Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституциявий ислоҳотда рақобат: нималар таклиф қилинмоқда?

Конституциявий ислоҳотда рақобат: нималар таклиф қилинмоқда?

Бугунги кунда миллий иқтисодиётимизни барқарор ривожланиши учун муҳим бўлган шартлардан бири бу – соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ҳисобланади.

Бу борада соғлом рақобат муҳитини яратиш, иқтисодий жараёнларни тартибга солиш, моддий неъматларни адолатли тақсимлаш, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш, хусусий мулкчилик муносабатларини қонунлар орқали мустаҳкамлаш иқтисодий ҳатти-ҳаракатларнинг оқилона воситаси ҳисобланади.

Бироқ, амалиётда рақобат зарур даражада ўзини-ўзи тартибга солишга қодир эмас. Шунинг учун илғор давлатлар тажрибаси ва улар босиб ўтган йўлларни таҳлилидан келиб чиқиб, давлатнинг ижтимоий вазифаларини бажариш, қулай инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яратиш, жамиятда адолатли солиқ сиёсатини юритиш ҳамда республикамиз ҳудудида товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатлаш орқалигина рақобат шароитини яхшилаш мақсадида мавжуд иқтисодий муносабатларни махсус қонунлар билан тартибга солишни талаб этмоқда. Агар давлат ўз вақтида рақобат муҳитини таъминламаса, хусусий мулк эгалари, тадбиркорлар томонидан олдинга интилиш, ривожланиш ҳамда йирик бизнес лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари чекланади.

Шунинг учун давлат қонун ҳужжатларини такомиллаштириш билан бирга бизнес эгаларининг ҳуқуқларини кафолатлаш орқалигина рақобат муҳитини таъминлайди. Натижада иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ўз манфаатларини тўлароқ юзага чиқариш, яхши даромад топиш, ўз мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда ўз қобилиятини намоён этиш учун шароит яратилади.

Шуларни эътиборга олиб ҳозирги кунда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида рақобат муҳитини таъминлашга ҳисса қўшадиган, монополистик ҳаракатларни чеклайдиган, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантирадиган, бизнес муҳитни таъминлайдиган ҳамда хусусий мулк эгалари ҳуқуқларини ҳар томонлама кафолатлайдиган нормалар киритилмоқда. Жумладан, Конституциянинг 67-моддасига “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатлаш” тўғрисидаги нормани мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Соғлом рақобат – иқтисодиёт барқарорлигини таъминлайди

Дунё тажрибасидан маълумки, агарда мамлакатда монополистик фаолият қонун билан тартибга солинса, соғлом рақобат тамойилларига амал қилинса, давлат томонидан қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити таъминласа ҳамда мамлакат ҳудудида товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши қонун жиҳатидан кафолатлансагина жамият иқтисодиёти ривожланади. Чунки, жаҳон бозорида рақобат тобора авж олиб бораётган бир шароитда давлат ва унинг ваколатли органлари томонидан эркин бозор механизмларини жорий этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилмаса, бу ҳолат ўз навбатида мамлакат тараққиёти барқарорлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар фаровонлигига жиддий путур етказиши мумкин бўлади.

Шу сабабли мамлакатимизда давлатнинг иқтисодий жараёнларни бошқаришга доир конституциявий вазифа ва функциялари Бош қонунимизда аниқ белгилаш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида пандемиянинг салбий оқибатлари, геосиёсий вазиятнинг таранглашуви ҳамда дунёда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларининг фаоллашувига қарамай макроиқтисодий кўрсаткичларимиз барқарор ўсаётганлигини кўришимиз мумкин. Бунинг барчаси иқтисодий муаммоларни ҳал этишда тизимли ёндашувни йўлга қўйилганлиги ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга берилаётган эътибор деб қараш мумкин.

Агар таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак 2022 йил якуни бўйича мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 2021 йилга нисбатан 5,7 фоизга ўсиб, жорий нархларда 888,3 трлн. сўмни (80,4 млрд. АҚШ доллари) ташкил этди. Бу кўрсаткич 2018 йилда 426,6 трлн. сўмни (52,9 млрд. АҚШ доллари) ташкил этган бўлса, ўтган тўрт йил ичида иқтисодий соҳада олиб борилган ислоҳотлар, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида миллий валютада қарийиб икки баробарга ошди. 2022 йилда аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ҳажми жорий нархларда 24,9 млн. сўмни (2 254,9 АҚШ доллари)  ташкил этди ёки 2022 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажминиг реал ўсиши 2021 йилга нисбатан 3,5 фоизга, 2018 йилга нисбатан эса 13,4 фоизни ташкил этганлигини кўришимиз мумкин. Шу билан бирга миллий иқтисодиётимизда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулкчилик билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал этилиши натижасида ЯИМ таркибида қурилиш, саноат тармоқлари ҳамда хизматлар соҳаси улуши йилдан йилга ортиб борди.

Бироқ, ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги рақобат муҳитининг ҳолати, бизнес юритишдаги айрим маъмурий тўсиқлар, божхона тарифларининг юқорилиги ва солиқ юкининг нотекист тақсимланиши республикамиздаги мавжуд иқтисодий салоҳиятдан фойдаланишда бор имкониятларимизни ишга солишда тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун Конституциямизда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларни эркин ҳаракатланишига шарт-шароит яратиш кафолати назарда тутилмоқда.

Конституцияда Ўзбекистон ҳудудида товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларни эркин ҳаракатланишига шарт-шароит яратиш кафолати қандай иқтисодий имкониятларни  назарда тутилмоқда.

Иқтисодиёт соҳасида илғор тажрибага эга давлатлар амалиётида бир мамлакат ичида ёки ўзаро манфаатдор давлатлар ўртасида савдо муносабатларини ривожлантириш, ишлаб чиқарувчилар ва хусусий бизнес эгаларини иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, бозордаги тақчилликни олдини олиш, талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш борасида бозорнинг муҳим тўртта объекти бўлган товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига катта эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда ҳам Конституциявий ислоҳотлар орқали иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорларга шароит яратиш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Конституциянинг 67-моддасига “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади” – деган норма киритилди. Бу нормани амалиётга жорий этилиши биринчидан, Ўзбекистонда барча ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорлар учун мамлакат ҳудуди ягона иқтисодий макон эканлиги, иккинчидан, товар ва хизматларнинг республикада ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши давлат томонидан кафолатланмоқда. Шу билан бирга меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг ҳаракатланишида тўсиқлар бўлмаслиги тўғрисидаги мажбуриятни ҳам давлат ўз зиммасига олмоқда.

Демак, келажакда юқорида келтириб ўтилган норманинг амалиётга жорий этилиши мамлакатимиз ҳудудида молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши нафақат ҳудудлар бўйлаб тўсиқсиз тўловлар ва ўтказмаларни амалга ошириш имкониятини, балки вилоятлар ўртасида кўчмас мулк ҳамда корхона акцияларини сотиб олиш, шу билан бирга минтақаларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб турли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга замин яратилади.

Хулоса сифатида шуни таъкидлашимиз мумкинки, республикамиз ҳудудларида товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишини давлат томонидан кафолатланиши биринчидан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг конституциявий кафолатларини кучайтирса, иккинчидан, соғлом рақобат муҳитини таъминлаш орқали бизнес имкониятларини янада ривожланишига сабаб бўлади.


Нодирбек Расулов,
Иқтисодиёт фанлари доктори, доцент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг