Конституциявий суд айрим жарималар мутаносиблигини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди
5 декабр, сешанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлисида мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқди.
Унда, жумладан, аҳоли мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Конституциявий суд ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораси асосланган, адолатли, зарур ва ўз мақсадига эришиш учун етарли ҳажмда бўлиши ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини асоссиз, яъни таъсир чораси мақсадига эришиш мумкин бўлган меъёрдан ортиқча даражада чекламаслиги лозимлигини қайд этди.
Шу муносабат билан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик, етарлилик конституциявий принципларига риоя этишни таъминлаш мақсадида айрим жиноий ва маъмурий жазо чораларини, молиявий санкциялар, неустойка (пеня, жарима) ҳамда бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.
Шу билан бирга судларнинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Олий суд орқали Конституциявий судга мурожаат қилиш ваколатини амалга ошириш тартибини аниқлаштириш тавсия этилди.
Конституциявий суд вилоят, туман (шаҳар) судьяларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот бериш амалиёти судьянинг мустақиллиги ва холислигига раҳна солиши мумкинлигини инобатга олиб, ваколатли давлат органларини ушбу тартибни бекор қилишга чақирди.
Аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, алоҳида жиноятлар, биринчи навбатда фирибгарлик бўйича жазони енгилроғи билан алмаштиришда судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган зарарнинг қопланилганлигини инобатга олиш талабини киритиш орқали жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Шунингдек, дастлабки конституциявий назоратни амалга ошириш тартибини аниқлаштириш, суд қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда судья ўз лавозимини сақлаб қолиши кафолатларини амалга ошириш механизмини қонунларда белгилаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳ бериш услубиётини ишлаб чиқиш каби масалалар бўйича масъул ташкилотларга тавсиялар берилди.
Конституциявий суд ўз ахборотида барча давлат органларини Асосий қонунни амалга ошириш ва мамлакатда конституциявий қонунийликни таъминлашда масъулиятни тўлақонли ҳис қилишга, ўз фаолиятида Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланишига йўл қўймасликка, уларни бузишнинг ҳар қандай ҳолатлари бўйича тезкор ва қатъий чораларни кўриб боришга чақирди.
Маълумот учун, мажлисда Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter