Жулия Робертс 20 йиллик танаффусдан сўнг қайтмоқда
Романтик комедияларда суратга тушмай қўйганига 20 йил бўлган Голливуд юлдузи Жулия Робертсга ниҳоят янги роль топилди. «Жаннатга чипта» романтик комедиясида у билан бирга Жорж Клуни суратга тушади.
Жулия Робертс — жаҳондаги энг қиммат актрисалардан бири. Суратга тушган фильмлари жаҳон прокатида 2 миллиард доллардан зиёд пул келтирган. Уни танитган фильмлар эса романтик комедиялар — «Энг яхши дўстимнинг тўйи», «Ноттинг-Ҳилл» ва бошқалар.
«New York Times» билан суҳбатда 54 ёшли актриса нега шунча пайтдан бери романтик комедияларда кўринмай қолганини изоҳлади. Шунчаки пичоққа илинадиган сценарийга дуч келмаган...
Қолаверса, уч фарзандга она бўлганидан сўнг актриса кинодан кўра рўзғор юмушларидан, фарзандлар тарбиясидан кўпроқ завқ олишни бошлаган.
«Уйда ўз оилам бағрида эканим, уй бекаси эканим менга катта фахр бағишлайди», — деди актриса.
Бироқ энди болалар улғайди, онаси қанақа ижодкор эканини ҳам бир кўриб қўйишсин, қўшимча қилди Жулия Робертс.
Жулия Робертс 2002 йилда оператор Дэниел Модерга турмушга чиққан. 2004 йилда қиз-ўғил эгизаклари — Ҳэзел ва Финнеас, 2007 йилда яна бир ўғил фарзанд — Генри дунёга келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter