Короновирус дилеммаси: Европада инсон ҳуқуқлари ва инсон соғлиғи ўртасидаги танлов
Охирги янгиликларига кўра, коронавирус пандемиясидан энг кўп зарар кўраётган Испания ва Италияда қурбонлар сонининг ўсиши секинлашган. Ҳар икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари буни ўз ҳукуматлари қўллаган қатъий карантин чораларининг ижобий натижаси эканини қайта-қайта таъкидлашмоқда. Ушбу «оралиқ ғалаба» ғарбда «инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг поймол бўлиши» деб бонг урилаётган босимни енгиллатиш учун такрор-такрор таъкид этилмоқда десак, хато бўлмайди.
Бир неча ҳафта илгари расмий Мадрид ва Рим томонидан қўлланилган қатъий карантин чораларини кўплаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари ва фаол жамоатчиларнинг жиддий танқиди остига олганди. Шундоқ ҳам карантин режимини эълон қилишдан ҳам олдин қонун чиқарувчилар ҳуқуқий можаролардан ўтишга мажбур бўлишганди. Баҳс-у тортишувлар натижасида йўқотилган бир неча ҳафтада эса коронавирус таъсир доираси кенгайиб улгарди.
Хусусан, Италияда коронавирус билан боғлиқ биринчи ҳолат 2020 йил 31 январ куни аниқланган (инфекция хитойлик саёҳларда топилган). Февраль охиригача эса Италия коронавирус юқтирган одамлар сони бўйича дунё бўйича иккинчи ўринга чиқди. Шунга қарамай, бу давлатда карантин чоралари 10 мартга келибгина эълон қилиниб, 11 март кунидан қўлланилиши бошланди. Бунда ҳам кўплаб италияликлар белгиланган тартибга риоя қилишга шошилгани йўқ. Натижада Италия Вазирлар кенгаши (24 март) карантин қоидаларини бузганлик учун 400 евродан 3 минг еврогача жарима жазоси белгилашга мажбур бўлди. Зеро, жазо чоралари кучайтирилмагунча мамлакатда инфекция юқтирганлар сони ҳам, бу балодан вафот этганлар миқдори ҳам кун сайин ошиб бораётганди.
Экспертлар фикрига кўра, қатъий чоралар Италияда февраль ойининг бошидаёқ, коронавирус инфекцияси жиддий таҳдидлиги аён бўлганида қўлланилмаганига мазкур соҳадаги оид қонунчиликнинг ўта заифлигидир. Боккони университети профессори А.Ведашининг фикрича, Италия Вазирлар Кенгаши президенти (ижроия ҳокимият раҳбари) қўллаган карантин чоралари мамлакат конституциясининг фуқаролар эркинликларига оид аксар нормаларига зид. Бироқ, бугунги таҳликали вазият Италия конституциясини фавқулодда ҳолатларга мослаштириш, унга ҳукумат ваколатларини ошириш бўйича нормалар киритиш масаласи кун тартибига чиқади.
Мутахассисларининг фикрига кўра, Европанинг 47 та мамлакати (шу жумладан Испания ва Италия ҳам) Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 15-моддасига мувофиқ «уруш ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда, миллат ҳаётига таҳдид соладиган ҳолатларда» фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқини қўллашлари мумкин. Ушбу моддани ҳозирча (коронавирус пандемияси даврида) фақатгина Арманистон, Эстония, Грузия, Латвия, Молдова ва Руминия ҳукуматлари қўллаган, холос. Бошқа Европа мамлакатлари ўз миллий қонунчилиги доирасида ва аксар ҳолларда, карантин чораларини қўлламасдан ҳал этишга уринишмоқда. Аммо бундан самарали натижа чиқаётгани йўқ.
Европада энг енгил чоралар Швеция ҳукумати томонидан қўлланилмоқда: бу мамлакатда фуқароларга бир жойда 50 кишидан ортиқ одам тўпланмаслик талаби қўйилган, холос. Расмий Стокгольмга кўра, ҳукумат аҳолига коронавирус юқтириб олмаслик бўйича тавсиялар бериш билан чекланиши керак. Бу, албатта, вужудга келган хатарли вазиятда баттар салбий оқибатларга олиб келмоқда. Хусусан, 29 мартгача инфекция сабаб Швециянинг 110 нафар фуқароси вафот этган бўлса, 5 апрелга қурбонлар сони 401 нафарга етди. Буюк Британиянинг «YouGov» нашрининг 1 апрель кунги маълумотларига кўра, коронавирус натижасида ўлим ҳолатларининг аҳоли жон бошига нисбатан кунлик ошиши бўйича Швеция 5-ўринга кўтарилган (тўртликни мос равишда Италия, Испания, Франция ва Буюк Британия эгаллаган).
Европанинг етакчи нашрлари бўлган «Politico» мухбирлари ёзишича, «Швецияда ҳолат таҳликали. Кунлик коронавирусга чалинганлар сони аниқланиши ҳолатлари кўпайиб бормоқда». Энг ёмони, мутахассислар фикрига кўра, коронавирусга текшириш ишлари олиб борилмаганлиги сабаб асл ҳолат бундан ҳам ачинарли бўлиши мумкин.
2020 йил 16 апрель ҳолатига кўра, инфекция бутун дунё бўйлаб 2 млн. нафардан инсонга юқиб, 130 мингдан зиёд кишининг умри завол бўлди.
Ривожланган иқтисодиёти ва кучли либерал давлатчилик анъаналарига қарамасдан дунёнинг манаман деган давлатларида бундай аянчли ҳолатнинг боиси нимада? Фавқулодда юз берадиган ҳолатларга тез ва самарали чораларни кўра олмаганликнинг энг асосий сабаби уларнинг қонунчилигида ушбу тор соҳада кўплаб жиддий муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Шубҳасиз, барча давлатлар учун пандемия даври, ўзи олиб борган сиёсатига мувофиқ равишда, у ёки бу даражада оғирликда ўтади. Бундай шароитда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш устоворлиги тамойилини ҳеч қандай инкор этишга асос ёки баҳонага асос бўлавермайди, албатта. Бироқ Европа минтақасидаги бугунги вазият мисолида гувоҳ бўлганимиздек, жамоатчиликнинг ўз ҳукуматларига нисбатан ўтказадиган ортиқча босими давлатнинг фавқулодда вазиятларда фалажланишига ҳамда самарали чораларни ўз вақтида татбиқ этмасдан қолишига олиб келиши мумкин. Бу эса ҳар бир давлат миллиий қонунчилигининг фавқулодда вазиятларга боғлиқ нуқталарини ислоҳ қилиш эҳтиёжини келтириб чиқарди.
Ш.Рўзиев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter