Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимнинг собиқ ўринбосари ўлими сабаби маълум қилинди

Ҳокимнинг собиқ ўринбосари ўлими сабаби маълум қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Фарғона шаҳридаги ўз уйида осилган ҳолатда топилгани хабар берилган эди. Ушбу ҳодиса юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан «Xabar.uz»га батафсил маълумот тақдим этилди.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидан 2019 йил 30 ноябрь куни соат 11:00 ларда келиб тушган хабарга кўра, Фарғона шаҳарида яшаган, 1984 йилда туғилган Э.Т. ўзининг яшаш хонадони ертўласида кабелдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осиб вафот этган.

Мазкур хабар асосида Фарғона шаҳар прокуратураси, шаҳар ИИБ  ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Э.Т. мурдаси суд тиббий эксперт иштирокида кўздан кечирилганда, унинг бўйин юқори соҳасида олдиндан орқага йўналган бир йўлли странгуляцион эгат мавжудлиги аниқланган. Бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган. 

Э.Т.нинг ўлими сабабини аниқлаш юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида унинг ўлимига «бўйин аъзоларининг ярим қаттиқ жисм билан сиқилиши натижасида юзага келган механик асфиксия» сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан ҳозирда терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Қўшимча маълум қилинишича, Э.Т. оилали бўлган, 3 нафар фарзанди бор. 2018 йил 20 августда Марғилон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича 1-ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2019 йил 2 апрелда ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг