IТ-Паркка айланган тўйхона (фото)
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ишчи гуруҳ дастлаб «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУКнинг Самарқанд радиотелеузатиш маркази фаолияти билан танишди. Марказнинг 90 нафардан зиёд ходими Каттақўрғон, Нуробод, Чўпонота, Тахтақорача, Жиззах, Қўйтош РТС ва тоғли ҳудудлардаги 81 та кам қувватли радиотелеузатиш станцияларига хизмат кўрсатади.
Бундан икки йил олдин марказ биноси «снос»га тушиб, жой масаласида муаммога дуч келган эди. АКТ вазирлиги раҳбарияти аралашуви билан марказ учун 17 сотиҳли бино ажратилди. Жамоа ўз кучи билан бинони таъмирлади, қулай шароитлар яратилди. Ҳовлисида мевали дарахтлардан иборат боғ барпо этилди. Бугун марказ биноси ҳавас қилса арзийдиган масканга айланди. Марказ мутахассислари Ишчи гуруҳга қилинган ишлар ва келгуси вазифалар тўғрисида тақдимот ўтказишди. АКТ вазири Шуҳрат Содиқов марказ ходимлари билан рақамли радиони ривожлантириш юзасидан фикр алмашди, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимояси қандай йўлга қўйилгани билан қизиқди.
Ўтган йилнинг декабр ойида Самарқанд шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IТ-Парк)нинг ҳудудий филиали замонавий инфратузилмага эга бинода ўз фаолиятини бошлаган эди. Аслида тўйхона сифатида қурилган бино пандемия сабабли фаолиятини тўхтатиб туриши мумкин эди. Аммо тадбиркор билан олиб борилган музокаралар натижасида бинони ёшлар учун фойдали масканга айлантиришга қарор қилинди. Бу ерда ахборот технологиялари соҳасида истиқболли стартап-лойиҳаларни амалга ошириш, уларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш, ёш дастурчилар тайёрлаш, соҳада янги иш ўринларини яратиш мақсадида IТ-Паркнинг Самарқанд филиали фаолияти йўлга қўйилди.
Бино икки қаватли бўлиб, объектнинг умумий ер майдони қарийб 1 гектарга яқин, майдони 1 118 кв. м.ни ташкил этади. Бу ерда 200дан ортиқ мутахассислар ишлаши мумкин. Самарқанд IT-Паркида коворкинг, резидентлар ва стартапчилар учун офис жойлари, замонавий ўқув хоналари, робототехника, киберспорт, музокара ва учрашувлар хоналари, конференц зал, интервю зона, кафе ва бошқа ёрдамчи хоналар энг сўнгги услубдаги дизайн ҳамда замон талаблари асосида ташкил этилган.
IT-Парк Самарқанд ҳудудий филиали ҳам ёшларни мазкур соҳага қизиқтириш, тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзларни берган ҳолда, уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шарт-шароит ва имконият яратиб бериш орқали соҳада дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортини йўлга қўйиш, янги лойиҳалар ва стартапларни ҳаётга татбиқ этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришда бевосита иштирок этиш, вилоятнинг жами хизматлар ҳажмида АКТнинг улушини сезиларли ошириш мақсадида иш юритмоқда.
АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳи аъзолари филиалда бўлиб, бу ерда «айтишник»ларга яратилган шароитларни кўздан кечиришди, уларнинг лойиҳалари билан танишишди.
Филиалда иш қизғин кетмоқда. АКТга ихлоси баланд ёшлар турли йўналишда таълим олаётган бўлса, бир гуруҳи ўзлари ишлаб чиқан лойиҳаларни такомиллаштириш устида изланмоқда. Салоҳиддин Мамадалиев ва Сабрина Маматқулова Utilitu robot – ёрдамчи роботни мукаммалаштиришмоқда. Ушбу робот оддий қилиб айтганда, инсонга ёрдам беради. Мисол учун, у ногиронларга кўмакчи бўлиши ёки ҳарбий амалиётда қатнашиши, ҳудудни миналардан тозалашда қатнашиши, қоровул вазифасини бажариши мумкин. Филиалда фаолият олиб бораётган резидент Бобур Ҳамидов жамоадошлари билан март ойидан буён талабгорларга 8 та веб-сайт тайёрлаб беришди.
Азиз Аҳмаджонов Payfiy.uz сайтини ишлаб чиққан. Азизбекнинг айтишича, сайт арзон авиачипталар ҳамда суғурталарни топиш, тўловларни онлайн ёки офлайн тўлаш имконини бераркан. У бу хизматни телеграм-бот орқали йўлга қўйиш устида ҳам изланмоқда. Мазкур платформа тўлиқ ишга тушса, сайёҳлик саноатини автоматлаштириш, янги хизмат турларини кенгайтириш, халқаро бозорда олди-сотди жараёнларини осонлаштиришга эришилади.
Шаҳло Ҳамроқулова эса хайтек музей лойиҳасини амалга ошириш ниятида.
Хуллас, филиал очилганига ҳали кўп бўлмаса-да, бу ерда иқтидорли дастурчилар, стартапчилар йиғилган, натижалар аста-секин бўй кўрсатмоқда. Энг муҳими, ёшларда иштиёқ кучли.
– «Айти» йўналишида ишлаш ниятидаги ёшлар кўплиги қувонарли, – деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов филиал ёшлари билан мулоқот давомида. – Албатта, сизларнинг бугун бошлаган лойиҳаларингиз эртага катта иқтисодий самаралар олиб келиши аниқ. Ҳозир биз сизлар учун қулай шароитлар, фаолиятингизни тўлиқ йўлга қўйиш учун имтиёзлар яратиб беришимиз шарт. Шунинг учун асло интилишдан, ҳаракатдан тўхтаманглар.
Вазирлик Ишчи гуруҳининг Самарқанд вилояти бўйлаб хизмат сафари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter