Каттақўрғон ҳокими Қашқадарё ҳокимидан арз қилди
Қашқадарёнинг ёзилмаган Қонуни борми? Йўқ, албатта. Унда бу вилоятга мамлакатимизнинг барча вилоятларида амал қилинаётган қонун ва қоидаларга нега амал қилинмаяпти? – деб ёзади Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова.
Шаҳар ҳокимининг қайд этишича, 2021 йил 28 декабрь куни «Marokand gold oil extraksiya» МЧЖ раҳбари Сайдин Рўзиев ҳокимиятга келиб, Республика товар ва хом-ашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида ЙПХ ходимлари томонидан Қашқадарё вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Нодир Худойбердиевичнинг топшириғи асосида ушлаб турилганлигини айтган.
«Шундан сўнг мен Нодир Худойбердиевичнинг телефон рақамини топиб телефон қилдим. Бир неча бор қилган телефон қўнғироқларимга жавоб бермагандан сўнг SMS орқали телефонимни кўтаришини илтимос қилдим. Бир неча марта уринишлардан сўнг ва ниҳоят Нодир Худойбердиевич билан телефон орқали боғланиб чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилдим. Нодир Худойбердиевич «...опажон чигитни вилоят ҳокими рухсат бермаса чегарадан чиқара олмайман» деди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Муротжон Бердиалиевичнинг телефон рақамини қийинчилик билан топиб вазиятни тушунтирдим ва чигитни қўйиб юборишини илтимос қилдим. Вилоятнинг янги ҳокими эса «... масалани ўрганиб чиқиб маълум қиламан» деди. Мен умид билан барча тегишли ҳужжатларни ҳокимнинг телеграмига ташлаб бердим. Жавоб бўлмагандан сўнг телеграмига ва қўл телефонига SMS лар ёздим, афсуски ҳеч қандай жавоб олишнинг иложи бўлмади», деб ёзади сенатор Гавҳар Алимова.
Орадан 3 кун ўтиб ва ниҳоят 2 январь куни тадбиркорга чегарадан юк ортилган машиналарини олиб кетишини сўраб Фарҳод ва Жаҳонгир деб ўзини таништирган ЙПХ ходимлари телефон қилишган.
«Тадбиркор С.Рўзиев бундан хурсанд бўлиб, менга телефон қилди. Бироқ, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Тадбиркор менга телефон қилиб ЙПХ ходимлари вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Худойбердиевич рухсат бермаётганлиги важидан юк машиналарини қўйиб юбора олмасликларини маълум қилган.
Шундан сўнг мен яна жаноб Нодир Худойбердиевичга қўнғироқ қилганимда «...ҳозиргина вилоят ҳокими билан гаплашдим, чигитни қўйиб юборишга ҳеч қандай рухсат йўқ» деб айтди. «Опажон минг афсус мен юк машиналарини қўйиб юбора олмайман» деди», – қайд этади Каттақўрғон ҳокими.
Сенатор ўз мурожаати якунида, 100 тонна чигитни олиб ўтиш учун 4 кун сарсон бўлганини, мурожаатига ва ёзган SMS ларига вилоят ҳокими «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб бериши ҳам қийин бўлганини айтади.
«Янги йил байрами тадбиркорга, ҳайдовчиларга ва менга ҳам афсуски татимади. Ахир битта шаҳар ҳокими 100 тонна чигитни ўтказиш учун 4 кун безовта бўлишини қандай изоҳлаш мумкин? Мен шахсий манфаатим учун жон куйдираётганим йўқку...! Мен бу мурожаатимга умид билан жавоб кутаман», деб ёзади Гавҳар Алимова.
Каттақўрғон ҳокими ўз мурожаатида Қашқадарё раҳбарларига юборган SMSларини ҳам илова қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter