Жиззахда аёл ва 5 ёшли боланинг ёқиб юборилган жасади топилди. Қотил уларнинг яқини бўлиб чиқди
22 ёшли йигит ўзидан 7 ёшга катта бўлган аёлини хиёнатда айблаб, уни ва 5 ёшли фарзандини ўлдирди.
Жиззах вилояти ИИБ хабар беришича, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ғаллаорол тумани ИИБга туманнинг Заргар қишлоғидан ўтган Тошкент – Термиз автомобиль йўлининг ёқасидаги қирликда аёл ва боланинг жасади борлиги ҳақида хабар келиб тушади. Тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига йўл олади. Тезкор гуруҳ воқеа жойида мудҳиш манзарага гувоҳ бўлишади. Аёл ва 5 ёшли боланинг юза қисми ёқиб юборилган эди.
Тез орада криминалистлар аёлнинг шахсини аниқлашади. Шундан сўнг, жиноятнинг изи очилади ва қотилликда гумондор ўз уйида қўлга олинади. Йигит қилмишини тан олиб, қотиллик қандай рўй берганини сўзлаб беради.
Бухоро вилоятида 2000 йилда туғилган йигит 1993 йилда туғилган аёл билан бундан 5 йил аввал танишиб, учрашиб юради. Йигитнинг ҳам, аёлнинг ҳам яқинлари бу муносабатга қаршилик қилишгач, улар яширинча никоҳ қуриб яшаб келишган. 2017 йилда фарзанди туғилган. Турмуш ташвишлари бошига тушган йигит афсус чека бошлайди ва ўзини хато қилган деб ҳисоблайди.
Кузнинг бошида аёл яна ҳомиладор бўлиб қолади. Бу вақтда йигит Тошкентга ишлагани кетган эди. Аёл йигитнинг отасига қўнғироқ қилиб, ўғли билан муносабатлари ҳақида бор гапни айтади, СМСлар ҳам ёзиб юборади. Аёлнинг мақсади бу оилада ўз ўрнига эга бўлиш эди.
Шундан сўнг, йигит аёлни Тошкентга чақиради. Улар у ерда бироз яшагач, Бухорога қайтаётган вақтида Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Заргар қишлоғидаги қирликлар олдида йўловчи ташиш машинасидан тушиб қолишади.
Тепаликка чиқиб бироз дам олишади. Йигит аёлнинг қўлида пулни кўргач, уни хиёнатда айблаб, тарсаки туширади. Аёл эса тош билан эрининг бошига уради. Ғазаби қўзғаган эркак барини шу ерда тугатишга қарор қилади ва аёлни бўғиб ўлдиради. Ухлаб ётган фарзанди шовқиндан туриб келиб, воқеа гувоҳи бўлади. Уни отаси олиб кетмоқчи бўлганида бола онаси билан қолишни истаб йиғлайди. Сўнг йигит болани ҳам сумка тасмаси билан бўғиб ўлдиради.
Эркак марҳумларнинг жасадларини уларнинг кийим ва буюмларига қўшиб, ёқиб ўзи эса ҳеч нарса бўлмаганидек Бухорога кетиб юборади.
Энди уни узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазоси кутмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter