«Камбағалликни камида 2 баробарга қисқартирамиз» — Президент
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми иштирокчиларига табрик йўллади.
Давлат раҳбари ушбу форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ҳамда биргаликда умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади, деб ишонишини билдирган.
«Мамлакатимизда 2022-2026 йилларда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни камида 2 баробарга қисқартиришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун, биз қуйидаги устувор вазифаларни тизимли равишда амалга оширмоқдамиз.
Биринчидан, иқтисодиётда хусусий сектор ролини тубдан ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва соғлом рақобат муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада ҳудудларнинг шароити, ўзига хос хусусияти ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда, бизнес учун солиқ юкини изчил камайтириб бориш ва молиявий ресурслар билан таъминлаш катта аҳамият касб этмоқда.
Иккинчидан, аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида ҳар бир маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастурларни ҳаётга жорий этмоқдамиз.
Жумладан бутун республикамиз бўйича «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Ташаббусли бюджет» дастурлари доирасида аҳоли учун зарур бўлган ичимлик сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар ҳолати яхшиланиб, таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилмоқда.
Учинчидан, аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя тизими билан тўлиқ қамраб олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бунда профессионал таълим сифатини ошириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш орқали аҳолини, биринчи навбатда ёшларни ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш масаласи стратегиямизда муҳим ўрин тутади.
Тўртинчидан, ташқи бозорлар ва ҳамкор давлатларда юзага келган таҳликали вазият шароитида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляция суръатларини жиловлаш чоралари кўрилмоқда. Натижада, жорий йилда мамлакатимизда 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилмоқда.
Бешинчидан, қишлоқ хўжалигига сув ва ресурс тежовчи, «ақлли» технологияларни жорий этган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини яратиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий диққат марказимизда бўлади.
Олтинчидан, барча ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар билан ташқи бозорларга чиқиш, бу борада транспорт-логистика тизимларини ривожлантириш орқали ўзаро боғлиқликни таъминлаш ислоҳотларимизнинг асосий йўналишларидан биридир», дейилади президент мурожаатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter