Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаслиқ ёпилди, навбатдаги қадам қандай бўлади? Евроиттифоқ бу борада расмий баёнот берди

Жаслиқ ёпилди, навбатдаги қадам қандай бўлади? Евроиттифоқ бу борада расмий баёнот берди

Европа Иттифоқи Қорақалпоғистондаги Жаслиқ колониясининг ёпилиши юзасидан баёнот берди. Расмий Брюссель ушбу воқеани қамоқхоналарни яхшироқ бошқариш йўлидаги қадам деб баҳолаган.

Қайд этилишича, ЕИ Ўзбекистоннинг «Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция» Факультатив протоколини ратификация қилиши ва уни тўлиқ ижро этиши, шу асосда жазони ижро этиш тизимидаги ислоҳотларни давом эттиришини истайди.

Баёнотда илғор халқаро тажрибага мувофиқ, Омбудсманнинг миллий профилактика механизмини амалга ошириш бўйича ваколатларини кенгайтириш лозимлиги ҳам эслатиб ўтилган.

«2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида таъкидланганидек, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистоннинг жадал иқтисодий ва ижтимоий тараққиётининг муҳим шартидир. Ҳам хорижлик, ҳам маҳаллий иқтисодий операторларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончи ва Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиши ушбу соҳадаги мунтазам ижобий ўзгаришларга боғлиқдир. Европа Иттифоқи муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқадиган бу каби саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр», – дейилади ЕИ баёнотида.

Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни «Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ушбу қарор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ижобий баҳоланди.

Human Rights Watch ташкилоти вакили Стив Свердлоу Жаслиқ колонияси ёпилишини «ақл бовар қилмас янгилик» деб атаб, қийноқлар даври ортда қолганига ишонч билдирди.

Amnesty International ташкилоти вакили Дэниел Балсон Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига соя солиб турган колониянинг ёпилиши инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида дадил одим бўлганини қайд этди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер ушбу қарор халқаро ташкилот тавсияларига мувофиқ эканини таъкидлади.

Ўтган йиллар давомида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси ҳамда бир қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматига Жаслиқ колонияни ёпишни сўраб мурожаат қилган.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг