«Керак бўлса ҳар куни янги дастурлар билан танишиб чиқишимиз керак бўлади» (видео)

Бугунги кунда Сирдарё вилоятда ахборот технологияларининг ўқитилишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, меҳнат бозорининг малакали IT-мутахассисларга бўлган талабини қондириш йўналишларида бир қатор вазифалар амалга оширилмоқда.
Республикада биринчилардан бўлиб, 190 та мактабгача таълим ва 315 та Халқ таълими объектига тўлиқ оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган ва юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш таъминланган.
2021 йил тасдиқланган янги информатика фани мактаб дарсликларига дастурлаш тиллари ҳам киритилган. Дастурлаш тиллари ўқувчиларга осон бўлиши учун 5–8-синфларда Scratch дастурлаш тили, 9-11 синфларда эса С++ ўргатилиши мақсад қилиб қўйилган.
Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб, Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи билан республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларини ушбу дастурлаш тиллари бўйича малака ва кўникмаларини ошириш дарслари ташкил этилган.
«Хabar.uz» мухбирлари малака ошириш курслари билан танишиш мақсадида навбатдаги ташриф билан Сирдарё вилоятида бўлди.
«Мен ёшим ўтиб қолди, энди буни ўрганишим қийин бўлса керак деб ўйлаган эдим. 30 йил олдин биз университетни илк информатика фани қалдирғочлари сифатида битирганмиз. Бир куни бизга дарс хоналарига компютер келаркан, деб айтишди. Хурсанд бўлдик. Кейин катта-катта экранли бир нарсалар келди. Ўшалар биринчи компютерлар экан. Уларнинг тузилиши жуда содда эди. Мана ҳозир ҳамма имкониятлар бор. Замонавий компютер хоналарида дарс беряпмиз. Дарслар ҳам анча содда ўргатилган экан. Бошида С++ менга оғирлик қилади, бекор шу дарсларга ёзилдим деган фикр ҳам бўлди. Йўқ, кейин ҳаммаси ўзимга, интилишимга боғлиқ эканлигини тушундим. BePro IT Academy томонидан бизга юборилган Сатторов Шарофиддин дарсларни айнан биз кутгандек содда тилда тушунтириб бермоқда. Ўйлайманки, кейинчалик биз ҳам ўқувчиларга етказишимиз осон бўлади. Энди биз ҳам замон билан ҳамнафас равишда яшашимиз керак, янги дастурлар билан керак бўлса ҳар куни танишиб чиқишимиз зарур бўлади»,— дейди биз билан суҳбатда 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Эшалиева Марям.
Сирдарё вилоятида ҳам С++ дастурлаш тили дарслари 144 соат, Scratch дастурлаш тили бўйича дарслар 72 соат этиб белгиланган. Мазкур курсни тугатгач ўқитувчилар махсус тест синовларидан ўтказилиб, уларга тегишли сертификатлар тақдим этилади.
Scratch – Массачусетс технология университети томонидан болалар учун махсус ишлаб чиқилган тушунарли ва қизиқарли дастурлаш тили. Scratch дастурлаш курсида дарслар одатдагидан кўра қизиқарли бўлади.
Scratchда болалар учун ўйинларни дастурлаш матнда эмас, балки ранг-баранг блоклар орқали дастурланади. Ўрганиш учун махсус билим ва тайёргарлик талаб қилинмайди. Scratchда мураккаб кодлар йўқ. Шунингдек, буйруқларни қўлда ёзишга ҳожат йўқ. Дастур Лего конструкторидаги рангли визуал блоклар ёрдамида амалга оширилади. Дастурда ҳар қандай вақтда ўзгаришлар қилишингиз мумкин, натижа эса дарҳол кўринади. Янгиланган дастур нисбатан осонлаштирилган. Сабаби тиллар таркибида ўзбек тили киритилган бўлиб, энди унда ишлаш учун ўзбекча буйруқлар бериш кифоя.
«Вилоятимиздаги 12981 ўқитувчиларнинг 428 нафари информатика ва ахборот технологиялари фанидан дарс беради. Бугунги кунда 292 нафар ўқитувчиларимизни дастурлаш тиллари бўйича ўқитяпмиз. Аввлроқ 22 нафа ўқитувчимизни Phyton дастурлаш тилида ўқитилган эди», — дейди Вилоят ХТБ АКТ бўлими бошлиғи Мавлянов Дилшод.
2-сонли ИДУМ информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Тўхтасинова Мадина, дастурлаш тиллари уни жуда қизиқ тириб қўйганлигини, ёзги таътил вақтида BePro IT Academyда бориб бошқа тилларга ҳам ўқишни ният қилганлигини айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида, BePro IT Academy Ўзбекистондаги етакчи ўқув марказларидан бири ва Ўзбекистон корпоратив хизматлар бозорида етакчи ҳисобланади.
Ўқув марказида Ўзбекистондаги энг кенг курслар мавжуд. Сизга ахборот ва офис технологиялари, жумладан, шахсий компютер фойдаланувчилари учун курслар, лойиҳаларни бошқариш ва IT менежменти курслари, менежмент курслари, тармоқ технологиялари, веб-технологиялар, бухгалтерия ҳисоби, 1C ва янги талабларга жавоб берадиган турли курслар бўйича ўқитишнинг юқори стандарти кафолатланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter