Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ботир Орифжонов «LeBazar»даги улушини Зафар Ҳошимовга сотди

Ботир Орифжонов «LeBazar»даги улушини Зафар Ҳошимовга сотди

Ботир Орифжонов «LeBazar»даги улушини Зафар Ҳошимовга сотгани ва компания таъсисчилари рўйхатидан чиққанини маълум қилди. Битим суммаси очиқланмаган.

«Бу қарор менда маълум вақт давомида пишиб келди десам бўлади. Ҳамкорлигимиз даврида биз кўтарилиш ва пасайиш, яхши ва ёмондан иборат бўлган қизиқарли даврларни бошдан кечирдик…

Мен бизнесга боғланмасликка ўрганганман ва қарор қабул қилишим керак бўлганда, мен буни соф фойданинг совуқ мантиғи асосида қабул қиламан.

Шеригим ва жамоамга келгусида бизнес янада ривожланишини тилайман, мени эса янги лойиҳалар кутмоқда ва бу ҳақда тез орада маълум қиламан», деб ёзади Ботир Орифжонов.

Ушбу ҳамкорлик тарихи ҳақда Зафар Ҳошимов ҳам пост қолдирди:

«2016 йил ёз фасли бошида Ботир Орифжонов ФБда Тошкентга қайтаётгани ҳақида пост ёзган эди. Уни ўқиб чиққандан сўнг, мен дарҳол у билан маслаҳатлашмоқчи эканлигимни шахсий саҳифасига ёздим.

Мен уни электрон тижорат устаси сифатида билардим. Айтишга осон, лекин 2000 йиллар бошида PAYNET тизимини яратган шахс, яъни бизнинг Ботир, чинакам афсонага айланиб бўлган эди.

Шу билан бирга, «Корзинка»да, 2005 йилдан бери мамлакатдаги биринчи онлайн озиқ-овқат дўконини яратганига қарамай, тармоқнинг онлайн савдосининг ривожланиши ҳамон суст эди. Бу йўналишни ривожлантириш учун алоҳида истеъдод ва кўникма зарурлиги яққол кўриниб турарди ва бу соҳада Ботирдан зўр йўлбошини тасаввур қилиш қийин эди.

Биз учрашиб, суҳбатлашдик ва натижада қўшма лойиҳамиз – «LeBazar» пайдо бўлди.

Мана, беш ярим йил ўтиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз, Ботирнинг дунёқараши ва истеъдоди туфайли «LeBazar» каби қулайлиги, хизмат кўрсатиш сифати билан бозорда кенг танилган мамлакатнинг энг етакчи электрон тижорат лойиҳаси рўёбга келди. Корхона дадил оёққа туриб олди, муваффақиятли ривожланмоқда ва ўз олдига янгидан янги мақсадлар қўймоқда. Лойиҳани профессионал ва яхши ўқитилган жамоа бошқариб келяпти. Буларнинг барчаси, албатта, Ботирнинг хизмати.

Ўтган йилнинг охирида Ботир лойиҳадан чиқишга қарор қилди ва бугун биз унинг бизнесдаги улушини олди-сотди қилиш бўйича шартнома имзоладик. Бизнес йўлларимиз тарқаганидан қанчалик афсусланмайлик, биз ҳамкорларнинг бизнес устуворликлари турли соҳаларда ривожланиши мумкинлигини яхши тушунамиз. Муҳими, дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч ришталари ҳамон мустаҳкам бўлиб қолаётгани.

Мен «LeBazar» жамоаси номидан ва шахсан ўз номимдан Ботирга ҳозирги «Astrum Academy» лойиҳасида ҳамда бошқа барча жорий ва келажакдаги лойиҳаларида катта муваффақиятлар тилайман».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг