«Камбағални урма, сўкма...» ёхуд шудгордаги қуйруқ
«Обод қишлоқ» дастури бутун юрт бўйлаб ёйилган пайтда ҳамма хурсанд бўлди. Ободлик, фаравонлик, шинамлик... Оқланган уйлару тозаланган кўчаларни кўриб, дилингиз яйрайди. Бироқ бўёқларнинг кўпи ҳам зиён. Негаки, ортиб қолган бўёқлар катта-ю кичик раҳбарлар томонидан ерли аҳоли ва юрт раҳбарларининг кўзига ҳам ишлатилдики, бунинг ортидан анча мунча одам зиён кўрди.
Сўзимиз шу ҳақда.
Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани Жом қишлоғидаги Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи Бурҳон Шукуров мактаб кўргану, бироқ хат савод масаласида озгина муаммо бор. Бировга зиёни тегмайди, ёлғон яшиқни билмайди. Бетга чопарлиги йўқ. Ҳатто ўз ҳақини ҳам талаб қилиб ололмайди. Шунданми қўл учида кун кўради. Икки боласи бор. Бир қизини амал-тақал қилиб, узатган. Бир ўғли ва бир хотинни боқиш унинг бўйнида. Эскичилик билан шуғулланади. Бир даҳлиз ва иккита дўлтахонали уйи бор. Қўли калталигидан молхона, сомонхона қура олмаган.
Ўтган йили «Обод қишлоқ» дастури бўйича унинг камбағалу ночорлиги инобатга олиниб, вилоят назорат тафтиш бошқармаси вакиллари ҳомийлигида уйи жорий таъмир қилиниб, атрофи олти сотихли қилиб, блок ғишт билан ўралди. Хонадон эгаси бунга қарши бўлди: «акалар, менга бу ерни ўраш керак эмас, шунисига катта раҳмат, ана кўряпсизлар, ҳовлимнинг атрофини чуқур ковлаб ўраб қўйибман. Эрта бир кун бу мени бошимга бало бўлади», деди. Бироқ вилоят назорат тафтиш бошқармаси (КРУ) вакиллари: «ака, хавотир қилманг, бизни ҳам тўғри тушунинг, буни расмга олиб тепага хўжайинларга кўрсатамиз, ҳисобот учун», дейишди.
Бало ҳам пайт пойлаб турган экан, дарров келди...
Сув балоси – қўшни балоси
Баҳорда ёққан ёмғирдан кейин Жом қишлоғига сел келиб, Бурҳон Шукуровнинг сойликда яшайдиган қўшниси – Пардабой Дўстовга зиён етади. Пардабойга давлат томонидан товон пули тўланалди. У Нуробод шаҳридан уй ҳам олади. Бироқ Дўстовни бу қаноатланмайди. Анидиша-ю, юртда мавжуд элчиликнинг барча расму русумларининг жамики пардаларини йиғиштириб қўйибми, ёки биз адашаётган бўлсак, «ён қўшни — жон қўшни»лигига борибми, «хокимнинг қарори қўлимда, сизлар менга уйларингнинг четида жой берасилар», деб Бурҳон Шукуровни ҳоли жонига қўймайди. Унга қўшилиб, маҳалла раиси, участка нозири, посбон, туман кадастри вакили ва землямер (танобчи)лар ҳам келиб: «Бурҳон, ерингдан Пардабойга бер, ҳокимни қарори бор, унда» дея, тинчини бузишади. Халқ ғамини ейдиган валломатларнинг сафарбарлигига ҳавасингиз келади. Киройи давлат хизматкори бўлса, шунчалик бўлади-да, дейсиз.
Бу ҳолат ҳар куни такрорланаверганидан Бурҳон Шукуров ва унинг хотини: «Қани ўша қарор? Унда бизнинг еридан олиб берилсин, деган жойи борми?» деб сўрайди. Бироқ ҳожатбарорлар қарорни кўрсата олишмайди. Барчаси туяқушдек боши ва елкасини қисишади.
Пардабой Дўстов табиий офатни пеш қилмасдан, юртга, қўшнисига дўстлик юзасидан, андиша пардасини улоқтирмасдан берилган товон пулига олган уйи билан кифояланса ҳам бўларди-ку! Яна ҳоким қарорини рўкач қилиб, камбағал ва бечора қўшниси шунчалар азобга солишидан не наф кўради? Маҳалла раиси, участка нозири, туман кадастр бўлими ходими, землямер (танобчи)лар кимнинг тегирмонига сув қуяётганини билмайдими?
Туман ҳокимининг қарори 2018 йил 17 ноябрь куни №1399-Қ рақам билан чиққан экан. Бу оғзаки гап. Бироқ шунча суриштирдик, ўша қарорни бизга кўрсатишмади. Бу қандай сирли ва сеҳрли қарорки, у билан танишишнинг умуман иложи бўлмаса-я?! Унинг ижросини таъминлаш маҳалла раиси, участка нозири, посбон, кадастрчи ва танобчи зиммасига юклатилгани-чи?! Ажаб, ажаб... Ҳаттоки, туман ҳокимининг ёрдамчиси туман ҳокими билан гаплаштириш у ёқда турсин, ҳаттоки, бу қарорнинг жамолини ҳам бизга кўрсата олмади. Бурҳон Шукуровнинг томорқаси хокимнинг заҳира ерига қандай қилиб киради? Ахир у инсон режани бажармаган фермер эмаски, дод дедириб ерини заҳирага олишса?
Бу ёқда Пардабой Дўстов ва унинг «дўстлари» Бурҳон Шукуровнинг олдига ҳар куни келиб, ерни оламан, деб жанжал қилади. Бутун қўни-қўшниларнинг олдида жанжал кўтаради. Бурҳон Шукуров ва хотини: «қарорни ҳоким чиқарган бўлса, ҳоким келсин, қани у бизнинг еримизни сизларга қандай қилиб бериб юборар экан», дейди. Бундан натижа чиқмагач, Шукуровнинг хотини ўзимга олов қўяман, дея бақиришгача боради. Жондан ўтказиб юришди-да, ахир?!
Ўйнашмагин арбоб билан...
Энг ёмони, кейинроқ бўлди. Яъни, 2018 йилнинг 25 декабр куни Нуробод туман фуқаролик ишлари бўйича туман суди Бурҳон Шукуров оиласи билан неча йиллардан бери яшаб турган, давлатга ер солиғини тўлаб келаётган томорқасидан сел келганда уйига зиён етган қўшниси — даъвогар Дўстов Пардабой Хушватовичга 6 сотих ерини олиб бериш ҳақида қарор чиқарди. Суд қайд этишича, «Ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонини қайтариш тўғрисида» даъвогар Пардабой Дустов судга мурожаат қилган экан...
Сирасини олганда, Бурҳон Шукуров суддан чақирув қоғозини 26 декабрь куни олади. Очиқ суд мажлисида у иштирок этмаса-да, унинг аҳволини ўзидан яхши билиб турган туман ер кадастр ва землямерлар — жуда яхши биладиган — вакиллар қатнашиб, даъвогар фойдасига ери хамирдан қилни суғургандек олиб беришади.
Аслида, бу машмашалар бошланишидан олдин Бурҳон Шукуров ўтган йили 23 ноябрда Туман кадастрига ерини расмийлаштириб бериш ҳақида ариза ҳам берган, ҳатто тўловини ҳам қилганди. Аммо расмийлаштиришни то ҳозирги кунгача орқага судраб юришибди. Шудгорда қуйруқнинг кўрингани шу ердан бошланади.
Масала юзасидан биз туман кадастри раҳбари Жамшид Жиянов, туман ҳокими ўринбосари О.Бўтаев ва бошқа раҳбарлари билан суҳбатлашдик. Масалани тушунтирганимизда, мутасаддилар бўлди, ер Бурҳон аканики, кўнглини хотиржам қилсин, деб айтишганди. Бироқ арбобларнинг гапи бошқа-ю иши бошқа эканлигини суд қароридан кейин билдик.
Хуллас, сирли-сирли жараёнлардан ўтиб, айни пайтда суд қарори чиққан. Навбат МИБчиларга эди, улар икки оёқни бир этикка тиқиб турганини сезиб турган бўлсангиз керак...
Қайдасан ҳақиқат, овоз бер?
Муҳтарам ўқувчи, келинг, масаланинг моҳиятига ИНСОН ТАҚДИРИга қараган каби назар ташлайлик. Бурҳон Шукуровнинг қўли калталиги бу — қўшниси ва бошқаларга оёқ ости бўлиши керак, дегани эмас-ку? Пардабой Дўстовга ер керак экан, у нега айнан қўшнининг жойини танлади? Бунга туман ҳокими, ўринбосарлари, туман ер кадастри бўлими мутасаддилари, маҳалла раиси, участка нозири, ҳаттоки, республика номидан ҳал қилувчи қарор чиқарадиган суд ақл кўзи билан эмас, балки бошқа кўз билан қаради? «Камбағални урма, сўкма, ёқасини йирт», деган нақл амалдорларга қўл келяптими? Буларни сўрайдиган инсон борми?
Нотавон ва ғариб Бурҳон Шукуровнинг ерига чанг солишдан олдин ҳокимият, суд, кадастрчилар Президент қарорига асосан ўз ерини ўзига бир марталик акция доирасида расмийлаштириб берса, асакаси кетармиди? Бир ғарибнинг кўнгли шод бўларди-ку!
Нурободдаги раҳбарлар «халқни рози қилиш» ишларини ана шундай ташкил қилишганми? Наҳотки, андиша қилмасдан, камбағал бечоранинг ерини зўравонлар тортиб олса? Шундай бўлган тақдирда, юрт эгалари бу масалага адолат нуқтаи назаридан қарашмаса? Бу ҳолат юртимизда олиб борилаётган ўзгаришларга нисбатан ишончига соя солмайдими?
Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими ерни қандай сотганлиги ҳақидаги гапларни эшитгансиз. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида минг афсуски, Нуробод туманида унинг ҳали оқоваси бор эканлигига тўлиқ ишондик.
...Тасаввур қилинг: бутун Жом элини йиғиб, «ОБОД ҚИШЛОҚ» дастури бўйича қилинган ишларни айтиб, туман ҳокими мақтанди. Кейин эса Бурҳон Шукуровнинг уйига келдик, туман ҳокими ва унинг аъёнлари тантанали равишда, пойига тўшалган поёндозлардан юриб, алвон тасмаларни кесиб, томорқанинг бир бурчагидан «ноқонуний ўзлаштириб олинган» ердан олинган олти сотихли жойни, Пардабой Дўстовга олиб бердик. Чапакбозлик. Қандай яхши манзара...
Аслида ҳоким фуқаронинг аҳволидан хабар олмагани хато, у зор қақшаб ҳузурига борганда киритмагани хато, ўзининг қарорига имзо чекиб, бир ғариб бечорани азобга қўйиши хато...
Дарвоқе, хатомикан ёки жиноят?
Ул зоти шариф ҳақиқатни курсисида ўтириб эмас, давлат раҳбари айтганидек, халқ орасида юриб, уларининг дарди малҳам бўлишдан топиши зарурлиги эслатиб қўйиш биз каби қалам соҳибларининг бурчи эканини қайд этдик, холос.
Шодиёр Ҳазрат Исмат ўғли
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter