Комил Алламжонов блогерларни солиқчилардан ҳимоя қилмоқчи
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов блогерлар реклама учун солиқ тўлаши кераклиги ҳақида тарқатилган хабарларга муносабат билдирди. Эслатиб ўтамиз, блогер Азиз Ашурбоевнинг телефони солиқчилар томонидан олиб қўйилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Бунга Ашурбоев «Инстаграм»даги саҳифасида реклама бергани сабаб қилиб кўрсатилган.
«Солиқ идораси ходимлари блогер Азиз Ашурбаевнинг телефони ва унинг «Инстаграм» тармоғидаги саҳифаси олиб қўйгани ҳақида маълумот келиб тушди. Давлат солиқ қўмитасидан ушбу ҳолатни ўрганиб, агарда инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зид бўлса, чора кўрилиши талаб қилинади.
Солиқчиларимиз блогерларни солиққа тортиш ёки уларга қарши юқоридагидек зўравонлик қилишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиш, хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш каби энг долзарб муаммоларни ҳал этсалар, жамиятга ва иқтисодиётга кўпроқ фойда келтирган бўлар эдилар.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимояси остида. Уларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга қарши туришга тайёрмиз!» – дея ёзади Алламжонов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter