Журналист суриштируви: Кўча кимники? (видео)

Каттақўрғон туманидаги Қозоқовул маҳалласи фуқаролари «Хаbar.uz»га ғалати шикоят билан мурожаат қилишди. Уларнинг эллик йилдан бери кириб-чиқиб юрган кўчаларини «Эргаш ота» ёпиб қўйибди.
Каттақўрғонга йўл олдик.

Маҳалла аҳли нима дейди?
«Ёпиб олинган кўча»да яшовчилар билан суҳбатлашдик. Ҳаммаси бир овоздан «Эргаш ота» хусусий тиббиёт маркази раҳбари Бердиқул Эргашевнинг ўзлари яшайдиган маҳалла кўчасига темир дарвоза ўрнатиб, уни қулфлаб олганидан норози эканини айтишди.
− Аввалига дарвозани очиб, исталган вақтда ўтиб-қайтишларинг мумкин деган эди, кейин дарвозани қулфлаб қўйиб, фақат дарчасидан пиёдалар кириб-чиқиб туришига рухсат берди, − дейишди маҳалла аҳли. Охирида пиёда ўтиб-қайтишимизни ҳам тақиқлаб, дарчани ҳам қулфлаб қўйишди. Биз бир неча марта қулфларни синдирганимиздан кейин бутунлай пайвандлаб, дарвозани очилмайдиган қилиб ташлашди. Энди шу дарвоза ва панжараларни бузиб ташлашимиз қолди.

− Бугунги кунда «Эргаш ота» маҳалламизга кирадиган йўлнинг бошига ҳам, шифохона ҳовлисига ҳам дарвозаларни ўрнатиб, маҳалламизга кириб-чиқишни бутунлай тўсиб қўйди, − дейди Умид Шамсиев. – Бу дарвозаларни бузиб ташласак, Бердиқул Эргашевнинг бу ноқонуний хатти-ҳаракатларига бепарво қараб турган раҳбарлар, ички ишлар ходимлари дарҳол бизга қарши чоралар кўриши аниқ. Шунинг учун бошқа чора топа олмай, сизларга мурожаат қилдик.
Маҳалламизга кириб-чиқиб туришимиз учун шифохонани айланиб ўтадиган бир йўл қилиб берди, − дейди маҳалла аёл-қизларидан бири. – Аммо бу йўл жуда тор, иккита машина икки томондан келиб қолса, муаммо чиқади, бу кўчага иккита машина сиғмайди. Худо кўрсатмасин «Тез ёрдам» чақиришимиз бор, ёнғин чиқиши бор. Ёнғин чиқса, ўт ўчириш машиналари бу кўчадан ўта олмайди.
— Маҳалламизга ичимлик сувини машиналарда ташиб келамиз, − деди бир йигит. – Бир марта сув олиб келган ҳайдовчи кириб-чиқишнинг ноқулайлигидан иккинчи марта қайтиб келмаяпти.

Маҳалла оқсоқоли маҳалланинг увол-савобига жавобгар бўлади. Биз МФЙ раиси билан кўриша олмадик, зарур ишлар билан банд экан, аммо телефонда гаплашдик:
− Ҳақиқатан ҳам маҳаллага кирадиган йўлни бекитиб қўйиш тўғри эмас, аммо Бердиқул Эргашев шифохонаси атрофидан айланиб ўтадиган йўл қилиб, уни асфальтлаб ҳам берди, − деди оқсоқол. – Аммо бу йўл торлиги маҳалла аҳлига ёқмаяпти.
Профессор нима дейди?
− Йўлни панжара ва дарвоза қўйиб ёпишни ўз ихтиёрим билан қилганим йўқ, − дейди «Эргаш ота» хусусий тиббиёт маркази раҳбари, олий тоифали врач, фахрий профессор Бердиқул Эргашев. – Бу ишни энг аввало шу маҳалла оқсоқоллари билан бамаслаҳат қилганман, фуқароларга ёзма равишда мурожаат қилганман ва ҳамма ишни чигаллаштириб юрган Умид Шамсиевдан бошқа ҳамма бу ишга розилиб билдириб, қўл қўйиб берган. Қолаверса, бу иш Олий Мажлис Сенатининг, вилоят ҳокимининг розилиги ва туман ҳокимининг қарори билан амалга оширилган.
Кўчани ёпиб қўйиш қанчалик тўғри ё нотўғри экани ҳақидаги саволимизга профессор шундай жавоб қилди:
− Мен маҳалла аҳлига ноқулайлик бўлмасин деб ўз шифохонам ҳудуди ҳисобидан уларга айланма йўл қилиб, уни асфальтлаб ҳам берганман. Йўл йўқ дейишларига умуман асос йўқ.

Профессорнинг ҳам маҳалла аҳли, аниқроғи уларнинг «фаоли» Умид Шамсиевга яхшигина даъволари бор экан:
− Хабарингиз бор, мен асосан оч қолдириб даволаш йўли билан ҳатто саратон касалигача бўлган юзлаб касалликларни даволайман. Муолажаларим 90, ҳатто 110 кунгача давом этиши мумкин. Энди ўзингиз ўйланг, шунча вақт оч юрган одамнинг бурни тагида кабобларнинг ўткир ҳиди анқиб турса, иродасизлик қилиб қўймайдими? Бу Умид Шамсиев ўзи бу ерга яқинда келган. Шифохонамга қўшни уйни сотиб олиб, шу хонадонда ошхона очиб олди. «Кеп қолинг, опқолинг» деб кабобларни елпиб турганидан кейин ҳафталаб, ойлаб оч юрган одамлар иродасизлик қилиб, кабобнинг димоқни қитиқлайдиган ҳиди олдида ўзини тута олмай, овқат еб қўйишади. Натижада менинг ойлаб қилган муолажам чиппакка чиқади. Устига бу йигит ҳовлисида ноқонуний меҳмонхона, чўмилиш хоналари, ҳатто стоматология кабинети ҳам очиб олган. Ахир ўзимизда энг замонавий асбоблар билан жиҳозланган стоматология кабинетимиз бор. Рақобат юзасидан ҳам буларга чек қўйишим керакмиди? Қолаверса, у ерга бориб бир кеча дам олган ёки чўмилган чет эллик меҳмонларнинг буюмлари йўқолмоқда эди. Масалан, икки нафар хорижий меҳмоннинг қимматбаҳо телефони йўқолиб, кейинчалик ИИБ ходимлари томонидан айнан ўша хонадондан топилди.
Ҳужжатлар нима дейди?
Ҳужжатлар билан танишдик. Ҳақиқатан ҳам Бердиқул Эргашев Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига мурожаат қилган ва департамент мудири М.Жуманиязов имзолаган қуйидаги мазмундаги хат Самарқанд вилояти ҳокимига юборилган:
«Эргаш ота» хусусий тиббиёт маркази раҳбари Бердиқул Эргашевнинг мурожаатини муаллиф иштирокида атрофлича ўрганиб чиқиб, унда кўрсатилган масалаларнинг қонуний ҳал этилиши юзасидан зарурий чоралар кўришингиз ва натижасини Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишингиз сўралади».

Албатта, вилоят ҳокими ҳам шу мазмундаги топшириқни Каттақўрғон тумани ҳокимига беради ва туман ҳокими А.Баҳромов 2018 йилнинг 1 мартида қуйидаги мазмундаги фармойишни имзолаб беради:
«Туманда тиббиёт туризмини ривожлантириш, хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига кўрсатилаётган медицина хизматлари сифатини яхшилаш ва кўламини кўпайтириш мақсадида, шунингдек, туман ИИБ, туман ДСЭНМ, ИИБ ЙҲХ, туман ёнғин хавфсизлиги бўлими хатлари ва «Эргаш ота» хусусий тиббиёт маркази раҳбари Бердиқул Эргашевнинг рухсат сўраб ёзган хатларига асосан, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6- ва 25-моддаларига асосан «Эргаш ота” хусусий тиббиёт маркази ҳудудидан ўтадиган йўлда панжара дарвозалар ўрнатишга розилик берилсин! Аҳолига эса шифохонанинг ғарб томонидан эни 6 метр, узунлиги 49 метр айланма йўл борлиги кўрсатилсин!».

Қўлимизда яна иккита ҳужжат бор. Буларнинг қизиқ жиҳати шундаки, биринчиси «Эргаш ота» хусусий тиббиёт маркази раҳбари Бердиқул Эргашевнинг маҳалла фуқаролари номига ёзган илтимосномаси бўлиб, унда Бердиқул Эргашев айланма йўл қилиб, уни асфальтлаб беришини ваъда қилиб, шифохона ўртасидан ўтган йўлни иккала томондан ёпишига розилик беришларини сўраган ва маҳалла аҳли розилик бериб, қўл қўйиб беришган. Иккинчиси айнан шу дарвозалар ўрнатилганидан норози бўлиб, бунда туман ҳокими ҳам Ер кодексининг 64-моддасини қўпол тарзда бузгани, шунингдек маҳалла фуқаролари ва мазкур кўчадаги кичик тадбиркорларнинг манфаатларига зид қарор қабул қилгани кўрсатилиб, Ўзбекистон Президенти, Олий Мажлис спикери, Бош вазир, Бош прокурор, Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят прокурори, туман прокурори номига ёзилган шикоят хати. Қизиғи, Бердиқул Эргашевнинг илтимосномасига рози бўлиб имзо чеккан маҳалла фуқаролари бу шикоят хатига ҳам имзо чекканлар.
«Хаbar.uz» нима дейди?
Туман ва вилоят раҳбарлари аҳолини ҳам, тиббиёт маркази раҳбарини ҳам рози қиладиган бир аниқ ва адолатли қарор қабул қилмай, иккала томонни муросага келтира олмай, у ёки бу томон хат билан мурожаат қилганида уларнинг истагига қараб фармойиш чиқариб бериб турганида «Хаbar.uz» нима ҳам дерди?
Иккала томонга ҳам инсоф тилаш, тегишли идора мутасаддилари қонунан шуғулланиб, низолар жиддий тус олмасидан бу муаммони одилона ҳал қилиб беришларидан умид қилиш қолди бизга.
Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter