Жозеп Боррель Ўзбекистонга келмоқда
Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Марказий Осиё бўйлаб сафарини бошламоқда. Юқори мартабали дипломат Ўзбекистонга ташрифи доирасида президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиши режалаштирилган.
ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, Жозеп Боррель 16-17 ноябрь кунлари Қозоғистонда бўлиб, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва ташқи ишлар вазири Мухтор Тилеуберди билан музокара ўтказади. Сўнг у Ўзбекистонга келади. ЕИ бош дипломати 17-18 ноябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Европа Иттифоқи–Марказий Осиё вазирлар учрашувига раислик қилади ва «Европа Иттифоқи–Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича: «Глобал дарвоза» конференциясида ҳаммезбон сифатида қатнашади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов мезбонлик қиладиган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё 18-вазирлар йиғилишида хавфсизлик, савдо ва сармоя, транспорт, яшил энергия ва барқарор ўсиш, алоқаларни яхшилаш, шунингдек, минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазият ва Россиянинг Украинага қарши ноқонуний ҳарбий тажовузининг салбий оқибатлари ҳақида фикр алмашилади.
«Глобал дарвоза» анжуманида эса рақамли робита, транспорт коммуникацияси ва энергия алоқаси каби мавзулар муҳокама этилади.
Сафар доирасида вице-президент/олий вакил Ж.Боррель Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликни муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 16 июль куни Тошкентда ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро анжуман доирасида Ж.Боррелни қабул қилган эди.
Аввал хабар берганимиздек, ЕИ бош дипломати Самарқандда ўтадиган нуфузли анжуман олдидан ёзган мақоласида Марказий Осиё билан ҳамкорликка оид муҳим масалаларга ойдинлик киритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter