Коронакризис: синфхоналарни товуқхоналарга айлантирган коронавирус — Кения
Коронавирус пандемияси сабабли Шарқий Африканинг Кения мамлакати ҳукумати мактабларни январь ойига қадар ёпди, оқибати шу бўлдики, хусусий мактаблар нима қилиб бўлмасин жон сақлаб қолиш пайида, деб ёзмоқда ВВС.
Бир пайтлар болаларнинг овози билан тўлган хоналарда энди товуқларнинг овозини эшитасиз. Синф тахтасидаги карралар жадвали ўрнига жониворларни эмлаш жадвали осиб қўйилган...
Хусусий мактаблардан бирининг хўжайини Жозеф Майна синфхоналарни фермерларга товуқ боқиш учун ижарага берди. Шунга мажбур. Бошқа иложиси ҳам йўқ. Айниқса, март оғир келди, мактаблар ёпилганидан кейин банкка бориб, олган кредити муддатини чўзиб туришни илтимос қилди.
Кения хусусий мактаблар уюшмаси маълумотига кўра, саноқли мактабларгина онлайн ўқитишни уддалаган, аммо улар олаётган даромад ўқитувчиларнинг маошини қоплашга зўрға етади.
«Хусусий мактабларнинг 300 мингдан ортиқ ходимларидан 95 фоизи тўловсиз таътилга чиқариб юборилди, 113 та хусусий мактаб фаолиятини бутунлай тўхтатди», — деди уюшма раҳбари Питер Ндоро.
Инқироздан чиқиш илинжида ҳар ким билган чорасини қўллаяпти. Кимдир товуқ боқса, кимдир деҳқончилик билан банд.
«Ҳаммаёқда шу аҳвол. Мен ҳам қўлимдан келгунича курашяпман. Ўқитувчилар ва ўқувчиларни бу ерда энди учратмайсиз», — деди ўз мактабидаги болалар майдончасини сабзавотзорга айлантирган Жеймс Кунгу.
Мактабларни тарк этган ўқитувчилар эса касбларини ўзгартиришяпти.
Макрин Отьено пойтахтдаги хусусий мактабда олти йил дарс берган. Ижарани вақтида тўлай олмагани учун квартирасидан чиқариб юборишган. Энди эса жон сақлаш учун энагалик қиляпти.
Кения хусусий мактаблар уюшмасининг бор умиди ҳукуматдан.
«Ҳукумат хусусий мактабларни қўллаши шарт, чунки улар ҳукуматнинг таълим харажатларини қисқартиришда ёрдам бериб, иқтисодиётга салмоқли ҳисса қўшиб келаётганди, — таъкидлайди Питер Ндоро.
Кения таълим вазирлиги хусусий мактабларни имтиёзли кредит биллан қўлламоқчи, аммо ҳаммасиниям эмас, фақат малакаланганларини. Уюшма раҳбарининг назарида эса, бу камлик қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter