Исроил Рим папаси вафоти юзасидан таъзиясини «қайтариб» олди

Исроил ташқи ишлар вазирлиги Рим папаси Францискнинг вафоти муносабати билан ижтимоий тармоқларда таъзиянома чоп этди. Некрологга папанинг Қуддусдаги Йиғи деворида ибодат қилаётгани акс этган сурат ҳам илова қилинганди.
The Jerusalem Post нашри хабарига кўра, ҳамдардлик битиги қисқа муддатдан кейин Исроил ТИВнинг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларидан ўчириб ташланган.
Исроил ТИВ вакили таъзиянома хато туфайли чоп этилганини билдирган.
«Твит ва битиклар хато туфайли чоп этилган. Биз папанинг Исроилга ва (Ғазо секторидаги) урушга қарши баёнотларига ҳаётлигида жавоб берганмиз ва ўлимидан кейин бундай қилмоқчи эмасмиз», – деган Тель-Авив расмийси.
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан 2023 йил 7 октябрь куни Ғазо секторига бостириб кирганидан буён камида 51266 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Рим папаси Франциск минглаб тинч аҳоли қирилган ва Ғазо сектори буткул вайрон этилган ушбу урушни қоралаб баёнотлар берган. Жумладан, у Исроилнинг Ғазо секторидаги мактабларни бомбалаши оқибатида бегуноҳ болалар нобуд бўлаётганини кескин танқид қилган. Католиклар етакчиси Исроил ҳарбийлари томонидан қуролсиз насронийларнинг ўлдирилишини ҳам қоралаган.
Таҳлилчиларга кўра, Исроил ТИВ Рим папаси вафоти муносабати билан бир энлик таъзия йўллашни лозим топмагани шу жиҳат билан асосланади. Ҳозирга қадар Исроил раҳбариятидан фақат президент Ицхак Герцог папа ўлими юзасидан таъзия билдирган. Аммо бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ҳодисага муносабат билдирмаган.
Исроилнинг Ватикандаги собиқ элчиси Рафаэль Шютц The Jerusalem Post нашрига берган интервьюсида Исроил ҳукуматининг папа ўлими юзасидан сукут сақлаётганини хато деб атаган.
«Бу хато қарор деб ўйлайман. Биз кимнингдир ўлимидан кейин бу тариқа ҳисоб-китоб қилишимиз тўғри эмас. Бу ўринда гап шунчаки давлат раҳбари ҳақида эмас, балки инсониятнинг 20 фоизи – бир миллиарддан зиёд одамнинг маънавий раҳнамоси ҳақида кетмоқда”, – деган Рафаэль Шютц.
Аввал хабар берганимиздек, католик оламининг етакчиси Франциск 21 апрель куни 88 ёшида вафот этди.
Дафн маросими 26 апрель куни ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter