Жанубий Кореяда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланди

Жанубий Кореяда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланди. Бу ҳақда мамлакат касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари раҳбари Чжон Ин Кен маълум қилди.
Корея Республикасида коронавирус бўйича вазият кескинлашмоқда. Ҳолбуки, шу пайтгача эпидемиологик ҳолат анча барқарор саналарди. Тиббиёт ходимларига кўра, ҳозир мамлакатда коронавируснинг иккинчи тўлқини авж палласига чиққан.
«Пойтахт ҳудудида биринчи тўлқин февраль, март, апрель ойларида кузатилганди. Энди иккинчи тўлқинга гувоҳ бўляпмиз. У май байрамларида бошланган», — таъкидлади Чжон Ин Кен.
Шифокорлар иккинчи тўлқинга карантин чораларининг бўшаштирилганини сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Бу айнан май байрамларига тўғри келади.
Шунингдек, оралиқ масофани сақлаш қоидларининг бузилиши ҳам вируснинг тарқаб кетишига йўл очмоқда. Масалан, Сеулда байрам кунлари тунги клуб ва барларга борган ёшлар ўртасида коронавирус аниқланяпти.
«Worldometer»дан олинган сўнгги маълумотга кўра, Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони 12 484 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 10 908 нафари соғайиб кетган (87 фоиз), қурбонлар сони — 281 нафар. 1295 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter