Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Концлагердаги ўзбеклар тақдирига оид сирлар ўрганилмоқда

Концлагердаги ўзбеклар тақдирига оид сирлар ўрганилмоқда

Фото: «Yuz.uz»

Навоий вилоят ҳокими маслаҳатчиси «101 ватандош изидан» экспедицияси раҳбари сифатида Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси билан учрашди.

Ўтган йили Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси ва ҳомийлигида ташкил этилган «101 ватандош изидан» экспедициясининг Германия-Нидерландия-Польша-Россия Федерацияси бўйлаб илмий изланишлари ҳақида маълумот бериб борилган эди. 

Қувонарлиси, изланиш давомида уруш давридаги ўзбек аскарлари, бедарак кетган ҳарбийлар ва ҳарбий асирларига оид ҳали Ўзбекистон жамоатчилигига аниқ бўлмаган қимматли маълумотлар очиқланди.

Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳридаги Руссхоф қабристонида дафн этилган 101 ўзбек аскарлари қабрига Ўзбекистондан илк расмий делегация сафари ташкил этилди. Ушбу қабристонда дафн этилган нуроталик аскар Саидқул Қаҳҳоров ҳовлисидан тупроқ олиб борилди. Тадқиқотчи олим Ремко Рейдингга Амерсфорт халқи тимсолида аждодларимиз хотирасига ҳурмати учун миннатдорлик мактуби етказилди. 

Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғида барпо этилган 101 ўзбек аскари хотирасига ўрнатилган хотира майдони учун Амерсфорт қабристонидан тупроқ олиб келинди. Илк бора Польша Миллий хотира музейи ва Навоий вилоят ҳокимлиги ўртасидаги ҳамкорлик шартномасига асосан 22 нафар ўзбек маҳбуслари тақдирига оид архив маълумотлари очиқланди, ўзбек асирлари шахси аниқланди. Ҳозирда 94 нафар ўзбек ҳарбий асирлари тақдирига оид маълумотлар ўрганилмоқда. 

Лойиҳанинг иккинчи босқичи эса тарихий ҳужжатларни ўрганиш ва ўзбек ҳарбий ва асирлари қариндошларини излаш, Амерсфорт концлагерида вафот этган 101 ўзбек аскарлари шахсини аниқлаш, шунингдек Полшадаги Миллий Хотира институти, Аусшвис халқаро музейи тақдим этган маълумот асосида ўзимизда чоп этилган Хотира китобидаги «бедарак йўқолган» деган мавҳум ибораларга аниқлик киритиш, ўзбек халқининг иккинчи жаҳон урушига оид тарихини бойитишдан иборатдир. 

Шу мақсадда, Навоий вилоят ҳокими маслаҳатчиси, экспедиция раҳбари Назиржон Жўраев Полшанинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Ярослав Грукнинг билан мулоқот ўтказди. 

Яқин кунларда Польша элчиси Ярослав Грукнинг Навоий вилоятига ташрифи кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг