Украина уруши даврида Жанубий Корея қурол экспорти 140 фоизга ошган – NYT
Жанубий Корея Украинадаги можаро давомида қурол сотишнинг ўзидан миллиардлаб даромад кўрди. Бу ҳақда The New York Times газетасида чоп этилган мақолада айтилади.
Қайд этилишича, ўтган йили Жанубий Кореядан қурол экспорти 140 фоизга ошиб, 17,3 миллиард долларни ташкил этган. Бу суммага, нашр Украинанинг энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўрсатаётган Полша билан 12,4 миллиард долларлик келишув ҳам киради. Сеул Варшавага танклар, гаубицалар, қирувчи самолётлар ва бир нечта ракета тизимларини етказиб беришга рози бўлган.
Газета, ўз навбатида, Жанубий Корея Украинага тўғридан-тўғри қурол сотмаслигини, у можарога алоқадорлигини қатъиян рад этиб келаётганини ёзади. Бунинг ўрнига, мамлакат “дунёдаги қайта қуролланиш бўшлиғини тўлдиришга” эътибор қаратган. Жанубий Кореянинг эҳтиёткорлиги қисман Москвага очиқ қаршилик кўрсатишни истамаслиги билан боғлиқ бўлиб, у Москвадан вазият тобора кескинлашаётган Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларни жорий этишда ҳамкорлик қилишга умид қилмоқда. Бошқача қилиб айтганда Сеул Вашингтон билан мустаҳкам иттифоқ ва ўз манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлаб, «дорда юришда давом этмоқда».
3 март куни Жанубий Корея бош вазири Хан Док Су Сеул Украинага қурол-яроғ жўнатиш борасида ҳали қарор қилмаганини айтди. Шу билан бирга, бош вазир 2023 йилда Жанубий Корея Украинага умумий қиймати 130 миллион долларлик гуманитар ёрдам кўрсатишини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter