланган шахс билан мулоқотда бўлган.
2. Ходимимиз эса ўз уйидан чиқмай, ҳолатдан воқиф бўлгач, дарҳол бизга хабар берган.
3. Биз эса шу заҳоти маркетни ёпдик ва давлат органларига хабар қилдик.
4. Тез орада маркетга шаҳар санитария ва эпидемиология назорати ва бошқа масъул хизматлар ходимлари келишди. Уларнинг профессионаллиги ва ўз ишларини пухта бажариши бизни лол қолдирди. Бутун жараён қатъий қоида ва тартибга кўра ўтказилди.
5. Маркетнинг барча ходимлари, хусусан, дам олишда бўлганлар ҳам бир соат ичида зудлик билан тўпланди. Уларнинг барчасидан коронавирусга чалинмаганлик бўйича анализлар олинди. Натижалар 23 март куни кечаси чиқиши керак эди. Сўнг маркетнинг бутун жамоаси икки ҳафталик карантинга юборилди.
6. Маркетда катта тозалаш ишлари ва чуқур дезинфекция амалиёти олиб борилди. Буларнинг бари шаҳар санитария хизматининг қатъий назорати остида амалга оширилди.
Ҳа, айтганча, бир нарсани унутаёзибман, бугун эрта тонг маҳали биз бутун маркет ходимларининг тест натижаларини олдик, улар орасида бемор билан мулоқотда бўлган ходим ҳам бор. Барча натижалар салбий — коронавирусни инкор этади. Ура!!!
Лекин барибир ходимлар жамоасига карантин учун таътил қайд этганимиз сабабли энди янги смена ишга киришади.
Айни чоғда супермаркет учун ишчиларнинг янги жамоаси тезкор мослашув жараёнидан ўтмоқда. Эртадан эса Сарикўлдаги маркетимиз харидорларга ўз эшикларини яна кенг очади.
Шу боисдан мен санитария-эпидемиология хизматларининг барча врач ва ходимларига, «Корзинка» тармоғининг барча ходимлар жамоасига ва шунингдек, бундай мушкул кунларда ишлаётган ва бизнинг ҳаммамизни зарур хизмат, керакли нарсалар билан таъминлашда давом этаётган тиббиёт вакиллари, чакана савдо ишчилари, бозорда ишлаётган сотувчилар, дорихона ва ёқилғи қуйиш шохобчалари ходимларига, барча-барча соҳа ва тармоқлар ишчиларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчи, қўллаб-қувватловимни етказмоқчиман.
Бизнинг ходимларимиз — суянса, ишонса бўладиган малакали мутахассислар жам бўлган ҳақиқий уюшқоқ жамоадир ва мен бу учун улардан миннатдорман.
Ҳозир биздаги энг бебаҳоси — бу ҳалоллик ва очиқликдир. Биз фақатгина шу йўл билан пандемия ҳамласи устидан ғалаба қозона оламиз.
ПС. Бизнинг янги логомиз (тимсолимиз) харидорларимиз харид вақтида хавфсиз оралиқ масофага риоя қилишларини эслатиб туради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter