Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беҳзод Қобулов

Олам уфққа бориб тамом бўлади. Одам умидини йўқотиб тамом бўлади (Тоғай Мурод).

Комиссия «мудҳиш хато»ни топди

Комиссия «мудҳиш хато»ни топди

Иллюстратив сурат.

Фото: «The Telegraph»

Бутун дунёда шундай. Жамоатчилик назорати, қонун устуворлигини таъминлаш, барча жабҳаларда адолат мезонларинининг барқарорлигини сақлаш борасида давлатга журналистика каби бошқа бирорта соҳа елка тута олмайди. Бу — касбимизнинг муқаддас қонуни.

Албатта, ҳақиқат билан юзлашиш, виждонни азобга қўядиган мулоҳазалар билан рўбарў келиш ҳар кимга ҳам ёқавермайди. Журналистни таъқиб қилиш, «қаловини топиб» овозини ўчиришга уринишлар тез-тез кузатиб турилади. Шунданми, журналистлик касби дунё миқёсида ҳаёт учун энг хафвли касблар сирасига киритилган.

Яқинда «Xabar.uz» сайтида ўқитувчи, мактаб атрофидаги баъзи ғирромликларни аниқ далиллар билан мақола тарзида баён қилгандим.

Мақолам чоп этилгач, отамнинг атрофида қора булутлар пайдо бўла бошлади. Отам ишлаётган мактабни «комиссия» босди. Текширувчилар ҳам вилоят халқ таълими бошқармасидан бўлиб, унча-мунча эмас. Хуллас, қидира-қидира, охири битта йирик, ўта мудҳиш камчилик топибдилар: мактаб ҳожатхонасининг эшиги бўёқланмаган экан!

Текшириш якунлари бўйича туман маорифчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтади ва вилоят ХТБ бошлиғининг ўринбосари қиёмат мажлис ўтказади. Йиғин давомида отамга ўшқириб, ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни буюради.

Бу воқеа ҳақида бир кундан кейин, онам орқали хабар топдим. Сўраб-суриштирсам, мактабимиздаги ҳожатхона эшиги қаттиқ шамолда учиб, синиб кетган. Шундан сўнг отам бошқа (капитал ремонтга тушган шу атрофдаги болалар боғчасининг эски эшиклари) эшик ўрнаттирган. Эшикларнинг ташқи тарафини зангори ва кўк рангга бўяттирибди. Ички қисми эса бўёқланмаган.

Шугина асос билан таълим тизимига салкам 40 йил меҳнати синган педагогни «ўз аризасига биноан» ишдан олмоқчи бўладилар. Биламан, «Балки бошқа сабаблар бордир», «Шамол бўлмаса..», дегандек ўйлаяпсиз.

Ҳаммасига айбдор менман! Касбимга содиқ бўламан деб, оиламга хиёнат қилгандим. Аниқроқ айтганда, зўравонларнинг чиркин қоидаларига қарши боргандим. Мен сайтда чоп этилган ўша мақолада ёзганларим орқали ҳуқуқий ҳужжатлар манзарасидаги кемтиклик ҳақида мулоҳаза юритган эдим. Бироқ, пўпанак босиб, ириб-чириб кетган шундай қоидалар борки, гоҳи улар билан ҳисоблашишга тўғри келади. Кўнгилни маҳзун қиладигани, бугун журналистика олдида турган тўсиқ ҳам мана шу!

Қарши тараф ақлли чиқди, «жозибали», сертаъсир усул ёрдамида «овозимни ўчирмоқчи» бўлишди. Ҳа, айтганча, ушбу мақола чоп этилгач, эртага вилоят халқ таълими бошқармаси масъуллари текширувга сайтда чиққан мақоланинг алоқаси йўқлиги, бу белгиланган режа асосидаги текширув эканини айтишлари турган гап. Аммо, улар бу гал қовун тушириб қўйди. Бир инсонни ишдан бўшатишга баҳона сифатида келтирилган — ички қисми бўёқланмаган ҳожатхона эшиги ўта заиф далилдир. Агарда улар жўялироқ, асослироқ далил топганида-чи? Ёки шундай бир сохта вазиятни уюштирганида-чи? Унда нима бўларди? Ҳақлигингни исботлаш учун йиллаб судма-суд югуриш, охирида, тинка-мадоринг қуригач «Айбсизсан ўртоқ», деган ёзув кўнгилга дармон бўладими? Йўқ ва миллион карра йўқ.

Сайтда чоп этилган мақоланинг ҳажми катталиги боис, шунча текшир-текшир, зимдан тиш қайрашга сабаб бўлган баён этилмиш манзараларни бунда такрор қайд этиш, айни пайтда, нокерак деб ҳисоблайман. Боиси, гап алоҳида бир хусусий ҳолат ҳақида эмас, журналистга нисбатан мана шундай босимларнинг, зуғумларнинг мунтазамлик касб этаётганидадир. Бироқ, бу ўринда кишини дилтанг қиладиган ҳолат шуки, зўравонлар журналистга ошкора таҳдид, зуғум қилишга қандай ботиндилар? Журналистнинг ортида ҳеч ким йўқ, деган ўй қачон пайдо бўлган ўзи? Нега жамиятимиз бундай ўй-хаёлдаги кимсаларнинг нияти шумига болта урарлик даражада мустаҳкам эмас? Қачон, айтинг, қачон танқид ёзган журналист мутлақ дахлсиз бўлади?

Мени мана шу саволлар ўйлантиради...


Мақола «Жамият» газетасининг 2 март, 9-сонида эълон қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг