Ичимлик рекламасидаги ахлоқсизлик бўйича расмий муносабат билдирилди
Ижтимоий тармоқларда яхна ичимлик рекламаси тадбирида ахлоқсизлик ва ҳаёсизлик хатти-ҳаракатлари намойиш этилган видеоролик кенг тарқалди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш ўтказиб, ўз муносабатини билдирди.
Қайд этилишича, «Mountain Dew» товар белгиси остида чиқарилган газланган ичимлиги сертификатлаштириш органи томонидан 2021 йил 8 июлда UZ.SMT.01.0033.66104488-сонли мувофиқлик сертификатига асосан газланган алкоголсиз ичимликлар таснифига киритилган ва энергетик ичимлик ҳисобланмайди. Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 37-моддасига асосан Энергетик ичимликларнинг рекламасига доир белгиланган чекловлар унга нисбатан татбиқ этилмайди.
Тарқалган видеороликда жорий йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган «Авто – Шоу» тадбири қатнашувчилар томонидан видеотасвирга олинган ва ижтимоий тармоқда жойлаштирилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан бундай ахлоқсизлик ва ҳаёсизлик хатти-ҳаракатлари намойиш этилганлиги ҳолати юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига сўров хати юборилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддасига асосан, безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этганлик учун ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддасига асосан майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ, ахлоқсиз (шахсларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига дахлдор бўлган ҳақоратли сўзлар, тасвирлар ҳамда ўхшатишлардан, ҳақорат қилувчи тасвирлардан фойдаланиш орқали инсонийлик ва ахлоқнинг умумқабул қилинган нормаларини бузувчи) реклама тақиқланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter