Концлагер асираси, олмалиқлик Елизавета Шиллер: «У машъум кунлар ҳамон тушларимга кириб чиқади»
Уруш... Бор-йўғи тўрт ҳарфдан иборат бу совуқ сўз замирида душман ўқидан ҳалок бўлган миллионлаб аскарлар фарёди, уларнинг ота-онаси ва бева аёллари ноласи, етим қолган болалар оҳи ётади. Машъум Иккинчи жаҳон урушида ҳам шундай бўлди. Немис фашистлари қўққисдан бостириб кирган собиқ Иттифоқ мамлакатларида урушга яроқли эркакларнинг бари қўлига қурол олиб, жангга кирдилар.
Украинадаги вилоятлардан бирида истиқомат қилаётган Елизавета Шиллернинг пешонасига ҳам уруш машаққатлари, асирликнинг чидаш оғир бўлган қийинчиликлари ёзилган экан. Фашистлар у яшаётган қишлоқни аввалига остин-устун қилишади. Сўнгра катталарни алоҳида, болаларни эса алоҳида қийноқхоналарга жойлашади.
— У кунларни биз кўрдик, бошқалар кўрмасин, — дейди «Ўзбекистон почтаси»АЖ Тошкент филиали Олмалиқ туманлараро почта алоқаси боғламасининг 5-алоқа бўлимида 30 йилдан ортиқ хат ташувчилик қилган уруш фахрийси Елизавета Шиллер. — Ўшанда жуда ёш эдим. Концлагердаги қийинчиликлар, фашистларнинг қонхўрликлари, бир бурда нонга зор бўлган ночор кунларимиз ҳамон тушларимга кириб чиқади. Ота-онамни эса бошқа кўрмадим…
Урушдан сўнг бизни озод этишди. Бир неча йил Россия Федерацияси қишлоқларида яшадим. Сўнгра Ўзбекистонга келдим. Аввалига турли ишларда ишладим. 1975 йилдан эса хат ташувчилик қила бошладим.
Мен одамлари самимий ва меҳрибон шундай жаннатмонанд юртга келиб қолганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Бу ерда мен ўзбеклар билан ҳамфикрликда, иттифоқликда яшадим, меҳнат қилдим. Ўттиз йил давомида халқимизга хизмат қилиб, обрў-эътибор топдим, ҳурмат қозондим. 2005 йилдан пенсияда бўлсам-да, ҳамон ҳамкасбларим билан биргаман. Нафақат қадрдон ишхонамдагилар, балки Олмалиқ шаҳридаги бошқа турли ташкилотлар, нодавлат-нотижорат муассасаларидан ҳам одамлар тез-тез келиб, ҳолимдан хабардор бўлишади. Байрам кунлари-ку, эшигимдан одам узилмайди. Энг муҳими, биз уруш ва меҳнат фахрийлари ҳукуматимиз диққат-эътибори, ардоғидамиз.
Елизавета Михайловнанинг гапларида жон бор. Ҳақиқатан ҳам республикамиз ҳукумати Иккинчи жаҳон уруши иштирокчи ва ногиронлари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, фашизм концлагери собиқ асирлари ҳақида ҳамиша қайғуриб келади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 апрелдаги 317-қарорига кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фашизм концлагерларининг вояга етмаган собиқ асирлари, Ленинград блокадаси пайтида ишлаган фуқароларга ҳар ой бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак, шахсий гигиена воситалари берилиши ҳақидаги қарори ана шу ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Мазкур қарор Елизавета Михайловна ҳамда фарзанд, набираларини беҳад хурсанд қилиб юборди. Дарвоқе, Елизавета Шиллернинг уч нафар фарзанди, олти нафар набираси бор. Улар ҳамма вақт онахон атрофида парвона, оқ ювиб-оқ тарашади. Онахон эса нафақат улар, балки ҳузурига келаётганларнинг барчасига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилайди.
Муборак Миркамолова, «Xabar» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter