Интернетда болалар ҳимоясини таъминлашнинг имкони борми?

Ижтимоий тармоқларда мобиль қурилмаларга ҳатто гўдак болалар қарам бўлиб қолаётгани, бунинг оқибатида уларда даҳшатли синдром, касаллик ёки одатлар пайдо бўлаётгани ҳақидаги маълумотларга кўзимиз бот-бот тушади. Бунга ҳатто ўрганиб ҳам қолдик. Ёш оналарнинг турмуш ташвишларига кўмилиб, болани овутиш учун қўлига телефон тутқазаётгани – бунинг келгусидаги таъсири тўғрисида ўша вақтда тафаккур ҳам қилмаяпмиз.
Масалан, уч ёшли ўғлим YouTube видеохостингидан Жанубий Кореяда ишлаб чиқилган «Тайонинг саргузаштлари» номли анимацион сериални ёки машиналар ҳақидаги бошқа мультфильмларни томоша қилади. Уларни, одатда, онаси ёки опаси қўйиб беради. Болани телефондан ажратишнинг йўли сифатида боғчага чиқардик. Йўқса, планшетни кўтариб, «Тайо» қўйиб бер» деб, хархаша қилаверарди.
Очиғи, Интернет жаҳон ахборот тармоғида турли холис-нохолис ахборотлар оқимининг кўпайиши болалар тарбиясига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Бугунги болаларнинг турли технологияларга анча ёшлигидан ўрганиб, мослашаётганини уч ёшли фарзандим мисолида кўриб турибман. Бунинг ижобий ва салбий томонлари бор, албатта.
Ижобий томонлари ҳақида гапирадиган бўлсак, тан олиб айтиш керакки, билим олиш, зарур ахборотни излаб топиш имкони кенгайди. Интернет ва технологиялар орқали болалар турли хил фанлар, тиллар ва касблар ҳақида тез ва кенг маълумотга эга бўлишмоқда. Тарқатилаётган маълумотларнинг тўғри ёки холислиги эса алоҳида масала.
Иккинчидан, болалар қизиқишларига мос турли онлайн китоблар, видеолар ва курслар топиб, ҳар томонлама ривожланиш имконига эга.
Учинчидан, юқорида таъкидлаганимиздек, болалар янги технология ва инновацияларга тез ва осон мослашади. Қачонки, Интернетдан оқилона фойдаланишса, келажакда улар катта муваффақиятга эришишлари мумкин. Айни шу масала, менимча, нафақат ўзбекистонлик, балки бутун дунёдаги ота-оналар учун оғриқли бўлиб қолаяпти.
Интернетнинг салбий томонлари ҳам кўп бўлиб, энг аввало, болаларни назорат қилиш кундан-кунга қийинлашмоқда. Болани Интернетдан тўлиқ чеклаш – ҳозирги замон учун мантиқсизликка ўхшайди. Нимани кўраяпти, ким билан гаплашаяпти, деб ҳам уларни туну кун назорат қилишга ҳамманинг ҳам вақти ва сабри етмайди. Демак, бу, ўз навбатида, уларни зарарли контент, ёлғон маълумот ва номақбул инсонлардан ҳимоялаш билан боғлиқ муаммоларни юзага чиқармоқда. Энг ёмони, юқоридаги каби ҳолатлар асрлар давомида шаклланган оилавий муносабатларимизни заифлаштирмоқда. Минг афсуски, буни ҳар куни кўриб, билиб турибмиз.
Халқаро ташкилотларнинг хавотири
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг 2018 йилдаги тадқиқотига кўра, ҳар куни 175 мингдан ортиқ бола биринчи маротаба Интернетга «қадам» қўяди. Ҳар ярим сонияда бир бола интернетга кириб, виртуал дунё имкониятларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, шу билан бирга, хавф-хатарларга ҳам дуч келади. Бунга тақиқланган веб-сайтларга кириш ва шахсий маълумотлардан нотўғри фойдаланиш каби ҳолатлар киради. Бу гапга ҳам етти йилдан ошди, шубҳасиз, бу рақамлар ҳам анча ўзгарган бўлса керак.
«Ҳукуматлар ва хусусий сектор онлайн-хавфларни бартараф этиш борасида муайян ютуқларга эришди, бироқ болаларнинг Интернетдаги хавфсизлигини самарали ҳимоя қилиш учун кўпроқ саъй-ҳаракат зарур», деган эди ЮНИСЕФнинг Маълумотлар ва тадқиқотлар бўйича директори Лоуренс Ченди.
Ўтган йили март ойида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси «Мактаб ёшидаги болаларнинг соғлиғига оид хулқ-атвори» номли тадқиқотни эълон қилган эди. Унда 44 мамлакат ва ҳудуддаги ўсмирлар ўртасида кузатиладиган зўравонлик ва буллинг (тазйиқ) турлари таҳлил қилинган.
2018 йилдан буён мактабдаги буллинг билан боғлиқ умумий тенденциялар барқарор қолган бўлса-да, кибербуллинг ошган. Бу ҳолат, ўз навбатида, ўсмирлар ўртасида рақамли коммуникациянинг ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, уларнинг ҳаётига жиддий салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Тадқиқот натижалари қуйидагича:
-
буллинг қилиш: мактабдаги ўсмирларнинг ўртача 6 фоизи тенгдошларига буллинг қилган, бу ҳолат қизларга қараганда (5 фоиз) ўғил болалар ўртасида (8 фоиз) кўпайган;
-
буллингга учраш: мактабдаги ўсмирларнинг тахминан 11 фоизи буллингга учраган, бу ҳолат ўғил болалар ва қизлар ўртасида деярли бир хил;
-
кибербуллинг қилиш: мактабдаги ўсмирларнинг ўртача 12 фоизи (ҳар саккиз нафардан бир нафари) бошқаларга кибербуллинг қилган. Кибербуллингни ўғил болалар (14 фоиз) қизларга қараганда (9 фоиз) кўпроқ содир этишади. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан: ўғил болалар ўртасида 11 фоиздан 14 фоизга, қизлар ўртасида эса 7 фоиздан 9 фоизга ўсган;
-
кибербуллингга учраш: мактабдаги ўсмирларнинг тахминан 15 фоизи (ҳар олти нафардан бир нафари) кибербуллинг қурбони бўлган. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан: ўғил болалар ўртасида 12 фоиздан 15 фоизга, қизлар ўртасида эса 13 фоиздан 16 фоизга ўсган;
-
дўппослаш: мактабдаги ҳар ўнинчи ўсмир муштлашган, бу ҳолат ўғил болалар ўртасида (14 фоиз) қизларга (6 фоиз) қараганда анча кўпроқ учрайди.
Умуман олганда, кибербуллинг – ортиб бораётган муаммога айланиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу рақамлар ўсмирларнинг медиа саводхонлиги ва хавфсизлигини ошириш учун ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ўртасида махсус тадбирларни ташкил қилиш, бу борада амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш заруриятини юзага чиқармоқда.
Рақамли дунё ўқиш ва мулоқот учун бебаҳо имкониятларни тақдим этади, бироқ у кибербуллинг каби муаммоларни ҳам кучайтиради. Бу ўсмирларнинг руҳий ва ҳиссий саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли стратегиялар ишлаб чиқишни тақазо этади.
Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги ёшлар Интернетда кунига камида 6 соат вақт ўтказади. Шунинг учун қўрқитиш ва зўравонлик даражасидаги ҳар қандай ўзгариш минглаб ўсмирларнинг саломатлиги ва ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу фақат соғлиқни сақлаш масаласи эмас, балки инсон ҳуқуқлари муаммоси ҳамдир. Демак, болаларни Интернет ва ҳаётда ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар керак.
Хорижий давлатлар тажрибаси қандай?
БМТ ҳисоботида келтирилишича, дунёнинг атиги 21 мамлакатида болаларни интернетдаги тақиблардан ҳимоя қилувчи қонунлар мавжуд. Кўплаб ривожланган давлатларда, жумладан, АҚШнинг қатор штатларида, Австралияда вояга етмаганларнинг Интернетдан фойдаланишини чеклаш, ота-она назоратини кучайтириш масалалари қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Европада болаларни Интернетдаги зарарли контентдан ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар кучайтирилмоқда. Кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун ёш тоифасини кучайтиришга рухсат бермоқда. Европа Комиссияси ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, ёшларнинг 57 фоизи экран қаршисида ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш ва ижтимоий тармоқлар «босими» билан боғлиқ ташвиш ёки депрессияни бошдан кечиради.
Қозоғистонда 2023 йили «Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мақсади блогерлар ва онлайн-макон фаолиятини тартибга солиш, Интернет фирибгарлиги, кибербуллинг ва ноқонуний рекламага қарши курашишдир.
Бизда ҳам нимадир чора кўрилиши керак
Кўпчиликнинг хабари бўлса керак, бугун «Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу билан ушбу соҳада қатор янгиланишлар назарда тутилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасининг мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун лойиҳасига биноан онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат органи белгиланиб, ушбу орган томонидан ахборотни ноқонуний контент сифатида белгилаш, онлайн-платформа ва веб-сайтлар мониторинги, ноқонуний контентни ўчириш, унинг жойлаштирилиши ва тарқатилишини тўхтатиш чоралари назарда тутилган. Бу орқали ёш тоифасини қайд этиш, аудиторияга мос контентни тарқатиш ва тарғиб қилиш, болаларни турли ёт ғоя ва мафкуралардан муҳофаза қилиш асослари қайд этилган.
Хусусан, қандай ахборотни ноқонуний контент деб баҳолаш учун асослар санаб ўтилган. Жумладан, фуқароларни, шу жумладан, вояга етмаганларни, уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёки бошқа шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид соладиган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқача тарзда жалб қилишга қаратилган маълумотлар ноқонуний контент сифатида белгиланиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш орқали Ҳукумат ва ваколатли орган томонидан амалга оширилиши лозим бўлган функция ва вазифалар аниқ белгиланган бўлиб, бунда ваколатли орган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ноқонуний контентни аниқлаш, тарқатувчиларга кўрсатма юбориш, риоя қилинмаган тақдирда, ҳуқуқ-тартибот ёки суд органларига тақдим этиш орқали вояга етмаган ёшларни турли тақиб ва бузғунчи материаллардан ҳимоялашни таъминлайди.
Қонун лойиҳасида онлайн-платформаларнинг функция ва мажбуриятлари ҳам кўрсатилган бўлиб, унда «болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш» таъкидланган.
Шунингдек, ушбу чораларни кўришда контентни модерация қилиш орқали онлайн-платформада болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган тизимларни ишлаб чиқиши шартлиги белгиланган.
Қонун лойиҳасида алоҳида белгиланган «Ёлғон ахборотни ўчириш» моддаси орқали ўсиб келаётган авлодни ёлғон маълумотлардан ҳимоя қилиш, уларни асоссиз хабарлар тузоғига илинмаслик чоралари кўзда тутилган.
Хулоса ўрнида
Юқорида халқаро ташкилотларнинг хавотири, хорижий давлатлар тажрибасини бежиз келтирмадик. Ҳатто айрим ривожланган давлатлар ҳам бугун фарзанд тарбияси, миллат келажаги билан боғлиқ масалада боши берк кўчага кириб қолган.
Масалан, Буюк Британиянинг «Internet Matters» нотижорат ташкилоти ўтказган сўровномага кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги ота-оналарнинг 78 фоизи фарзандлари Интернетда номақбул ёки зарарли контент таъсирига тушиб қолган деб ҳисоблайди ва 68 фоизи ижтимоий тармоқларда ёшни текширишнинг қатъий чораларини қўллаб-қувватлайди. Агар бизда ҳам шундай мазмундаги сўровнома ўтказилса, фоизлар бундан-да кўп бўлса бўладики, кам бўлмайди...
Демак, бу масала хоҳиш-истакка эмас, балки заруратга айланди. Ҳаммаси Интернет ёрдамида боғчада мультфильм кўришдан, мактабда таълим олишдан бошланади. Кейин биз хоҳламаган, биз истамаган «тармоқ»қа, «ҳаёт» ўтиб кетиши мумкин. Ҳамма нарсада имконият бўлгани каби қандайдир маънода тартибга солиш механизми ҳам бўлиши керак.
Умуман олганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Интернетда болалар ҳимояси таъминланишига хизмат қилса-да, ундаги нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши кенг жамоатчилик, керак бўлса, сизу бизнинг муносабатимизга боғлиқ.
Маъмуржон ПАРПИЕВ,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
бўлим бошлиғи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter