Хитой фуқароси ўзининг дафн маросимидан икки ой ўтиб уйига қайтиб келди
Хитойнинг Чунцин шаҳрида яшовчи Цзяо фамилияли одам ўзининг дафн маросимидан икки ой ўтиб уйига қайтиб келди, деб ёзади «Daily Mail».
Нашрнинг хабарига кўра, март ойида руҳий касалликка чалинган 43 ёшли эркак уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Оиласи полицияга мурожаат қилган, маълум пайтгача уни қидиришган. Апрель ойида қариндошлари йўқолган одамнинг тавсифларига тўғри келадиган киши қўшни провинциядаги шифохонага ётқизилганидан хабар топишган.
Бемор жуда оғир аҳволда бўлган. Цзяонинг тоғаси ҳалиги одамнинг юзи кислородли ниқоб туфайли яхши кўринмаётган бўлса ҳам, жияни эканлигини тасдиқлаган.
Оила ўлим тўшагида ётган одамни уйига олиб кетишга қарор қилган, бунинг учун 12 минг юань (17 миллион сўм атрофида) сарфлашга тўғри келган. Афсуски, бемор йўлда вафот этган, мурда эса куйдирилган. Қариндошлари яна 140 минг юань (чамаси 200 миллион сўм) сарфлаб дафн маросимини ўтказишган.
Май ойининг охирида Шанжао шаҳар полицияси оилага қўнғироқ қилиб, ўзини Цзяо деб таништираётган уйсиз одамни топганини маълум қилган. Бу сафар қариндошлари уни таниган, шекилли, 5 июль куни эркак уйига қайтиб келган.
Энди оила беморларни адаштириб қўйган шифохонадан компенсация ундириш пайида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter