Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаҳоннинг энг барқарор валютаси ҳақида сўзланмаган ҳикоя

Жаҳоннинг энг барқарор валютаси ҳақида сўзланмаган ҳикоя

Фото: AFP / Getty Images

Бат — швейцар франкини айтмаганда, 1998 йил бошидан буён ривожланаётган ва ривожланган дунёнинг АҚШ долларига нисбатан қийматини энг яхши сақлаган валютаси. Таиланд Осиё молиявий инқирозининг ўчоғига айланган даврдан буёғига унинг валютаси энг барқарор йўлдан келмоқда. Financial Times мақоласи молиявий инқирозни енгиб ўтган ва жаҳондаги энг барқарор валютага эга Таиланд ҳақида.

Бундан 25 йил аввал, 1998 йилнинг февралида Бангкок Осиё молиявий инқирозининг ўчоғига айланди. Таиланд батининг қулаши «домино эффекти»ни қўзғади: минтақадаги бошқа валюталар ҳам қулашни бошлади. Жануби-Шарқий Осиё кўчалари исёнчилар билан тўлиб-тошган, ит эгасини танимас аҳволга келганди. Жаҳон етакчилари глобал балони енгишга уринаётган бир паллада, Таиланд ва қўшнилари чуқур депрессияга чўкканди.

Фаолияти тўхтаган молиявий компаниялар ходимлари Таиланд банки олдида намойиш ўтказишмоқда. 1997 йил 12 ноябр.
Фото: Апичарт Виравонг/Reuters

Молиявий инқироз Таиланд иқтисодиётини қарийб 20 фоизга қисқартириб юборди: акциялар 60 фоизгача қулаб, бат долларга нисбатан қийматининг катта ярмини йўқотганди.

Парадокс: инқироз даврида Бангкокда нарх-наво ақл бовар қилмас даражада арзон эди. Арзимас пулга дўконларни «супуриб кетса» бўларди.

Ана шундай алғов-далғов шароитда Таиландга сармоя киритишга тавваккалчиларгина жазм эта оларди.

Тарихда қолган, кутилмаган финалга эга воқеа.

1998 йил бошида Таиланд глобал радарларда йўқолиб қолди, бироқ бат пухта чиқди: швейцар франкини истисно қилганда, 1998 йил бошидан буён ривожланаётган ва ривожланган дунёнинг АҚШ долларига нисбатан қийматини энг яхши сақлаган валютасига айланди.

1997-1998 йиллардаги инқироз Сухарто диктатурасига хотима ясаган Индонезияда бунинг тескарисини кўрамиз: ҳозир бу мамлакатда 1 АҚШ доллари — 15 500 рупий атрофида, инқирозгача 2 400 рупий эди. Таиландда эса вазият ўзгача: 1 АҚШ доллари — 33 бат, инқирозгача 22 бат эди.

1997-1998 йиллардаги Осиё инқирози оқибатлари.
Манба: Forex.blog

Ҳозир Таиландда нархлар нисбатан қиммат эмас: чет эллик бу ерда беш юлдузли меҳмонхонани бир кечага 200 доллардан арзонроққа банд қилиши, Пхукетдаги қуюқ зиёфат учун 30 доллар тўлаши мумкин.

Қаттиқ валютали Таиланд жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини кўрсата олди. Инқироз ўчоғи барқарорлик рамзи, унинг тарихи бошқа ривожланаётган иқтисодиётлар учун сабоқ бўлди.

1998 йилдан сўнг аксарият ривожланаётган, айниқса, Жануби-Шарқий Осиёдаги инқироздан энг кўп азият чеккан давлатлар молиявий консерватив йўлни танлади. Илгари палапартишлик ва кронизм (таниш-билишчилик) ҳукм сурган Индонезия банклари охир-оқибат яхши бошқарувли моделларга ўтди. Филиппин ва Малайзия эса тақчиллик билан курашарди. Бироқ минтақада ҳеч қайси давлат Таиланд ҳукуматичалик иқтисодиёт масаласида қатъият ва изчиллик кўрсата олмади: хорижлик сармоядорларни чўчитиб юборадиган, валютани қулатадиган эксцессларга имкон қадар чап бериларди.

2000 йилга келиб Жануби-Шарқий Осиёда тикланиш даври давом этаётган. Ўшандан буён Таиланд давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 1 фоизни ташкил этмоқда. Яъни шаклланаётган бозор иқтисодиёти мамлакатлари учун ўртача кўрсаткичнинг ярмидан ҳам паст. Таиланд марказий банки ўта эҳтиёткор йўл тутди: ставкаларни нисбатан юқори, пул массаси ўсишини йилига 7 фоиз даражада ушлаб турди — бу ривожланаётган йирик иқтисодиётлар орасида учинчи энг паст кўрсаткич.

Таиландликларнинг қатъияти паст инфляция билан тақдирланди. Худди АҚШдаги сингари, Таиландда ҳам ўртача инфляция 2 фоиздан сал ошди — ривожланаётган мамлакат учун ноёб ҳодиса. Ривожланаётган бошқа иқтисодиётлар орасида 1998 йилдан бери фақат Хитой, Тайван ва Саудия Арабистонида инфляция Таиланддагидан паст бўлди.

Инқироздан олдин, Таиланд бат курсини долларга боғлаб қўйгани учун, мамлакат чет элдан катта қарзлар олиш имконига эга эди, бу эса жорий ҳисобларда катта тақчилликни келтириб чиқарди. Хорижликларнинг Таиландга ишончи пасайганидан сўнг мамлакат ҳукумати «бат-доллар тугуни»ни ечишга мажбур бўлди, бат бозор оқимига қўйиб юборилди. Аввалига қаттиқ зарбаларга учраган бат ниҳоят ўнгланиб олиб, волатиллиги (ўзгарувчанлиги) энг паст валюталар қаторига кирди.

Бунда ташқи савдодан олинаётган барқарор даромаднинг ўрни катта. Таиланд ривожланаётган мамлакатлар орасида энг очиқларидан саналади. Савдо ҳажми 1998 йилги ЯИМнинг 80 фоизидан ҳозир 110 фоизига (ўша пайтдаги ЯИМга нисбатан) етди. Таиланд ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмини ташкил этувчи саёҳлик ва қайта ишловчи саноат йўналишларидаги кучли жиҳатларига таянгани боис, қулаш даракчиси — тақчиллик ўз ўрнини тўкинликка бўшатиб берди.

Бангкок шарқий соҳилларидаги яшил пагодали тепаликларда инқироз даврида илк заводлар қурилиши бошланганди. Ўша ишлаб чиқариш марказлари ҳозир янада ривожланиб, кенгайган, масалан, электромобиллар учун эҳтиёт қисмлар шу ерда тайёрланади. Йирик хорижий инвесторларни бу ер оҳанрабодек ўзига тортмоқда.

Айни бир пайтда Пхукет ва Самуи сайёҳлик марказлари гуркираб ривожланмоқда, тиббиёт ва соғломлаштириш хизматларига талаб ошиб кетди. Инқироздан кейинги даврда туризмнинг ЯИМдаги улуши икки баравардан кўпроқ ошиб 12 фоизгача етди ва хорижий валюталарнинг Таиландга оқимини кучайтирди. Бунақа ривожланган сайёҳлик сектори иқтисодиёти фақат туризмга боғланган кичик орол-мамлакатлардагина бор.

Албатта, мамлакатнинг муаммолари етарли. Уй хўжаликлари катта қарзга ботган, ўхшаш мамлакатлар сингари Таиланд аҳолиси тез қаримоқда. Бироқ шу кўрсаткичлар фонида ҳам ҳозирги Таиланд инқироздан олдингисидан тамомила ўзгача. Аҳоли жон бошига даромад инқироздан олдин 3 минг доллар эди, чорак аср давомида кўрчаткич икки баравардан кўпроқ ошиб 8 минг доллардан тўғри келяпти.

Энг муҳими, бетиним сиёсий эврилишлар (сўнгги 25 йилда мамлакат конституцияси тўрт марта янгиланди!)га қарамасдан, Таиланд молиявий барқарорликни сақлаб қолди. Швейцар франки ҳеч қачон дуч келмаган муаммоларни енгиб ўтган бат жаҳоннинг энг барқарор валютаси сифатида мавқеини мустаҳкамлаб, иқтисодий ирода ва хоҳишнинг ижобий томонларини намоён этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг