Журналистлар турнирида «МТРК» ғолиб бўлди (фото)
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг мамлакат футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда журналистлар ва нашриёт ходимлари ўртасида ўтказган мини-футбол мусобақаси ниҳоясига етди.
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сунъий майдонида 1-5 декабрь кунлари бўлиб ўтган баҳсларда жами 24 та жамоа иштирок этди.
Дастлаб жамоалар 6 та гуруҳга бўлинган баҳсларни ўтказди. Гуруҳ ғолиблари ва энг яхши натижа қайд этган иккита иккинчи ўрин соҳиблари, жами 8 жамоа чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Чорак ва ярим финалдан кейин турнирнинг бош совринига даъвогарлик қилган жамоалар номи маълум бўлди.
Бугун ЎФА сунъий майдонларида мусобақанинг учинчи ўрини ҳамда бош соврини учун ўйинлар ўтказилди.
Учинчи ўрин учун кечган ўйинда «Шарқ» нашриёти ва «Халқ сўзи» газетаси таҳририяти вакиллари майдонга тушишди. Муросасиз баҳсда газетачилар ғалаба қозонди.
«Халқ сўзи» — «Шарқ» — 2:0
Мусобақанинг финалида Ўзбекитон Миллий телерадиокомпаниясининг «МТРК» ҳамда «Zoʻr TV» жамоалари бош соврин учун кураш олиб боришди. Қизиқарли кечган учрашувда «МТРК» жамоаси 2:0 ҳисобида устун келди.
«МТРК» – «Zoʻr TV» – 2:0
Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Ўктам Ҳамроев ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Сардор Раҳматуллаев совриндор жамоаларга олтин, кумуш ва бронза медаллари, диплом ва совғаларни топширишди. Шунингдек, ғолиб жамоага ўн миллион сўм, совриндорларга эса саккиз ва олти миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Мусобақа кубогини «МТРК» жамоаси қабул қилиб олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter