Инсон ва жамият тинчлиги давлат фаолиятининг асосий мақсадидир
Мазкур мақолада Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсий фанлар доктори Сайфиддин Жўраев ҳар қандай шароитда инсон озодлиги ва эркин фаолияти, жамият барқарорлиги ва давлат ривожи учун «давлат органлари ўз фаолиятини инсон ва жамиятнинг тинчлигини кўзлаб амалга ошириши» назарда тутиладиган қоида Конституцияга кириши зарурлиги ҳақида фикр юритади.
Ушбу муҳим фикрнинг аргументи сифатида, биринчидан, инсонларнинг ҳар қандай сиёсий уюшмаси, биринчи навбатда, шу жамоанинг (давлатнинг), унинг аъзоларининг эркин фаолиятини таъминлаб бериш учун тинч, осуда ҳаёт нормаларини яратиши, бунинг учун шарт-шароитларни амалга ошириши керак. Тинчлик бўлмаса, ислоҳот ҳам, яшашга имкон ҳам бўлмайди. Алоҳида шахс даражасида ҳам, жамият даражасида ҳам ҳеч нарсани амалга ошириб бўлмайди, ҳатто яшашнинг ҳам қадри қолмайди. Агар тинч ва осуда ҳаёт учун шароит таъминламаса, сиёсий тузилма ҳисобланмиш давлат ва унинг бошқаруви ваколатида бўлган жамият турли ички ва ташқи хавфлардан ҳимояланмаган бўлади. Давлат фуқароларининг эса эркин ишлаш ва тирикчилик қилиш, оиласи ва қариндошлари ҳақида қайғуриш каби инсоний фаолиятларининг қизиғи қолмайди. Истаган жойда меҳнат қилиш, таълим олиш ва энг асосийси, фуқаролар ва давлат органлари билан ўзаро мунособатларга киришишдан манфаатдорлик бўлмайди. Тинчлик таъминламаган жойда, сиз ва жамоангизни, яқинларингизни бошқа давлат ўз манфаати учун ҳимоялаш ва ўзига қарам қилиб олиш ҳаракатига тушади, ҳеч бўлмаганда ўз таъсир доирасига олади.
Иккинчидан, бунга йўл қўймаслик, жамият ҳимоясини таъминлаш учун давлат органлари ташкил этилади. Кўриниб турибдики, давлат органларининг асосий вазифаси жамиятнинг барқарор ривожланиши учун тинчликни таъминлаш, асосий шарт-шароитларни яратиш ва бошқаришдан иборатдир. Лекин бир нарсага эътибор бериш керакки, ҳар қандай давлат органларининг юқоридаги вазифаларни бажара олиши учун сайловлар орқали берган овозингизнинг ўзи етарли эмас. Давлат органларига жамият номидан ва жамият учун зарур сиёсий-ҳуқуқий ваколатлар берилиши керак.
Учинчидан, бугунги кунда мамлакатимизда бу соҳада ютуқлар ва тажрибалар бор ва улар доимий равишда ривожланиб бормоқда. Лекин ички ва ташқи сиёсатда вужудга келаётган ўзгаришларнинг натижалари ижобий ҳолатлар билан бир вақтда, ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқариши табиий ҳол. Шунингдек, ҳар бир амалга ошираётган фаолиятимиз ташқи дунё билан боғлиқлигини ҳам назарда тутишимиз керак. Ҳозирги кунда дунёда қарама-қаршиликлар юз бермоқда. Ҳарбий-сиёсий можаролар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Ён атрофимизда бўлаётган воқеалар, давлат органларининг тинч ҳаётни сақлаш масъулиятини ва самарадорлигини бир неча баробарга ошириш масаласини кун тартибига қўймоқда. Фикримизча, бу борада давлат органларининг тинчликни сақлаш учун ҳозирги кунда мавжуд ваколатлари ва вазифалари сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан етарли эмас. Шунинг учун «давлат органлари инсон ва жамиятда тинчликни таъминлаш учун ўз фаолиятини ташкил этиши зарур», деган қоидани Конституцияга киритиш объектив зарурият. Бу ҳолат ҳар бир давлат ташкилотининг масъулиятини ва ўзига бириктирилган вазифаларни бажаришига янгича замонавий ёндашув ва кенг имкониятларни очиб беради. Қолаверса, фуқароларнинг давлатга ва унинг ташкилотларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. Жамиятимизда тинчликни таъминлашнинг самарали янги механизмларини яратади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter