Карантин зоналари ва шифохоналардан келажакда қандай мақсадда фойдаланилиши аниқланди
АОКА ҳузуридаги штабда Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров брифинг ўтказди ва муҳим савол оҳамда мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарди.
— Қурилаётган карантин зоналари ва шифохоналардан келажакда қандай мақсадларда фойдаланилади?
— Мажмуаларда яратилган шароитларни эътиборга олиб, уларнинг ҳар биридан кўп тармоқли шифохона сифатида фойдаланса бўлади. Тўғри, қисқа вақт ичида қуриляпти, лекин жаҳон талаби ва меъёрлари асосида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғинга қарши бош бошқармаси ҳамда «Ўзтиблойиҳа» ихтисослашган лойиҳа ташкилоти билан биргаликда тиббий технологик жараёнга асосланган лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ушбу мажмуалар сўзсиз келажакда республикамиз ахолиси учун беминнат хизмат қилади.
Карантин зоналарининг келажаги ҳақида гапирганда айтиш керакки, ушбу мажмуалар карантин холати якунлангач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария эпидимиологик осойишталик агентликлари билан келишилган ҳолда самарали ишлатилиши ташкил этилади.
— Карантин шароитида қурилиш материалларини қандай тартибда сотиб олсак бўлади?
— Ҳозирда барча ишлаб чиқарувчиларга интернетда ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали харидорлар билан алоқалар ўрнатиш ва маҳсулотларни махсус дезинфекция қилинган автомобилларда қурилиш жойига етказиб бериш бўйича ҳам вазифалар юкланган. Бу бўйича ишлар олиб борилмоқда.
— Пандемия даврида қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш қай тарзда амалга оширилади?
— Соҳадаги назорат тизими бир неча босқичли бўлиб, буларга техник назорат, муаллифлик назорати, ички назорат ва инспекция назорати киради. Албатта, бу ишлар Республика махсус комиссияси тавсияларига кўра масофадан туриб амалга оширилиши, бунда видео кузатув, ахборот алмашувининг электрон тизими, кунлик фото ва видео ҳисоботлардан кенг фойдаланилади. Ушбу ҳисоботлар «вахта» услубида ишлайдиган пудрат ташкилотларнинг ички назорат ходимлари томонидан тайёрлаб борилади. Қурилиш объектига тўғридан-тўғри чиқиш ҳолатларида ходимлар ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланиши учун тегишли ташкилотлар томонидан чоралар кўрилган.
— Карантин вақтида лойиҳа-смета хужжатларини экспертиза қилиш қандай амалга оширилади?
— Республика миқиёсида махсус гуруҳ тузилган бўлиб, лойиҳаларнинг 90 % электрон шаклда қабул қилиниши йўлга қўйилди. Аслида бу тизим жорий йилнинг август ойида ишга тушиши белгиланган эди, лекин бугунги карантин даврида ишларнинг узлуксиз давом этишини таъминлаш ва буюрмачиларга қулайлик яратиш мақсадида вақтлироқ ишга туширилди. Бунда, бу тизим орқали инсон фактори олдини олинган, яъни «буюртмачи» ва экспертиза вакили бир-бирини кўрмайди.
— Тошкентда яшайман. Навоий вилоятидаги тендер савдоларида қатнашмоқчиман. Ҳозир карантин. Қайси тартибда ёки қандай қилиб таклиф пакетларини тендер ташкилотчисига етказсам бўлади?
— Карантин вақтида «Ўзбекистон почтаси» АЖ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча бўлимлари ўз иш фаолиятини амалга оширмоқда. Таклиф пакетларини тендер ташкилотчисига етказиб беришда ҳозирча «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг почта хизматларидан фойдаланишингиз мумкин. Лекин қўшимча қилиб айтишимиз мумкин, бугунги кунда Қурилиш вазирлиги тизимидаги барча хизматлар рақамлаштирилмоқда, айнан лойиҳалар тендер савдолари ҳам 1 июльдан электрон кўринишга ўтказилади ва босқичма-босқич бошқа хизмат турларимиз ҳам онлайн тарзида амалга оширила бошланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter