Жарималар давлат бюжетини тўлдириш учунми?
Аввал хабар берилганидек, кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ИИВ раҳбарияти ва масъул мутасаддилари иштирокида ОАВ ходимлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Журналистлар кундузи чироқ ёқиб ҳаракатланиш оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиқаётгани ҳақидаги хабарлар қанчалик асосли эканини сўради.
«Биз бундай ҳолатларни Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда ўрганамиз, – деди ИИВ Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоров. – Кундузи чироқ ёқиб юрилиши туфайли автомобиллар ёниб кетгани ҳақида бизда бирорта ҳолат қайд этилмаган. Бу ҳақда бизга Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан расмий маълумот берилган. Менимча, транспорт воситасида келиб чиққан ёнғин сабабларини унинг чироқларига боғлаш тўғри бўлмайди».
Хусусий телеканаллардан бирининг мухбири қуйидагича савол берди:
«Куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланмаганларга жарима тайинланди, – деди журналист. – Умуман, белигланган тартибга амал қилмаганлик учун жазо чоралари кундан-кунга қатъийлашиб бормаяптими? Бундай жарималар давлат ғазнасини қоплаш учун ўйлаб топилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда гап-сўзлар кўпаймоқда, фуқаролар норозилиги авж олмоқда. ИИВ тизимида аҳоли билан мулоқот, мурожаат ва арзлар билан ишлаш қандай қўлга қўйилган? Келиб тушаётган шикоятлар асосан қайси мавзуда?»
Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари мурожаатлар мониторинги олиб борилиши, бироқ ҳозир ёнида уларнинг сони ва таснифланиши бўйича аниқ статистик маълумотлар йўқлигини билдирди.
«Шикоятлар сони ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан камайган, – деди Эрали Бозоров. – Бунинг сабаби тизимда кадрлар билимини оширишга қаратилаётган эътиборда, деб ўйлайман. Чунки малакасиз ва билимсиз кадрлар туфайли соҳадаги муаммолар вақтида ечилмай қолаверади, бу эса шикоятларни келтириб чиқаради. Жарималар нега жорий қилинади? Пул топиш учун эмас! Мақсад битта – ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини таъминлаш, йўл-траспорт ҳодисаларининг олдини олиш».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter