Коронавирус артериал гипертонияси бор инсон учун қанчалик хавфли?
Бугун АОКА залида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан тушган саволларга жавоб берилди.
Отам 68 ёшда, мунтазам қон босимлари ошиб туради, коронавирус артериал гипертонияси бор инсон учун қанчалик хавфли?
Гипертония — қон томирларининг нерв-функционал фаолияти бузилиши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Бу касаллик асосан 40 ёшдан катталарда учрайди, лекин сўнгги йилларда ёшларда ҳам тез-тез кузатилмоқда. Бу дарддан аёллар ҳам, эркаклар ҳам бир хил азият чекишади.
Гипертония юрак-қон томир тизими касалликлари билан хасталанган кишиларнинг ўлимига сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, гипертония сайёрамиздаги ногиронликнинг асосий сабабларидан биридир. Статистик маълумотларга кўра, қон босими ошганда биринчи ёрдам кеч кўрсатилса, беморларнинг аҳволи жуда оғирлашиши, ҳатто ўлим ҳолати кузатилиши мумкин.
Артериал гипертония билан касалланган беморлар жуда тез ва оғир пневмонияни ривожлантирадиган биринчи рақамли хавф гуруҳига киради.
Сурункали юрак етишмовчилиги бор беморларда короновирусли пневмония ва инфекция, ҳамроҳ касаллиги йўқ беморларга нисбатан оғирроқ кечади.
Бу беморлар ўзларида короновирус касаллигига хос бирор клиник белгиларни сезсалар, дарҳол ҳуддудий шифокорларга мурожаат этишлари шарт.
Улар уй шароитида ўз-ўзини даволаш билан шуғулланишлари ман этилади. Чунки уларда тезда пневмония ривожланиши ва унинг оғир кечиши кузатилиши мумкин.
Кўп давлатларнинг барча изланишлари ва кузатувлари шуни кўрсатдики, короновирус пневмониясидан вафот этганларнинг 50 фоизида артериал гипертония касаллиги бўлган.
Шунинг учун юрак қон-томир патологияси, қон босими ҳамда юрак етишмовчилиги бор беморлар ҳудудий поликлиникаларида диспансер назоратда бўлишлари, ўзларида ўзгаришлар сезсалар, шу заҳоти шифокорга мурожаат этишлари, жамоат жойларига зарурат бўлмаса бормасликлари, имкони бўлса уйдан ишлашлари, ўз-ўзини даволаш билан шуғулланмасликлари, вақти-вақти билан қон босимларини ўлчатиб туришлари ва шифокор тавсия этган даво муолажаларини вақтида олиб туришлари зарур.
Даволаш пайтида беморлар ҳар қандай стресс ёки ҳиссий зўриқишдан йироқ бўлгани маъқул. Беморлар очиқ ҳавода: сувлар атрофида, боғда сайр қилишлари тавсия этилади.
Тўғри овқатланиш гипертонияни муваффақиятли даволашда муҳим ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter