Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шарофиддин Тўлаганов

Жаҳондаги турли «куч марказлари»нинг геосиёсий қарама-қаршилиги ахборот маконига кўчди

Жаҳондаги турли «куч марказлари»нинг геосиёсий қарама-қаршилиги ахборот маконига кўчди

Фото: «Radnews.ru»

Авторучка, ёзув машинкаси, қоғозлар, оддий телефон ва халқ тилида магнитофон, радиожурналистлар тилида репортёр деб аталувчи техникалар ўрнини мобил телефонлар, компьютер, ноутбук, рақамли диктофонлар эгаллади. Журналистлар меҳнати анча енгиллашди. Журналистларнинг бир авлоди кўз ўнгида ахборот узатиш технологияси бутунлай ўзгариб кетди. Замонавий технологиялар журналистикани «тош асри»дан олиб чиқди ва бу соҳани бутунлай ўзгартириб юборди. Бироқ ОАВнинг холис, тўғри ахборот тарқатиш борасидаги масъулияти ўша-ўшалигича қолиши керак эди. Аммо, минг афсуски, бундай бўлмаяпти.

Давримиз хақли равишда ахборот асри деб номланади. Жаҳон ягона ахборот майдонига айланиб бўлди. ХХ аср охири — ХХI асрга келиб эса дунё бутунлай ўзгариб кетди. Ахборот-коммуникация соҳаларининг тараққиёти, геосиёсий вазиятнинг кескин ўзгариши ким ахборотга эга бўлса ўша жамиятни бошқаришини кўрсатиб қўйди. Бу эса ҳар қандай давлат ва тузумнинг олдида долзарб муаммони келтириб чиқармоқда. Ахборот хавфсизлиги ҳар бир давлат миллий хавфсизлигининг таркибий қисмидир. У давлат ва жамиятнинг барча соҳаларидаги миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши керак. «Ҳар қандай давлатнинг оммавий ахборот воситаси чет эл таъсири остида қолар экан, жамият ўз тарихий идеаллари, қадриятларини бузишга йўналтирилган ахборотлар оғушида қолади», — деб ёзган эди америкалик олим Лэнс Беннет. Ҳозирги кунда жаҳондаги турли «куч марказлари»нинг геосиёсий қарама-қаршилиги ахборот маконига кўчди деган гапларда жон бор. Яъни, оддий сўз билан айтганда, ахборот кимнинг қўлида бўлса ўша хақ бўлиб чиқмоқда.

Рус ёзувчиси Антон Чеховнинг «Олтинчи палата» қиссаси ёдингиздами? Бош шифокор мансабини эгаллаш мақсадида бош шифокор ўринбосарининг хатти-ҳаракатлари ахборот хуружини эслатмайдими? Соппа-соғ одамни жиннига чиқариб, ўзининг қабиҳ мақсадларига эришган бош шифокор ўринбосарининг ишини ҳозир ғарб ОАВ ходимлари бажараётгандек.

Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда — эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Замонавий дунёда ахборотлар шу қадар кўпки, тарқатилаётган маълумотнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғрилигини аниқлагунча инсон онги биринчи тарқалган хабарга мослашган бўлади. Радио ва телевидение пайдо бўлганидан кейин дунё ўзгариб кетди. Интернет пайдо бўлиши билан эса бутунлай ўзгарди. Информация озчиликнинг эмас, барчанинг мулкига айланди.

Ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандай воқеа юз бермасин, одамзот бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида турган бўлишига қарамай зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ дея бепарво қараб бўлмайди. Ҳаётмизнинг бирор-бир соҳасини ахборотсиз тасаввур қилолмаймиз.

Бугун ахборот энг муҳим қадрият саналмоқда. Ахборот эса оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилади. Айрим ҳолларда матбуот одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ҳодисаларнинг нотўғри талқин қилинган ҳолда ёритилаётганидан кўриб, билиб турибмиз. Журналистлар ва медиа ходимлари нафақат иш берувчилар ва бозор олдида, балки жамият олдида ҳам масъулиятни ҳис қилишлари, демократияни ҳаддан ошиш деб тушунмасликлари керак. Эркинликка интилиш ҳар бир журналист олдида турган вазифа, аммо чегарани билиш шарт. Медиа жамият олдида маълум бир мажбуриятларни зиммасига олиши лозим. Бу мажбуриятлар ахборот тарқатишда ҳалоллик ва адолатни талаб қилади.

Жамоатчилик фикрини чалғитиш айнан оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилмоқда. У ёки бу мамлакатни ёмонотлиқ қилиш, ўзи танлаган тараққиёт йўлидан қайтаришга уриниш замирида тор манфаатлар ётибди.

Буюк бобокалонимиз Ибн Синонинг қуйидаги тўртлигини эслаб кўрайлик:

 

Ўзни доно билан уч-тўртта нодон

Эшак табиатин қилур намоён.

Улар қаторида сен ҳам эшак бўл,

Бўлмаса кофир деб қилурлар эълон.

 

Шу ўринда яна бир ҳикоятни ёдингизга соламиз.

Ота-бола сафарга чиқибди. Ота эшакка миниб олган. Бола пиёда. Бир кўчадан ўтишаётганда одамлар кулишибди: «Тентакларни қаранглар, ота эшакда, бола пиёда». Ўрин алмашибдилар. Бошқа кўчада «Қаранглар, ота пиёда, бола эшакда» дея яна кулишибди. Энди ота-боланинг ҳар иккиси эшакка мингашибди. Бошқа бир кўчада «Қаранглар, битта эшакка икки киши миниб олибди» деб яна кулишибди. Машҳур шоиримиз бу ҳикоятни янгича талқин қилиб, «орага эшак тушиб ота-бола ажрашиб кетди» дея шеър ёзган. Шоиримиз гўё эшакка урғу берган. Аммо чуқур фалсафа ётибди. Аслида шеърда миш-миш тарқатувчилар, воқеани нотўғри талқин қилувчилар эшак сифатида кўрилади.

Яқинда интернетда ғарб матбуотига бағишланган бир латифа ўқиган эдим. Унга сиз ҳам эътибор қаратишингизни сўрайман.

Парижга келган Рим папасини аэропортда кутиб олган журналистлар ундан «Париждаги фоҳишахоналарга муносабатингиз қандай?» деб сўрашади. Шунда у «Нима, Парижда фоҳишахоналар борми?» дея саволга савол билан жавоб беради. Эртаси куни газеталарда «Рим папаси аэропортда “Парижда фоҳишахоналар борми?” дея сўради» сарлавҳали мақола босилади. Мана шу латифанинг ўзиёқ ғарб матбуотида воқеалар нотўғри талқин қилинишини, сўзлар матндан суғуриб олинишини англатади.

Шу ўринда яна бир латифа. АҚШ кўчаларида сайр қилиб юрган бир қизга ит ҳужум қилибди. Воқеага гувоҳ бўлган бир йигит қизни ҳимоя қилиш мақсадида итни ўлдирибди. Эртаси куни газеталар «Америкалик қаҳрамон йигит қизни қутқариб қолди» деган мақола эълон қилади. Йигит «Мен бу мамлакат фуқароси эмасман» дейди. Газеталар «Хорижлик мард йигит ватандош қизимизни қутқарди» дейишади. Шунда йигит «Кечирасизлар, мен арабистонлик мусулмонман» деб айтади. Энди газеталар «Исломий террорчи бегуноҳ кучукни уриб ўлдирди...» дея урғуни қизнинг қутқарилишига эмас, итнинг ўлдирилишига беришади.

Мана шу икки латифанинг ўзиёқ жамоатчилик фикрини чалғитишга уриниш оммавий ахборот воситалари қўли билан амалга оширилаётганини кўрсатмоқда. Латифалар ўз йўлига. Энди воқеликка қайтайлик. Ўтган йилнинг ёзида Покистонда кунлар исиб кетди, одамлар иссиқдан вафот этган ҳолатлар учради. Ғарб матбуоти буни кенг ёритар экан, рамазон ойига ҳам шама қилиб ўтишди. Одамларнинг иссиқдан ўлаётганига рамазон ойи ҳам айбдордек гўё. Худди шу каби ҳодисалар Европада ҳам бўлди, аммо у ерда бу ҳолат глобал иқлим ўзгаришининг таъсири сифатида талқин қилинди. Бу каби ғаразли ахборотларни тарқатиш ортида тор манфаатлар ётгани аниқ.

Бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзларининг миллий ва стратегик режаларига эришиш учун, эрамиздан аввалги 6-асрда яшаб ўтган файласуф ва ҳарбий арбоб Сун Цзи ёзганидек, хоин ва сотқинлардан фойдаланмоқда. У ўз саркардаларига «Энг қабиҳ ва разил одамлар билан ҳамкорликдан фойдаланинг» деб маслаҳат берган эди. Сиёсий кучларнинг узоқни кўзлаган асл мақсадларини ўз вақтида сезиш ва англаш катта аҳамиятга эга. Эълон қилинмаган ахборот урушларининг замирида ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий онгини эгаллаш, миллий ва маданий қадриятларни йўқ қилиш, турмуш тарзимизга бегона қадриятларни сингдириш мақсади ётгани аниқ. Бундан огоҳ бўлишимиз керак.

Ахборот хуружи ёшлигимиздан бошланган десак, янглишмаган бўламиз. Масалан, эртакларда, дарсликларда айиқни асалхўр ҳайвон сифатида таърифлашарди. Энди билсак, бу йиртқич ҳайвон бўлиб, ҳатто гўштхўр экан. Хориж телевидениеси кўрсатувларини кўраётганда, интернетни титкилаётганда шу каби илк тасаввурларга алданиб қолмаслигимиз, фарзандларимизга ҳам шу нарсаларни тушунтиришимиз керак.

Айрим ҳолларда ОАВ одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Шу ўринда ўтган йили Францияда «Charlie Hebdo» ҳажвий журнали таҳририятига қилинган қуролли ҳужумни мисол сифатида келтириб ўтамиз. Бу ҳужум ва инсонларнинг ҳалок бўлганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Аксарият ғарб нашрларининг бу журналда чоп этилган Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажвий суратини қайта-қайта босиб чиқаришларини сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш сифатида талқин қилишлари ақлга сиғмайди. Бу билан улар динлар ва қадриятлар ўртасидаги нифоқни янада кучайтиришга рағбат берди. Карикатуралар «Guardian» ва «The Times», «Tagesspiegel», «Berliner Zeitung», «Blesk», «Berlingske», «El Pais», «Business Insider» ва «Huffington Post», шунингдек бошқа ўнлаб газеталарда чоп этилган. Шунга қарамай, бир қатор ахборот агентликлари, жумладан «Associated Press», «CBC News» ва «CNN» бундан ўзини тийган. Нима бўлганда ҳам қадриятлар, маданиятлар ва динлар ўртасидаги қарама-қаршиликдан фойда кўрувчи томонлар ютмоқда. Улар динни террордан, маданиятни маданиятсизликдан ажрата олмайдиган, ахлоқсизликни эркинлик деб билувчи инсонларнинг уқувсизлигидан фойдаланмоқда.

Медиа жиноятчиликни, зўравонликни тарғиб қилмаслиги, фуқароларнинг ҳуқуқларини камситмаслиги зарур. Бу матбуот эркинлигини чеклашни англатмайди. Шу ўринда демократия экан деб журналистика этикасини бузганлар ҳам жамиятга жуда катта зиён келтиришини англаб етиш керак. Айрим мамлакатларда «биринчи ҳокимият»га интилувчи «тўртинчи ҳокимият» вакиллари борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Улар олигархлар, молиявий гуруҳ, маҳаллий «барон»ларнинг қўлидаги бир қўғирчоқдир. «Тўртинчи ҳокимият» деб юритилаётганига қарамай ОАВни ҳукумат ёки тижорат структураси деб эмас, балки том маънодаги фуқаролик жамияти институти сифатида кўриш керак.

Айтишларича, финларда «дераза ойнасини журналистлар синдиради, уни ҳукумат қайта ўрнатади» деган гап бор экан. Истардикки, ҳамкасбларимиз мана шу ойнани – тўғрироғи, инсонларнинг кўнгил ойнасини синдирмасинлар. Кўнгил ойнасини қайта тузатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, кўзни каттароқ очиб, атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни теранроқ англасак айни муддао бўлар эди. Бугун қандай шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган, илгари учрамаган, ечими ўта оғир турли-туман муаммоларни туғдираётган ХХI асрда яшаётганимизни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг