Иккита электромобил хатловга олинди
Сурхондарё вилоятида ўз вақтида тўланмаган солиқ тўловларини ундириш учун Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳлар қарздор жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулклари кўздан кечирилиб, хатловга олинмоқда.
Ангор туманида икки МЧЖ яхшигина даромад топаётган бўлса-да, солиқ тўловларини ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли, қарздор жамиятга тегишли бўлган бино-иншоотлар хатловга олинган. Шундан сўнг, пайсалга солинган жами 32 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик дарҳол тўлаб берилган.
Вилоят солиқ бошқармасининг қарори билан Ангор туманидаги ХБҚ фермер хўжалигидан 31 миллион 843 минг сўм, УША фермер хўжалигидан 25 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида қарздор фермер хўжаликларининг «Volkswagen» ҳамда «BYD» русумли электромашинаси борлиги аниқланган ва Бюронинг туман бўлими томонидан қидирув эълон қилиниб, тадбир давомида хатловга олинган. Фермер хўжалиги раҳбарлари солиқ қарздорлиги ўз вақтида бартараф этилмаса, ушбу автомашиналар аукцион савдолари орқали реализация қилиниши ҳақида огоҳлантирилган.
Таҳлилларга кўра, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси органлари иш юритувида бўлган жами 5229 та ижро ҳужжати бўйича 182 миллиард сўмга яқин солиқ қарздорликлари амалда ундирилиши таъминланган.
Бу борадаги тадбирлар вилоят бўйлаб давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter