Жамиятга айланмасак... тутқунликка учраймиз
Жамиятга айланмасак, тўғрисини айтганда, ҳеч қаерга боролмаймиз. Жамият ичидаги турфа гуруҳлар ўзаро келишиб, ушбу умумий уйда биргаликда яшаш қоидаларини ишлаб чиқмаса... бир жойда депсиниб тураверамиз — барча куч, вақт ва иқтидор маъносиз (маъноли бўлса майли эди) тортишувга, ҳуқуқларни талашишга кетиб қолади.
Вақт эса зиқ — зудлик билан том маънодаги жамиятга — онгли кишилар иттифоқига айланмасак, бир фурсатдан кейин яна бир бор тутқунликнинг бирон-бир турига мубтало бўламиз.
Зеро, «ҳукмронлик» тушунчаси бўшлиқни инкор этади — омма том маънодаги жамиятга айланмаса уни тутқун қилиб, барча ҳаётий сувларини сиқиб ичадиганлар албатта топилади. Бу эса бизга керак эмас. Шунинг учун биз зудлик билан жамиятга айланишимиз керак.
Бу аслида осон — ҳар бир гуруҳ ўзининг асосий меъёрларга зид бўлмаган ҳуқуқларини эътироф этади, ўзаро маслаҳатлашилади ва ёнма-ён яшаш қоидалари қабул қилинади. Турли қарашларга эга инсонлар мазкур қоидаларга риоя этиб тотув яшайдилар ва жамиятнинг ривожига хизмат қиладилар. Қоидабузарлар эса барча гуруҳлар томонидан қораланади. Олам гулистон!
Аммо бу мақомга етишиш йўлида ётган тўсиқлар бор, булар — онгимизга ўрнашиб қолган нарсалар (стереотиплар) ва асоссиз ҳадиклар (комплекслар).
Стереотиплар ва комплекслар
Бу иккиси ҳам онгсизликнинг мевасидир. Иккови ҳам онгсиз равишда орттириб олинган, таги пуч нарсалардир. Масалан, кишининг ташқи кўриниши, кийиниши — мадомики жамиятнинг маънавий мезонларига дахл қилмаса — ҳар кимнинг ўз ихтиёридаги нарса. Бу — оддий мантиқ тақозо қиладиган ҳақиқат. Шундай эмасми? «Сен ундоқ кийинишинг керак, бундоқ кўринишда бўлишинг керак!» деб ахлоқ нормаларига зид бўлмаган нарсаларни жамиятнинг бир қисмидан талаб қилиш тўғри эмас.
Хўш, нега унда баъзи аёл-қизларнинг рўмол ўраши, баъзи эркакларнинг соқол қўйиши бунча шовқинга сабаб бўлаяпти? Жавоб битта — стереотиплар ва комплекслар.
Кимдир онгига ўрнашиб қолган, кўзи ўрганиб қолган шаклларни ҳимоя қилаяпти, бошқа бир тоифанинг саросимасига эса ички онгсиз ҳадиклари сабаб бўлаяпти. Қарши тараф эса «бу бизнинг оддий ҳуқуқимиз-ку» дея эътироз билдираяпти. Жанжал!
Тутқунлик
Ишларнинг онгсиз равишда содир этилиши — тутқунлик. Зеро, бунда киши фойда-зарни англамасдан ҳаракат қилади ва онгсиз ҳаракатининг қурбони бўлади. Тутқунлик бўлмай, нима бу? Масалан, жамиятнинг катта бир бўлагини бирламчи эътиқодий эҳтиёжларидан мосуво қилиш, бунинг оқибатида жамиятни бўлакларга бўлиб қўйиш — бундан ҳам катта йўқотиш борми? Бирлашган жамият қаёқда-ю, бўлакларга бўлинган, беҳуда тортишувдан боши чиқмайдиган, пароканда «жамият» қаёқда?!
Тутқунликдан қутулиш
Тутқунликдан қутулиш учун уялишни бошлашимиз керак. Стереотиплар ва комплексларга асир бўлиб турганимиздан уялишимиз лозим. Онгимиз торлигидан, ўзгача шаклларни унга сиғдиролмай, оддий мантиқ билан келишолмай турганимиздан уялишимиз зарур. Зудлик билан уялишни бошламасак, кўзимизни очмасак, жамият ичидаги гуруҳларнинг бирлашувига хизмат қилмасак саноқли кунларда тутқунликка юз тутишимиз мумкин.
Доира шаклидаги стол
Демократик тамойиллар ҳақида гап кетганда доира шаклидаги стол нафақат рамз, балки амалий анжом сифатида қўлланади. Бундай стол атрофида йиғилиб жамиятни кўпчилик бўлиб, баҳамжиҳат, музокара ила идора этиш адолат, ривож, мантиқни қарор топтиришга хизмат қилиши ўз исботини топган. Биздан ҳозир шу нарса талаб этилади. Бир стол атрофида диндор, динсиз, либерал ва консерватор ўтириб ватанда бир-бирини хафа қилмасдан яшаш қоидаларини ишлаб чиқиши, стереотиплар ва комплекслардан устун келиши керак. Ёки жамиятга айланиб ўзимизни ўзимиз идора қиламиз, ёки бизни кимдир тутқун қилиб ўз хоҳишича идора эта бошлайди.
Муҳаммад Шакур
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter