Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус фақат пойтахт аҳолиси орасида қайд этилмаяпти

Коронавирус фақат пойтахт аҳолиси орасида қайд этилмаяпти

Фото: «Uznews.uz»

Айни пайтда нафақат пойтахтимиз ёки Тошкент вилоятида, балки олис Сурхондарё вилоятидан тортиб Хоразм воҳасида ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар аниқланмоқда.

Профилактика мақсадида намуна топширган фуқароларда ҳам касаллик тасдиқланаётгани эса коронавируснинг одамлар орасида юқиш хавфини яна оширмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввал хабар қилганидек, 19 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 179 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 20 июнь куни эса 207 нафар бемордан 19 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи яна ошганлигини кўришимиз мумкин.

20 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 13 нафар, Тошкент вилоятида 4 нафар, Сурхондарё ва Хоразм вилоятида эса 1 нафардан ташкил этмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги саноат корхонасининг 4 нафар ходими ва уларнинг 5 нафар оила аъзоларида, Учтепа тумани яшовчи М.М.да (оромгоҳга кетиш мақсадида намуна топширган), Миробод туманида яшовчи Н.Ш.да (профилактика мақсадида намуна топширган), Шайхонтоҳур туманида яшовчи уй бекаси Д.З.да (тана ҳарорати кўтарилиб, хусусий шифохонага мурожаат қилган), Олмазор тумани Мудофаа ишлари бўлими ходими Э.Ш.да (ҳарбий чақириққа келган болалар билан мулоқотда бўлган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Ш.Э.да (ишга кириш мақсадида намуна топширган), Мудофаа ишлари бошқармаси Юқоричирчиқ тумани ходими Д.А.да (меҳнат таътилидан ишга чиққан ва тана ҳарорати кўтарилиши сабабли намуна топширган), Янгийўл туманида яшовчи М.М.да ва Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.Н.да (профилактика мақсадида намуна топширишган), Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани яшовчи Ш.Э.да (Тошкент шаҳрида ёлланма ишчи бўлган, тана ҳарорати кўтарилиб, ўзи намуна топширган) ҳамда Хоразм вилоятида Тошкент вилоятидаги МЧЖга қарашли юк автомашинаси ҳайдовчиси В.Т.да (вилоятга кириш блок постида намуна олинган) ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда 6216 ҳолатда касаллик қайд этилган. Ҳозиргача уларнинг 69 фоизи, яъни 4290 нафар бемор ушбу инфекциядан фориғ бўлган. Шу кунларда шифокорларимиз юртимизнинг ўнта худудидаги юқумли касалликларга ихтисослашган тиббиёт муассасаларида 1907 нафар бемор ҳаёти учун курашмоқда. Улардан 15 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг