«Ишингни эпла, Миронов» – «Юксалиш» раиси рус сиёсатчисини танқид қилди
31 май куни «Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов Думадаги чиқишида Украинадаги урушда Россия томонидан туриб қатнашмоқчи бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўз давлатларида жиноий жавобгарликка тортилишини «абсурд» деб атади.
У, жумладан, Twitter саҳифасида шундай ёзади:
«Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва кузатувчи давлатлар ҳисобланади. Агар ушбу мамлакатлар фуқаролигига эга бўлган рус миллатига мансуб киши ўз тарихий ватанига (Россияга демоқчи, -таҳр.) ёрдам беришга ва «Украинага қарши махсус операция» (урушга демоқчи, таҳр.)га боришга қарор қилса, у қамоққа юборилади. Бу бемаънилик! Биз бу масалани давлатлараро даражада ҳал қилишни таклиф қиламиз!»
Ўз навбатида, унинг бу чиқишига «Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмуродов жавоб қайтариб унга ўз «ишлари» билан шуғулланишни маслаҳат берди.
«Бизнингча, Миронов бу масалага салбий муносабат билдиргандан кўра, ўз қонунчилиги билан ишлагани маъқул», – дейди Бекмуродов.
У, шунингдек, ёлланганлик учун жиноий жавобгарлик Россия қонунчилигида ҳам борлигини, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати эса бошқалар билан бирга куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик принципига асосланишини эслатади.
«Ўзбекистон суверен мамлакат ва биз геосиёсий ва айниқса бошқа давлатлардаги ҳарбий вазиятга қараб қонунчилигимизни мослаштирадиган, бошқалар учун қулай қонунлар қабул қиладиган давлат эмасмиз.
Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади», – дейди Бобур Бекмуродов.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter