Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кейинги «нишон» — Германия. Венгрияда илмий иш қилаётган ҳамюртимиз билан суҳбат

Кейинги «нишон» — Германия. Венгрияда илмий иш қилаётган ҳамюртимиз билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

Венгрия ўзининг бой тарихи, ажойиб об-ҳаво шароитлари ва туристик салоҳияти билан кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этиб келган. Бугунги кунда нафақат Европа, балки жаҳонда ҳам ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтаётган давлатлардан бири.

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳамизнинг навбатдаги қаҳрамони мазкур мамлакатда илмий изланишлар олиб бораётган ҳамюртимиз Охунжон Сайфиддинов бўлди. Ватандошимиз 1990 йил Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган. Ҳозирда Венгериядаги Мишколс университетининг PhD босқичида таҳсил олмоқда.

— Хорижга йўл олишингиз ва айнан PhD босқичини Венгрияда ўташингизга нима сабаб бўлди?

Илмий йўналишга қизиққан ҳар бир инсон, албатта, ўрганиш, тажриба тўплаш учун фаол ҳаракатда бўлиши керак. Менинг хорижга йўл олиш борасидаги қарорим ҳам тажриба ошириш иштиёқи туфайли бўлган. Айнан Венгрия давлатини танлашимга эса бир қатор омиллар мавжуд. Авваламбор, илмий иш олиб бораётганда илмий раҳбарнинг юқори малакага эгалиги, сиз таҳсил олиш ниятидаги университетнинг лаборатория базасида қанчалик кўп давлатлар билан илмий лойиҳалар амалга оширилаётганига эътибор қаратиш лозим.

Мен илмий изланиш олиб бораётган Мишколс университети бу борада 60 йиллик тарихга эга. Венгриянинг энг нуфузли муҳандислик билим юрти ҳисобланади. Университет шаҳардан бироз четроқда жойлашган бўлса-да, барча зарур шароитлар яратилган. Бой кутубхона, спорт маркази, катта стадион, сузиш ҳавзаси ва деярли ҳар бир бинода жойлашган алоҳида лаборатория хоналари шулар жумласидан. Ҳозирда у ерда 15 мингга яқин талаба таҳсил олади.

Фото: «Xabar.uz»

Бу ерда Машинасозлик технологияси йўналиши бўйича илмий изланиш олиб боряпман. Илмий ишим «Материалларнинг юза қатлами хусусиятини таҳлил ва тадқиқ этиш» мавзусида.

— PhD босқичи Венгерияда қандай олиб борилади, бу борада улардан ўрганишимиз мумкин бўлган жиҳатлар борми?

Албатта бор. Венгрияда PhD босқичи 4 йил – 2х2 тизимида олиб борилади. Яъни, 2 йил илмий иш учун керакли фанлар ва илмий иш методлари тўғрисида таълим берилади. Шунингдек, мақолалар тайёрлаш ва тадқиқотлар устида ишлаш шу 2 йиллик ичига киради. Қолган 2 йил давомида лабораторияда қилинган илмий тадқиқотлар натижаси турли илмий журналларда эълон қилиниб, диссертация якуний қолипга олиб келинади. Мана шу 4 йил давомида ҳар бир семестрда қилинган ишлар бўйича ҳисоботлар тайёрланади. Қолаверса, улар баҳоланади ва диссертация бўлимлари таркибига киритилади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ёзилган ҳисоботлар натижасида илмий иш 3 йилда тайёр ҳолга келади ва охирги йил фақат диссертация ҳимояси билан иш олиб бориш мумкин.

Билишимча, бизда илмий изланиш олиб бориш учун дарслар ва режали курслар ташкил этилмаган. PhD босқичида ўқиётганлар фақатгина ўзлари ва илмий раҳбарлари билан биргаликда тайёрланган режа асосида ишлашади. Улар тайёрлаган ҳисоботлар ҳеч қандай балл сифатида қабул қилинмайди. Ҳисобот ортиқча қоғозбозликка айланиб қолган. Эътиборлиси, ҳисоботлар баҳоланмаслиги оқибатида унинг аҳамиятлилиги йўқолиб, натижада илмий изланувчининг ҳимояга тайёр ёки тайёр эмаслигини аниқлаш мушкул бўлиб қолади. Шулар ортидан кўп ҳолларда докторантурани тамомлаётганлар ҳимояни бир неча йилдан кейин амалга оширишмоқда.

Венгериядаги тизимни ўзимизда татбиқ этиш, яхши самара беради, деб ўйлайман.

— Венгерлар Ўзбекистонни билишадими?

Ҳозирда мен яшаётган Мишколс Венгериянинг энг катта шаҳарларидан бири. Шаҳар тоғлар бағрида жойлашган, чиройли ва тарихий масканларга бой ҳудуд. Дарахтлар ва ўрмонлар мавжуд. Оғир саноат яхши ривожланган. Кўпгина венгериялик профессор ўқитувчилар ва талаба-ёшлар билан бўлган суҳбатларимдан уларнинг самимий ва доим кўмак беришга ҳозир халқ эканлигига гувоҳ бўлдим. Ушбу жиҳатлари ўзимизнинг меҳмондўст халқимизга ўхшатаман.

Фото: «Xabar.uz»

Яна бир эътиборимни тортган жиҳат, мамлакатнинг солиқ тизими жуда қатъий тартибда бўлиб, бу ердаги қўшимча нархлар учун 27 фоиз қўшимча солиқ белгиланган.

Венгер тилининг кўп сўзлари рус тилидаги сўзларга ўхшаб кетади. Фақатгина айтилиши ва маъноси бутунлай ўзгача кўриниш касб этиши мумкин.

Қолаверса, Будапештга келган туристлар кўчалар бўйлаб пойтахт трамвайида саёҳат қилиш имкониятига эга.

Очиғи, улар Ўзбекистон ҳақида кўп ҳам маълумотга эга эмас. Лекин мамлакатимизни ривожланиб келаётган ва тарихий қадамжолари бор давлат сифатида билгувчилар топилади.

—Келгусидаги режаларингиз қандай?

PhD диссертациямни ҳимоя қилиб, DSc илмий даражасини Германияда олиш ниятим бор. Шунингдек, Епропанинг нуфузли университет ва илмий тадқиқот марказлари билан шартномалар тузиб, уларни Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантирмоқчиман. Йўналишим бўйича юртимизнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи шогирдлар ҳам етиштириш, ўйлайманки, Ўзбекистон ривожи йўлидаги ҳиссам бўлади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг