Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналистнинг орқасида кими бор… ёхуд «текшир-текшир»дан мақсад нима?

Журналистнинг орқасида кими бор… ёхуд «текшир-текшир»дан мақсад нима?

Мактабга келган комиссия (Махачқалъа, Доғистон). Иллюстратив сурат.

Фото: «Mklguo.ru»

Ҳар бир соҳа ўзига хос мураккабликларга эга. Айниқса, дунёдаги хавфли касблар сирасига кирувчи журналистик фаолият жараёнида бу жиҳатлар яққол кўзга ташланади. Чунки муаммоли вазиятларни ёритиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ва адолат мезонлари асосида баҳолаш ҳаммага ҳам ёқавермаслиги мумкин.

Журналист Беҳзод Қобуловнинг «Facebook»даги ўз саҳифасида чиқиши, «Жамият» газетасида чоп этилган «Комиссия «мудҳиш хато»ни топди» («Хаbar.uz» ахборот сайтида ҳам эълон қилинди) сарлавҳали мақоласи айни шу мавзу атрофида фикр юритишимизга туртки бўлди.

Илк манзара (!)

Журналист қаламга олган вазиятга холис ёндашиш мақсадида Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 34-мактабга йўл олдик. Чортоққа кириб борар эканмиз, йўл четидаги арчалар тагини тозалаётган аёлларга кўзимиз тушди. Йигирма чоғли аёлга икки-уч эркак ишбошилик қилмоқда. Қизиқсиниб, машинани тўхтатдик ва қайси ташкилотдан эканликларини сўрадик. «Мактабданмиз…»

Очиғи, жавобдан бироз ажабландик. Чунки айнан шу каби ишларни бажариш учун Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилиб, етарли маблағ ва техника билан таъминланганди-ку! Бироқ ўқитувчини «захирадаги мардикор» сифатида тасаввур этувчи онг янгиланмаса, қийин экан. Жамоатчиликнинг «Ўқитувчига эркинлик берайлик, у фақат таълим бериш билан шуғуллансин» деган давомли чақириғига қарамай, амалда ҳеч нарса ўзгармаяпти…

Баланд нуқтада

34-мактаб жамоаси эришган ютуқлар, ўқувчиларининг фан соҳасидаги кўрсаткичларидан ҳамма шароитларга эга, замонавий иншоот кўз ўнгимизда гавдаланган эди. Бироқ Чортоқ адирларининг баланд нуқтасига қатнов учун мутлақо яроқсиз йўлдан кўтарилишимиз кераклигини билгач, хато ўйлаганимизни англадик.

Мактабда мақтангулик шароитнинг ўзи йўқ: сув (на ичимлик сув ва на хўжалик учун ишлатиладигани) умуман етиб келмаган, электр таъминоти тизимини янгилашга эҳтиёж бор. Ўқитувчи ва ўқувчиларга ошхона зарур. Қарангки, шу ҳолатдаги мактабнинг ўқувчилари яқинда ўтказилган «Билимлар беллашуви»да ҳудуддан энг кўп ғолибликни қўлга киритган жамоа сифатида эътироф этилган. 10-синф ўқувчиси Маҳфуза Шодмонова ёш журналистлар ўртасида ўтказилган Республика танловида 2-ўринни эгаллаган. Қолаверса, Германия фонди томонидан ўтказилган танловда грант соҳибасига айланган. Мактабни битиргач, Маҳфуза Германия ёхуд юртимизнинг исталган олий ўқув юртида ўқиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, ушбу мактабнинг собиқ ўқувчилари орасида олий ўқув юртига қабул қилиниш кўрсаткичи ҳам анчайин юқори…

Уйда очилган мактаб

Ўрмонжон Қобулов 2012 йилдан бери мактаб раҳбари. Таълим ривожи йўлида меҳнат қилиб суяги қотганлардан. Шу ўринда бир мисол: Алихон қишлоғининг Деҳқонобод МФЙ болалари бир неча йиллар олдин мактабга бориш учун километрлаб йўл босишган. Домланинг лотореяга ютиб олган «Москвич»и улар учун ягона улов эди. «Эрталаб уйдан чиқсам, маҳалламиздан адир этагидаги мактабга қатновчи етти бола машинамга суяниб турган бўларди. Дарс тугагач ҳам шу аҳвол, еттови яна қалдирғочдек тизилиб мени кутиб турарди. Иссиқ кунларда майли, аммо совуқ кунларда… Мактаб директорига бу ҳақда бир неча бор айтдим. Амалий натижа бўлмагач, ўз уйимда улар учун мактаб очдим. Даставвал, таълим тизимидаги раҳбарлар эътироз билдиришди. Бироқ ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини текшириб кўргач, индашмади. Кейинроқ колхоз тугатилгач, мазкур бино мактаб учун берилди. Буни қарангки, ўша етти қалдирғочимдан тўрттаси бугун фан доктори даражасини олиш учун изланмоқда. Бу менинг ҳам ютуғим, деб ҳамиша фахрланаман. Чунки устоз учун шогирдининг камоли энг олий эътирофдир».

Мактабнинг маҳалла билан самарали фаолияти, ўқитувчилар жамоасининг тарғиботи боис хайрли ишлар давомли бўлмоқда. Деҳқонободлик Абдуғани ҳожи Дадабоев ўз ҳисобидан махсус стипендия ташкил этиб, ҳар ойда мактабнинг аълочи ўқувчисини тақдирлаб бораётир. 2007 йилда жорий таъмирдан чиқарилган бўлишига қарамай, қоровулхонасиз бўлган мактабга жамоа саъй-ҳаракати билан қоровулхона қурилди. Ўтган йили лимонарий ташкил этилди.

– Чағиртошли бўлгани учун еримизда дарахт кўкариши қийин, бир йиллик экинлар учун сув йўқ, – дейди директор Ў.Қобулов. – Бу эса қўшимча даромад топишимизга халал беради. Агар қўшимча даромадимиз бўлганида, электр тармоғини янгилаш учун керакли жиҳозларни ҳам, сув тортиб келиш учун 350 метрлик полиэтилен қувурларни ҳам харид қилган бўлардик. Тегишли мутасаддиларга нималарга эҳтиёжимиз борлигини расмий равишда билдирганмиз. Ижобий ечимдан умидвормиз. 268 нафар ўқувчига таълим бериш баробарида, муайян камчиликларни ҳал қилиб, етишмовчиликлар ўрнини тўлдириб боришга ҳаракат қиляпмиз.

– Махсус ишчи гуруҳларнинг текширувлари фаолият ривожига қанчалик ҳисса қўшаяпти?

– Баъзан кўзимиз илғамаган хатоларни четдан кўриб сезишади, тузатамиз. Бу яхши, аммо ҳар қандай текширув натижаси соҳа ривожига туртки бўлиши керак…

Таъмирга талаб борми?

27 февраль куни вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи вакиллари 34-мактабга келишди. Саккиз пунктдан иборат «камчиликнома» тўлдирилди. Улардан айримлари ростдан ҳам ўқитувчи масъулиятидаги масалалар, айримлари эса мактаб раҳбариятининг имконига ҳам, ваколатига ҳам тааллуқли эмас. Шулардан айримларига тўхталамиз. Хусусан, мактабнинг ювиниш хонасидаги мосламаларни қайта таъмирлаш масаласини олайлик. Аввало, мактабни тозалаш учун ҳам директорнинг шахсий автомашинасида адир этагидан кунда сув келтириладиган масканда ювиниш хонасини таъмирлаш мантиққа тўғримикан? Мактабнинг 2-қаватини ёритиш тизими борасидаги таклиф айни муддао бўлган, аммо таъмир жараёнида қурилиш корхонасининг «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш кўрганлиги сабабли мактаб электр тармоғида қисқа туташув туфайли тез-тез узилишлар рўй бериб турган бир пайтда… Бу ҳолатни бартараф этиш учун тармоқни янгилаш керак (бу эса директор ихтиёридаги иш эмас). Бунинг учун 8 та асосий шит сақлагич, 6 дона бир фазали 25 А автомат, бир дона 3 фазали 50 А автомат, 145 та кундузги лампа, ёқиш-ўчириш мосламалари зарур. 6 февраль куни Ў.Қобулов мутасаддиларга бу ҳақда билдириш хати орқали маълум ҳам қилган. Компьютер хонасидаги камчилик сифатида эътироф этилган масала эса жумбоқли. Чунки тизимдаги сўнгги қоидаларга кўра, ўқувчилар 25 нафардан кам бўлган синф гуруҳларга бўлинмайди. Шу туфайли ҳам 15 кишилик компьютер синфида 22 кишига дарс беришга мажбур бўлинмоқда.

Энг ёмони, камчиликлар қаторига киритилмаган, бироқ йиғилишда алоҳида таъкидланган ҳожатхона эшиги масаласидир. Бўрон натижасида учиб кетган эшик ўрнига яқин орадаги капитал таъмирланаётган болалар боғчасининг эски эшикларини келтириб ўрнатгани директорга калтак бўлмоқда. Эмишки, эшикларнинг ранги икки хил: бири яшил, бири ҳаво ранг…

Камчиликлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда директор Ў.Қобулов ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришини маълум қилган. Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соҳибжон Эргашев биз билан суҳбатда 34-мактаб директори Ўрмонжон Қобуловдан ҳеч ким ишдан бўшашини талаб қилмаганлигини айтди. «Жамият» газетасида эълон қилинган мақоланинг бир тарафлама, нохолис эканлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Яхши, журналистнинг мақоласи туфайли ҳеч қандай тазйиқ бўлмади, Қобуловнинг ишдан кетишини ҳеч ким талаб қилмади ҳам дейлик. Бироқ мақсади амалий ёрдам бериш бўлган ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракатлари шароити етарли бўлмаган 34-мактабга зуғум ўтказишдан бошқа қандай амалий фойда келтирди? Сув, электр энергияси муаммоси ҳал қилиндими ёхуд чекка ҳудудда бўла туриб Германияда ўзбек қизининг истеъдодини намоён эта олишига шароит яратган ўқитувчига бир парчагина бўлсин фахрий ёрлиқ тақдим этилдими?

Ўрмонжон Қобуловнинг сўзларини айнан келтирамиз: «Мен учун мактабга бир яхшилик қолиши керак, мақола ёзсангиз, мактабдаги сув ва электр масаласини кўтаринг. Шу иш ҳал бўлса, катта савоб бўларди. Менинг ишдан кетишим эса катта йўқотиш эмас, ортимда шогирдларим бор…» Бироқ ҳар бир ходим меҳнатига яраша рағбат топмоғи даркор эмасми?

Одатда, ўз қадрини билган, меҳнатининг баҳосини яхши англаган кадрлар арзимаган сабаб туфайли ариза ёзишни охирги йўл деб билади. Балки ғурур дермиз буни, балки камситишларга тоқатсизлик. Номланиши қандай бўлганда ҳам ҳақсизлик билан чиқишолмаслик ўқитувчида, айнан ўқитувчида бўлгани мақбул. Чунки шогирдлари унинг сўзидан ҳам олдин, тутумидан ўрнак олади.

Ким ҳақ?..

Энди Беҳзод Қобуловнинг юқоридаги мақоласидан иқтибос келтирсак: «Яқинда xabar.uz сайтида ўқитувчи, мактаб атрофидаги баъзи ғирромликларни мақола тарзида баён қилгандим. Мақолам чоп этилгач, отамнинг атрофида қора булутлар пайдо бўла бошлади. Отам ишлаётган мактабни «комиссия» босди. Текширувчилар вилоят халқ таълими бошқармасидан экан. Хуллас, қидира-қидира, ахийри битта «йирик, ўта мудҳиш» камчилик топибдилар: мактаб ҳожатхонасининг эшиги бўёқланмаган экан!»

«Ўқитувчи! Бўл тайёр — доим тайёр! Қисқача айтиб бўлмайдиган гаплар…» мақоласида ёшлигидан маориф муҳитида улғайган муаллиф соҳа ривожидаги тўсиқ ва муаммоларни куюниб, қалбидан ўтказиб ёзгани билиниб турибди. Шу билан бирга, педагогика соҳасига бўлган муҳаббатидан ичидагини «тўккан». Мақоладан муаллифнинг биргина истаги бўлган: «ўқитувчиларнинг ўзи келгусида катта ўзгаришлар, ҳақиқатталаблар яловбардорига айлана олса…» Аслида ҳам таълим-тарбия, Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, «биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир». Камчиликлардан кўз юмсак, ёш авлод тақдирига бефарқ бўлсак, эртага кеч бўлиши ҳақиқат.

Хўш, таълим соҳасидаги муаммоларни кўтариб чиқиши отаси ва у ишлаётган мактаб атрофида «қора булутлар айланишига» сабаб бўлаётгани қанчалик ҳақиқат? Ваҳоланки, журналистнинг «Facebook»даги чиқишига қолдирилган турли изоҳларда ҳам тизимда кўплаб муаммолар мавжудлигига ишоралар бор:

Адиба Умирова: Ўша мактаб директори бир пайтлар халқнинг болалари саводли бўлиши учун яшаб турган уйини мактабга айлантиришга ҳам рози бўлган экан. Шу ҳақда мақола ҳам ёзмоқчи бўлганман. ХТБнинг зиёлиларга бўлган ҳурмати шуми?

Нигора Умарова: Қадрнинг баҳоланиши… Мана инсонларни лоқайдлик касаллигига чалинтиришга сабаб бўлувчи усуллардан бири. Муаммони кўтариб чиққанлар шу кўйга солингач, одамлар «менга нима-сенга нима»га ўтиб қолишади-да…

Мақсуд Жонихонов: Эски, ўлик тузумдан қолган иллат бу. Раҳмат айтиш ўрнига қора чаплаш, ҳалол ишламоқчи бўлганга чоҳ қазиш, деб шуни айтадилар. Халқ таълими вазирига мурожаат қилинг.

Комилжон Шамсиддинов: Афсус, масалани ҳожатхона эшиги мезони билан ўлчайдиган текширувчига қолган таълим учун афсус…

Амалий натижа муҳим

Ўтган бир йил таҳлилига эътибор қаратсак, таълим, ундаги муаммолар энг кўп муҳокама этилган соҳалар сирасига киради. Энг қизиғи, бу камчиликлар барча ҳудудларда, ён-атрофимизда юз бераётганини ҳам кўриб турибмиз. Фаол саъй-ҳаракатлар туфайли соҳада қоғозбозликни камайтириш, ўқитувчилар обрўсини ошириш, жамоат ишларидан халос этиш борасида амалий ҳаракатлар эътиборга молик. Аммо илдиз отиб кетган муаммолар билан тизимли равишда курашиш талаб этилади. Бунда журналистларнинг роли катта.

Тан олишимиз керак, таълим соҳасидаги қоғозбозлик ва бюрократизмга қарши курашиш, самарасизликни самарадорликка айлантириш борасида изчил ислоҳотлар юз бераяпти. Шундай экан, масъул ходимлар таълим сифатини ошириш йўлида жонбозлик кўрсатишса, қоғозларга қараб эмас, амалий натижага қараб баҳо беришга ҳаракат қилишса, бугунги ислоҳотлар жараёнига кўмаклашган бўлар эди…

Шунда, балки Беҳзод Қобулов айтганидек, «Журналистнинг ортида ҳеч ким йўқ, деган ўй қачон пайдо бўлган ўзи? Қачон, айтинг, қачон танқид ёзган журналист мутлақ дахлсиз бўлади?» каби демократик жамият учун ёт бўлган саволларга ҳам ўрин қолмасмиди?..

P/S: Юқоридаги вазият юзасидан «Жамият» газетаси, «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ҳамда «Facebook» ижтимоий тармоғида Халқ таълими вазирлигига нисбатан кўплаб фикрлар айтилди. Бу ўринда биз кимнидир оқлаш ёки қоралаш ниятидан йироқмиз. Фақат ушбу ҳолатга вазирлик томонидан муносабат билдирилмаётганидан таажжубдамиз. Таълим тизими жамоатчилик эътиборида бўлиб турган айни пайтда мазкур вазиятга вазирлик мутасаддилари ойдинлик киритишса, мақсадга мувофиқ бўларди, назаримизда…

Дилдора Раҳмонова,
Акмал Тошев
«Ishonch» газетасининг сайтидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг